Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
Ёшлар “армия”га борди

Ватанпарварлик ойлиги доирасида Сирдарё туманидаги ҳарбий қисмда 50 нафар алоҳида эътибордаги ёш 5 кунлик ўқув-йиғин машғулотларига жалб этилди.

Эгнига ҳарбий кийим кийган бу ёшлар учун ҳарбий, маънавий ва маърифий, психологик дарслар ҳамда турли хил тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Ҳар тонг ёшларни чиниқтиришдан бошланиб, эрталабки бадан тарбия машқлари, спорт мусобақалари  уларни бирдамликка чорлади.

Қурол ва аслаҳалар кўргазмаси намойиш этилиб, Миллий гвардия ходимлари томонидан хизмат фаолияти ҳамда хизматда фойдаланилаётган зарурий жиҳозлар ҳақида тушунчалар берилди. Фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракатланиш ҳамда маънавий ва ҳуқуқий, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган суҳбатлар ташкил этилди.

Туман ҳокими Ботиржон Мирзақулов, сектор раҳбарлари ҳамда ёшлар иштирокида “Гулхан атрофидаги ёшлар” лойиҳаси доирасидаги маданий тадбирда ёшлар билан биргаликда аскар қўшиқлари жонли ижро этилди.  

– Ҳарбий хизматни бунақа тасаввур қилмаган эдим. Мен энди бир йиллик ҳарбий хизматга бормоқчиман, – дейди ўқув-йиғинда иштирок этаётган Диёрбек Аъзамов.

Ўқув-йиғин машғулотлари давомида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академиясига саёҳат ташкил этилди. У ерда  ёшлар ҳарбий хизматчилар ва курсантлар билан бевосита мулоқотга киришиб, академияда яратилган шарт-шароитлар, ўқув синфлари ва ҳарбий техникалар билан яқиндан танишди.

Ўқув-йиғин машғулотлари самарасида 22 нафар ёш муддатли ҳарбий хизматга бориш, 6 нафари ишга жойлашиш, 5 нафари касб-ҳунар эгаллаш истагини билдирди.  

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш