Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
Сирдарёнинг шонли 60 йиллиги
Атоқли давлат ва жамоат арбоби, академик Оқил Умурзоқович Салимов Мирзачўлни ўзлаштириш тарихини татқиқ этган тарих фанлари номзоди, доцент Собир Шералиевич Қурбонов билан биргаликда, Ўзбекистонга чорак аср раҳбар бўлган, атоқли давлат ва жамоат арбоби, таниқли ёзувчи ва забардаст шоир, оташин публицист Шароф Рашидович Рашидовнинг ташаббуси билан 60 йил аввал – 1963 йил 16-февральда ташкил этилган Сирдарё вилоятини эслаб, яқинда ёзган мақолаларида, Ўзбекистон Халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповнинг қуйидаги сўзларини эсга олишди: 

 “Эҳе, Сирдарё бўйларида нималарни кўрмадик. Шундай замонлар бўлдики, пахта далаларига сепилган кимёвий дориларнинг ҳидларига чидай олмасдан машина ойналарини зич қилиб бекитиб олардик. Барибир, бир неча кун кўнгил айниб, бошимиз оғриб юрарди. Шундай шароитда кечани кеча, кундузни кундуз демай дала-даштда умргузаронлик қилган, ер очган, тер тўкиб пахта етиштирган боболаримиз, момоларимизнинг қиёфалари кўз ўнгимиздан ўтади. Кейин аниқ-тиниқ маълум бўлдики, улар ўша замоннинг қароллари, батраклари бўлган эканлар. Мутеликнинг, чорасизликнинг аламларини, албатта, бошидан  кечирганлар яхшироқ билишади. Не-не истеъдодли мутахассислар, моҳир ташкилотчиларнинг билимлари, тажрибалари шағалга аралашган қимматбаҳо  тошдек гоҳо кўзга  ташланди, гоҳо ташланмади. Ҳозир бу жойлар обод, йўллари тоза ва равон. Энг муҳими, одамларнинг руҳида мустақиллик шукуҳи бор. Ўтганларнинг номларини ёд этиш эса бисёр савобдир. Айниқса, эл-юрт ишига, эзгуликка ҳисса қўшганларни хотирлаш ғоят ибратли фарздир. Ахир ҳар қандай одам ҳам ўзини келажакда кимдир эслашини орзу қилиб юради-ку!”…

Мақолада шундай сўзлар бор:
“Ажойиб халқимиз Президентимиз раҳбарлигида Янги Ўзбекистонни қурмоқда ва III Ренессанс асосларини яратмоқда. Шуларни ўйлар эканмиз, кўз олдимиздан бу кунларга етганлар ва етмаганлар бирма-бир ўтади…

Чўлқуварларнинг  қаҳрамонона ишлари натижасида янги ўзлаштирилган ерларда аҳолиси ўша вақтда 1 миллиондан ортиқ бўлган иккита – Сирдарё ва Жиззах вилоятлари, 17 та маъмурий туман  тузилди. 300 мингтага яқин иш ўринлари  яратилди. Ташкил этилган агросаноат мажмуалари ҳар йили 800 минг тоннадан ортиқ пахта хом ашёси, 600 минг тонна  дон, шу жумладан шоли, 160 минг тонна сабзавот, полиз, бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотларини  етказиб берар эдилар.

Чўлларни ўзлаштириш янги ҳудудларда  шаҳар ва қўрғончалар, саноат, қурилиш, йўллар, қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари, ижтимоий соҳа  ва маданиятнинг жадал ривожланишига  олиб келди. Юз минглаб кишилар учун меҳнат ва чиниқиш, маънавий юксалиш, биродарлик, жамоавийлик, байналминалчилик ва ватанпарварлик мактаби бўлди.

Мустақиллик даврида, айниқса кейинги 5-6 йил ичида халқимизнинг ақл-идроки ва қаҳрамонларча меҳнати  билан гулистонга айлантирилган  Мирзачўлда ҳаёт сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилди. Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг раҳбарлигида  олиб борилаётган  туб ислоҳотлар  натижасида Сирдарё вилояти саноатлашган, обод ва кўркам ўлкага айланмоқда.

Сирдарёликларнинг барчасига сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, Президентимиз бошчилигида ва у киши билан биргаликда Янги Ўзбекистонни қуриш бўйича олиб бораётган фаолиятларида улкан зафарлар тилаймиз!”…

Маълумки бизнинг амакимиз, машҳур чўлқувар Абдулҳай ака Тоиров 1946-1952 йилларда Мирзачўл (ҳозир Гулистон) туманига раҳбарлик қилган. Кейинчалик, у киши Бухоро, Наманган вилоятларига раҳбар, “Мирзачўлқурилиш” Бош бошқармаси бошлиғи А.А.Саркисовга ўринбосар, 1988 йилда вафот этгунича – 25 йил давомида “Ўртаосиёирсовхозқурилиш” Бош бошқармаси Қишлоқ хўжалик бошқармасининг бошлиғи бўлиб, фаолият кўрсатганлар, ўша вақтнинг юксак мукофотлари билан тақдирланганлар. Абдулҳай ака “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган агроном” фахрий унвонига сазовор бўлганлар… Абдулҳай ака Мирзачўлда ишлаган пайтларини эслаб, бир кун шундай ҳикоя қилган эдилар: “1947 йилда Шароф Рашидович “Қизил Ўзбекистон”газетасига Бош муҳаррир этиб тайинландилар. Мен у вақтда Мирзачўл туманида раҳбар эдим. Ўша йили бошланғич ташкилотларда ҳисобот йиғилишлари ўтмоқда эди. Бир кун, ёмғир ёғиб турибди, олдимга Шароф Рашидович келиб қолдилар. Марказий Комитет топшириғи билан, бир хўжаликда мажлисда қатнашишлари керак экан. Мен: “Шароф Рашидович! Хўжалик узоқда жойлашган. Ҳавони кўриб турибсиз. Йўллар ёмон аҳволда, ҳаммаёқ балчиқ, сирпанчиқ. Бизнинг “Виллис” йўлда лойга ботиб қолиши мумкин. Келинг яқиндаги хўжаликлардан бирига борайлик”, -дедим. Шароф Рашидович: “Мен Марказий Комитет белгилаган ташкилотга боришим керак”, – деб, рози бўлмадилар. Шунда МТСга қўнғироқ қилиб, бир трактор чақирдим ва тракторчи билан учаламиз белгиланган хўжаликка бориб қайтдик. Шароф Рашидович ҳурсанд бўлиб кетдилар”.

“Ўзбекистон овози” газетаси 100 йиллиги нишонланиши арафасида, бир мақола ёзмоқчи бўлиб, ўша воқеа газетада бирор из қолдирдимикан, деб, “Қизил Ўзбекистон” газетаси жамламаларини варақлаб чиқдим. Лекин ҳеч нарса топаолмадим. Бирданига қўлимга газетанинг 1947 йил 15 декабрдаги сонида Абдулҳай аканинг “Мирзачўлни пахта конига айлантирамиз!” сарлавҳали мақоласи чиқиб қолди. Газетанинг бошқа сонида эса, ўша пайтда Қорасув туманидаги Максим Горький номли жамоа хўжалигида раис бўлган бизнинг отамиз Абдулҳақ Тоиров ҳақида мақола бор экан. Буларни кўриб ҳурсанд бўлиб кетдим…

Айтишларича, пахта мавсуми даврида Ш.Р. Рашидов Сирдарёга ташриф буюрганларида, албатта йиғилиш ўтказар эканлар. У пайтлар ҳар бир туманга раҳбарлардан “уполномоченний” вакил бириктириш амалиёти бўлган. Шундай йиғилишларнинг бирида Шароф Рашидович вилоят раҳбаридан, ким қайси туманга бириктирилганлигини сўрайдилар. Вилоят раҳбари баъзи вазирлар, вазир ўринбосарлари, вилоят партия қўмитаси котиблари ва бошқаларнинг рўйхатини ўқийди ва шунда “Ворошилов туманига Абдулҳай ака Тоиров бириктирилган. Бугун вилоятга фалончи замминистр келди. У кишини ҳам шу туманга бириктирамиз”, – дейди. Шароф Рашидович: “Абдулҳай ака бор туманга бошқа вакилни нима кераги бор. Замминистрни бошқа туманга бириктиринг”, – деган эканлар. Шу туманнинг ўша пайтда раҳбари бўлган Тамара Муҳсимова кўп йиллар Абдулҳай акадан миннатдор бўлиб юрдилар. Бу бежиз эмас. Зеро, Давлат мукофоти лауреати бўлган, раҳматли  Тўхтамиш Боймиров, айтишича, Ўзбекистон раҳбари Шароф Рашидович Абдулҳай акани доим “пахтачилик халқ академиги” деб сийлар ва бу борадаги маслаҳатларини ниҳоятда қадрлар экан…

Шуларни ўйлар эканмиз, вилоятнинг ижтимоий – иқтисодий ривожланишига улкан ҳисса қўшган Носир Маҳмудов, Егемқул Тасанбоев, Иномжон Усмонхўжаев, Виктор Хайдуров, Қудрат Аҳмедов, Ботир Маҳмудов,  Ўктам Исмоилов, Шавкат Йўлдошев, Абдулҳай Тоиров, ота ва ўғил Кретовлар, Баҳтиёр Хусанбоев, Муҳитдин Каримов, Кенебек Укубоев, Худоёр Латипов, Саттор Усмонов, Турсун Умаров, Эҳсон Низомов, Ўтбосар Абдиев, Маҳмуд Абдурайимов, Зелимхон Ҳайдаров, Изидор Кочмарик, Азиз Тўраев, Акмал Пўлат, Нуъмон Насимов, Шароф Убайдуллаев, Шавкат Миралимов, Собиржон Усмонов, Турсунбой Тўйчиев, Қўзибоқар Синдоров, Ҳаким Жалилов, Эргаш Холматов, Зокир Санақулов, Мамажон Дадажонов,  Инобат Охунова, Собиржон Сиддиқов,  Мурод Ўролов, Эгамберди Ботиров,  Неъмат Эрназаров, Неъмат Исроилов, Қувондиқ Абдураззоқов, Тўлан Дадажонов,  Спатай Минтаев,  Бегим Сериков,  Махсуда Фозилова,  Ғанишер Юнусов, Лола Эрбўтаева, каби бугунги кунда ҳаёт ва ўтиб кетган кўплаб  фидоийлар эсимизга тушади…

Сўнгги йилларда ҳудудларга тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини жалб қилиш, мамлакатимиз иқтисодиётининг очиқлигини таъминлаш ва қулай инвестиция муҳитини яратиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси Сирдарё вилоятида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Бунда хорижий давлатларнинг бизнес ҳамжамияти ва халқаро ташкилотларнинг ҳудудларда инвестиция лойиҳаларини рўёбга чиқариш учун мавжуд салоҳият ва имкониятлар билан таништиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар муҳим омил бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуси билан бевосита инвестиция масалалари билан шуғулланувчи тизим яратилгани туфайли, ҳудудларда инвестициявий муҳит тубдан ўзгариб бораётир. Шу муҳим омил туфайли, вилоятда ўз бизнесини йўлга қўйиш истагида бўлган хорижий ва маҳаллий тадбиркорлар тобора кўпаймоқда. Жумладан, Хитой, Россия, Италия, Жанубий Корея, Беларусь, Қозоғистон, Афғонистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Ҳиндистон, Эрон ва бошқа давлатларнинг компаниялари вакиллари билан юртимизга ташрифлари чоғида турли соҳаларга инвестиция киритиш бўйича келишувларга эришилган. Ўз вақтида вилоят делегацияси Хитой, Италия, Ҳиндистон ва Беларусда бўлди ва кўплаб лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишув битимларини имзолашди. Бугунги кунда Сирдарё вилоятида хорижий ҳамкорлар иштирокидаги кўплаб корхоналар ишлаётир.

Вилоятда инвесторлар учун жозибадорлигини оширувчи устувор йўналишларнинг тўртта асосий омиллари мавжуд. Булардан бири қишлоқ хўжалигида инновацион ёндашувларни ишга солиш — пахтачилик кластери, замонавий гидропоника иссиқхоналари, интенсив боғлар, логистика марказларини қуриш, шунингдек, чорвачилик, балиқчилик ва паррандачилик кластерларини ташкил қилиш бўлса, иккинчиси, саноат соҳаси, шу жумладан, енгил саноат, ипакчилик, озиқ-овқат, фармацевтика, кимё саноати ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантаришдан иборатдир. Туризм, яъни янги меҳмонхоналар, кўнгилочар марказлар ва бошқа сайёҳлик инфратузилмаларини ривожлантириш, технопарклар ҳамда хорижнинг етакчи олий ўқув юртлари филиалларини ташкил қилиш, хусусий тиббиёт, ахборот-коммуникация технологиялари ҳам ана шу йўналишлар сирасига киради.

Бугунги эришилаётган барча муваффақиятлар Мустақиллик, Президентимиз олиб бораётган доно ички ва ташқи сиёсат натижасидир. Шу билан бирга бу муваффақиятларнинг тамал тошини Сирдарёда фидоийларча меҳнат қилиб ўтган ота-боболаримиз қўйганларини биз ҳеч қачон унутмаймиз…

Биз доим Сирдарё вилоятидаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш масалалари қандай амалга оширилаётганлиги билан қизиқамиз, ОАВ тегишли маълумотлари билан танишиб борамиз…

Маълумки, тадбиркорлар мамлакатимиз иқтисодиёти ва амалга оширилаётган ислоҳотларнинг таянчига айланди. Буни жойларда яратилаётган янги иш ўринларининг аксарияти хусусий сектор ҳиссасига тўғри келаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин.

Яқинда Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Акмалжон Маҳмудалиев иштирокида ўтказилган сайёр қабулда ҳам тадбиркор ва экспортёрларнинг мавжуд муаммоларини ўрганиш, уларни ҳал этиш, таклифларини таҳлил қилишга алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбирда сектор раҳбарлари, мутасаддилар, хусусан, мазкур соҳага бевосита алоқадор ташкилот ва идоралар раҳбарлари иштирок этди. Қабул аввалида вилоят раҳбари юртимизда  Президентимиз ташаббуси билан кейинги 3-4 йилда тадбиркор учун кредит ва субсидия олиш, лицензия, кўчмас мулк ва ресурсларга эга бўлиш, экспорт каби масалаларда кўплаб янги имконият ва шароитлар яратилгани, ортиқча текширишлар, нақд пул, валюта ва хомашё бўйича мавжуд чекловлар, тўсиқ ва ғовларнинг аксарияти олиб ташланганини  қайд этди.

– Изланиб, янгиликка интилиб яшайдиган тадбиркорларни доимо қўллаб-қувватлашга тайёрмиз. Бугун илк бор сизлар билан юзма-юз учрашиб, бизнес соҳасидаги муаммо ва масалалар ҳақида батафсил гаплашиб олишга қарор қилдик. Ва бу бошланиши. Энди мазкур мулоқотни анъанага айлантириб, тизимли равишда, ҳафтада бир кун тадбиркорларни шахсан ўзим қабул қиламан, – деди Акмалжон Маҳмудалиев. – Вилоятдаги ҳар бир раҳбар тадбиркорлардан келиб тушган мурожаатларни қонунда белгиланган тартибда тезкор ҳал этиши зарур ва шарт. Бу борада сусткашликка йўл қўйганларга нисбатан талаб ва чоралар жуда қаттиқ бўлади.

Сирдарёдан келаётган шундай хабарлар билан танишар эканмиз: “Вилоят ишончли қўлларда. Бундай раҳбарлар, албатта, Президентимиз, Ватанимиз, халқимиз ишончини шараф билан оқлайди!”, – деймиз. Сирдарё вилояти, ўтганларни қадрлайдиган, ҳар бир инсон дардига малҳам бўладиган заҳматкаш меҳнаткашлари, ёш-у қари 60 йиллик муборак санани ёруғ юз билан кутиб олиш тараддудида яшамоқда. 60 йиллик қутлуғ бўлсин!

Носир Тоиров
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш