Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
Акмалжон Махмудалиев: “Келинглар, фарзандларимиз камоли йўлида бирлашайлик!”
Шу йилнинг 20 январь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев мактабларда хорижий тиллар ва касб ўргатиш тизимини ривожлантириш масалаларига бағишланган кенгайтирилган йиғилишда мамлакатимизда 11 йил таълим муассасасида ўқиган бола чет тилини мукаммал билмаслиги, шароит ва мутахассисларнинг йўқлиги сабабли ёшларни касбларга қизиқтириш ҳаминқадарлиги ҳақида куйиниб гапирган эдилар. Хулоса эса қатъий бўлганди: мактаб битирувчиларининг 50 фоизи меҳнат бозорига ҳеч қандай касбга эга бўлмасдан кириб келаётгани афсус билан очиқланганди. «Мактабдан касб ва тилни билиб чиққан бола жамиятимизнинг катта ютуғи, билмагани муаммо», деганди ўша йиғилишда Шавкат Мирзиёев.

Бу катта муаммони ечиш учун бутун жамият – раҳбарлар, устозлар, ота-оналар, тадбиркорлар, кенг жамоатчилик қўлни қўлга бериб ҳаракатга тушди. Гулистон шаҳридаги 16-умумий ўрта таълим мактабида 4 та сектор раҳбарлари иштирокида хорижий тиллар ва касб ўргатиш масалаларига бағишланган Сирдарё вилояти ота-оналарининг йиғилиши бўлиб ўтди. Видеоселектор форматида ўтган машварат шаҳар ва туманлардаги 44 та кичик студияларга боғланди.

Анжуман аввалида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Акмалжон Махмудалиев мактабда ташкил этилган касб-ҳунарга тайёрлаш маркази хоналарини кўздан кечирди. Президентимизнинг топшириқларига биноан ҳар бир туман ва шаҳарлардаги 3 тадан умумтаълим мактабларида ана шундай марказлар барпо этиш кўзда тутилган. 16-умумий ўрта таълим мактабида ташкил этилган касб-ҳунарга тайёрлаш маркази учун 5 та хона ажратилибди. Унда юқори синф ўқувчиларига 16 та касб бўйича дастлабки кўникмалар бериларкан.

Катта залга бўйлашимиз билан ишчи коржомалари кийган ўғил болаларнинг турли темир ва ёғочларга ишлов бераётгани устидан чиқдик. Технология ўқитувчиси Бобур Маъмировнинг шаҳодат беришича, ушбу хонада ўғил болалар чилангарлик, дурадгорлик, пайвандчилик ва сантехниклик касбларини ўзлаштиришга киришибди.

Бошқа бир хонада эса қизлар пазандалик сирларини ўрганишмоқда. Улар аллақачон турли ширинликлар ва пишириқлар тайёрлашнинг ҳадисини олишибди. Технология муаллимаси Зиёда Саримсоқованинг гапларига қараганда мактабнинг пазанда қизлари билан тадбиркор Барчиной Усмонова шартнома имзолашга келишиб олишибди. Тадбиркор аёл қизларга масаллиқни етказиб бераркан. Қизлар эса тадбиркор ихтиёридаги “Севинч” МТТга пишириқлар тайёрлашни зиммасига оларкан. Боз устига, тайёрлаган маҳсулотларига яраша маош ҳам бераркан.

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Акмалжон Махмудалиев Сирдарё вилояти ота-оналар йиғилишини очаркан, анжуманни эркин мулоқот тарзда ўтказишни таклиф қилди. Нотиқ кириш сўзида фарзанд тарбиясида ота-онанинг роли беқиёс эканлигини алоҳида таъкидлади. Афсус-надоматлар бўлсинки, жамиятимизда бутун масъулиятни ўқитувчиларга юклаб қўйган ота-оналар анчагина топилади. Ваҳоланки, тарбия оиладан бошланади. Бас, шундай экан, фарзандларимизга меҳр берайлик. Ана шунда фарзандларимиз камолини кўриб қувонамиз.

- Иқтидорсиз боланинг ўзи бўлмайди, - дея сўзини давом эттирди нотиқ. – Бироқ улардаги қизиқиш ва салоҳиятни вақтида пайқаб, керакли йўналиш берсаккина мақсадга эришамиз. Давлатимиз раҳбари мактабни битираётган ўғил-қизлар 2 та тил ва битта ҳунарни пухта ўрганишларига шароит яратишимизни уқтирдилар. Мактаблар қошида очиладиган касб-ҳунарга ўргатиш марказларини рисоладагидек жиҳозланишига Бандликка кўмаклашиш марказлари яқиндан ёрдам беради. Ҳозир биз кекса педагоглар, фахрийлар, ота-оналарни жалб этиб Жамоатчилик кенгаши тузаяпмиз. Ушбу тузилма бутун вилоятимиз мактабларини айланиб чиқади. Керакли маслаҳатлар беради.

Йиғилиш пировардида Акмалжон Махмудалиев қатнашчиларга қарата: “Келинглар, фарзандларимиз камоли йўлида бирлашайлик!” дея мурожаат қилди.

Сўнгра очиқ фикр олишув бошланди.

- Мен 16-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Фарангиз Эргашеванинг онасиман, - дея сўз бошлади залдан туриб фикр билдирган она. – Таклифим, тадбиркорлар ишлаб чиқаришни мактабларга ҳам киритсалар. Фарзандларимизнинг ўзлари танлаган касб-корни чуқурроқ ўзлаштиришларига замин яратиларди.

Бу таклиф Акмалжон Махмудалиевга маъқул келди. Вилоятда ташкил топган енгил саноат кластерларида дарсдан кейин юқори синф ўқувчиларининг ишлашларига шарт-шароитлар яратиб берилишини очиқлади. “Ҳам ўқиб, ҳам даромад топсин”, деди.

Тадбиркорлар Барчиной Усмонова ва Гулчеҳра Жонжигитовалар мактаблар билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини билдирдилар.

- Янгиерда мебель цехини ишга туширмоқчимиз. Бу ҳақда шаҳар ҳокими билан келишиб олдик. Ўзимиз ўқитамиз, ўзимиз ўргатамиз, ҳатто ўзимиз маош берамиз, - деди ГЖонжигитова.

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи “тадбиркор-мактаб” ҳамкорлигини қатъий йўлга қўйиш даркорлигини, жойларда фойдаланилмай ётган бирорта бўш бино қолмаслигини алоҳида урғулади.

Янгиер шаҳридан мулоқотга қўшилган 2 нафар мактаб ўқувчиси - бири енгил машиналар ўриндиқларига ғилофлар тикиб, иккинчси қандолат маҳсулотлари тайёрлаб ҳалитдан ишлаб даромад топаётганларини йиғилиш қатнашчиларига сўзлаб бердилар. Тайёрлаган маҳсулотларини кўз-кўз қилдилар. Акмалжон Махмудалиев шаҳар ҳокимига бу ёшларнинг тажрибасини оммалаштиришни, керак бўлса, кредит ва субсидиялар ажратишни юклади. “Янгиер шаҳрига ташриф буюрсам, албатта, сиз, икки ёшнинг уйингизга бориб, хайрли ишларингиз билан танишман!” дея ваъда берди.

Сирдарё вилояти ота-оналар йиғилишида Акмалжон Махмудалиев илм ва спорт йўналишида катта ютуқларга эришган бир гуруҳ ёшлар ва уларнинг ота-оналарига вилоят ҳокимлигининг “Ташаккурнома”лари ва қимматбаҳо эсдалик совғаларини тантанали равишда топширди.

Анжуман 16-умумий ўрта таълим мактабида ташкил этилган касб-ҳунарга ўргатиш марказининг кўргазмали тақдимоти билан адоғига етди.

Йиғилишда Президентимизнинг “Ҳозир тадбиркорлар, ишлаб чиқарувчиларни шу масала қийнаяпти: бўш иш жойи кўп, ойлиги ҳам яхши, лекин уқуви ва кўникмаси бор ишчи йўқ. Агар бу тизим тўғри ташкил қилинса, биздаги демографик ўсиш билан катта натижаларга эришса бўлади”, деган сўзлари бот-бот такрорланди. Шу боис, бу жиддий муаммони ечишга бутун жамият сафарбар этилмоқда. Зеро, бу энг тўғри ва мақбул йўлдир.

Муҳаммадали АҲМАД ("Янги Сирдарё" газетаси). 

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш