Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
Мирзаободда юқори технологик операциялар йўлга қўйилди
Пойтахт ва вилоят марказий тиббиёт муассасаларида бўлгани каби ихтисослаштирилган, юқори технологик жарроҳлик амалиётлари эндиликда чекка ва олис ҳудудларда ҳам ўтказилмоқда. Бу эса ушбу турдаги хизматларга муҳтож, аммо вилоят марказига боришга имкони йўқ, ижтимоий ҳимоя умидида турган беморлар учун кўмакдир.  

Мирзаобод туманида ишга туширилган туман тиббиёт бирлашмасининг 20 ўринли хирургия, 6 ўринли анестезиология-реаниматология ҳамда 6 ўринли интенсив терапия бўлими, ушбу хизмат турига муҳтож фуқаролар ва уларнинг яқинлари учун кутилмаган туҳфа бўлди.

— Олдинлари туман аҳолиси ихтисослаштирилган хизмат тури, жарроҳлик амалиёти учун вилоят маркази, Гулистон шаҳридаги вилоят даволаш муассасаларига борган бўлса, эндиликда бунга ҳожат қолмади, - дейди туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори  Ўктам Омонбоев. —  Энг муҳими, беморлар саломатлиги билан боғлиқ текширувлар, бажарилаётган жарроҳлик амалиётлари бепул, харажатлар Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан кафолатланган пакет доирасида қоплаб берилмоқда.

Мазкур ишни ташкил этиш учун давлат бюджетидан 4 миллиард 112 миллион 196 минг сўм миқдорида пул маблағи йўналтирилди.

— Янгидан иш бошлаган хирургия, анестезиология-реаниматология ҳамда интенсив терапия бўлимида 12 нафар фуқаро даво муолажаларини олган бўлса, 8 фуқаронинг икки нафарида юқори технологик, олти нафарида кичик турдаги жарроҳлик амалиётлари ўтказилди, - дейди туман тиббиёт бирлашмасининг хирургия бўлими бошлиғи Зокир Расулов. — Айни вақтда беморлар саломатлиги яхши. Барча даво муолажалари белгиланган стандартлар асосида ўтказилди. Бундан нафақат беморлар, уларнинг яқинлари ҳам хурсанд бўлди.

— Танадаги безовталик, қориндаги оғриқ сабаб Гулистонга эмас, ўзимизда иш бошлаган хирургия бўлимига мурожаат этгандим, - дейди Мирзаобод тумани “Навбаҳор” маҳалласида яшовчи Соҳиба Усмонова. — Шифокорлар текшириб, қорин олди чурраси билан боғлиқ муаммо борлигини айтди. Олдинига бироз қўрқдим. Чунки, бунинг давоси жарроҳлик амалиёти дейишган. Амалиёт муваффақиятли ўтди. Ҳозир анча яхшиман.  

Мазкур бўлимда 50 нафар олий ва ўрта тиббиёт ходимлари фаолият олиб бормоқда. Хоналар ёруғ ва шинам. Беморлар даволаниши, тиббий текширувлардан ўтиши учун зарур тиббий жиҳозлар бор.

Туман тиббиёт бирлашмаси хирургия бўлими шифокорлари вилоят миқёсида бажарилаётган мураккаб, юқори технологик операцияларни туманда ҳам йўлга қўймоқчи.  

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш