Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
Вилоят ҳокимининг навбатдаги сайёр қабули Боёвут тумани Пахтакор маҳалласида бўлиб ўтди

Айни кунда туман имкониятларидан келиб чиқиб, Президентимиз ташаббуси билан амалиётга татбиқ этилган "Обод хонадон", "Обод кўча" ва "Обод маҳалла" мезонлари асосида Пахтакор маҳалласи инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш борасида кенг кўламли ишлар бошлаб юборилган.

Бугун вилоят ҳокими Акмалжон Махмудалиев иштирокида бу ерда сайёр қабул ўтказилди. Қабул давомида дастлаб маҳаллада амалга ошириладиган қурилиш-ободонлаштириш ишлари муҳокама қилинди, фаолларнинг фикрлари эшитилди.

Таъкидлаш ўринлики, икки мингдан зиёдроқ аҳоли истиқомат қилаётган Пахтакор маҳалласи тумандаги ижтимоий-иқтисодий аҳволи оғир аҳоли пунктлари тоифасига киритилган. Туман ишчи гуруҳи ўрганишлари давомида ҳудудда бир қатор муаммолар аниқланган ва уларинг ечими юзасидан "йўл харитаси" ишлаб чиқилган.

Жумладан, маҳаллага кириш йўлининг 1 километри асфальтланиши керак. "Гунафша", "Даҳа", "Ёғду" ва "Гулдаста" кўчаларига шағал ётқизиш талаб этилади. Электр таъминотида ҳам камчиликлар етарлича. 80 та эски симёғочларни темир бетон устунларга алмаштириш, мавжуд 3 та трансформаторни таъмирлаш ва 2 та янгисини ўрнатиш, шунингдек, 6 километрлик янги тармоқ тортиш зарур. Маҳаллага йўналтирилган тупроқ ўзанли ариқнинг 2,7 километрини бетонлаштириш талаб этилади. Бу эса аҳолининг оқар сув билан боғлиқ узоқ йиллик муаммосига ечим бўлади.

– Инфратузилма билан боғлиқ масалаларни ҳокимлик ва тегишли ташкилотлар бажаради, бунинг учун маблағ ҳам ажратамиз, - деди вилоят ҳокими. – Лекин фақатгина шу билан ҳудуд обод бўлиб қолмайди. Аксарият томорқалардан фойдаланилмаган, қаровсиз ҳолатда. Ваҳоланки, томорқа қишлоқ одамларининг асосий даромад манбаи. Маҳалла аҳли уйғониши зарур. Керак бўлса, ҳар бир оилага кириб, уларни яхши яшашга, бунинг учун ҳаракат қилиш, ердан бир неча марта ҳосил олиш, шу орқали даромад қилишга ўргатишимиз лозим.

Қабулда 4 та фуқаронинг тиббий ёрдам ва жарроҳлик амалиётлари билан боғлиқ мурожаати ижобий ечим топди. Шунингдек, томорқаларни суғориш учун қўшимча артезиан қазиш, мобил алоқа сифатини яхшилаш мақсадида антенна ўрнатиш, 2,8 километр масофага оптик толали алоқа тармоғи тортиш бўйича мутасаддилар олдига аниқ вазифалар қўйилди.

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш