Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
Вилоят ҳокими Янгиер шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш борасида олиб борилаётган ишлар билан танишди

Ўрганишлар давомида “Янги Ўзбекистон” массивида барпо этилаётган турар-жойларни топширилиши белгиланган муддатлардан кечикаётгани танқид қилинди. Ҳудуддаги ижтимоий соҳа объектларини қуришда салоҳиятли лойиҳачи ва пудратчи ташкилотларни танлаш мақсадга мувофиқлиги айтилди.

"Бинокор" маҳалласини "Обод хонадон", "Обод кўча" ва "Обод маҳалла" мезонлари асосида оғир ҳудуд тоифасидан чиқариш борасида қилинаётган ишлар, "Маҳалла еттилиги" ва шаҳар мутасаддилари олдида турган вазифалар муҳокама этилди. Бунда томорқалардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва янги тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш биринчи галдаги устувор вазифалардан бири эканлиги уқтирилди.

Акмалжон Махмудалиев, шунингдек, Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиали талабалари билан ҳам учрашув ўтказди. Унда мамлакатимизда Президентимиз эътибори билан таълим-тарбия, спорт, санъат, илм-фан, ижод, хуллас, барча жабҳаларда талаба-ёшлар тақдири йўлида амалга оширилаётган ишлар, давом этаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида сўз борди. Талабалар ўртасида содир этилаётган жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар оқибатлари хусусида фикр алмашилди.

Вилоят ҳокими талабаларни хорижий тиллар ва янги технологияларни чуқур ўрганиш, касб-ҳунарли бўлишга чорлади. Шунинг билан бирга, уларнинг илмий ишланмаларини амалиётга татбиқ этиш учун илм-фан ва ишлаб чиқаришни ўзаро интеграция қилиш зарурлигини таъкидлади. Самимий ва дўстона руҳда кечган учрашувда ёшларнинг таклиф ва ташаббуслари ҳам эшитилди.

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш