Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
Ғалла-нон-ризқ-рўзимиз. Уни ўриб-йиғиб олиш ишлари Сардоба ва Оқолтинда жадал суратларда кетяпти
Дастурхонимизни тўкин, қорнимизни тўқ қиладиган нон машаққатли меҳнатлар эвазига етиштирилади. Бунинг учун ғаллакор бир зум бўлсада тиним билмайди. Кечани кеча, кундузни кундуз демай ерни шудгорлайди. Дон экишга ерни тайёрлайди. Сўнгра қиммат нархга уруғ, ёқилғи сотиб олиб донни экади. Дон униб чиққач суғоради, минерал ва маҳаллий ўғитлар билан озиқлантиради. Турли ҳашаротлар ва касалликларга қарши агротехник тадбирларни амалга оширади. Минг машаққат билан ўрим-йиғим ишларини бошлайди!

Хуллас донни нон бўлганга қадар, дон етиштирувчи ғаллакорни, уни қайта ишлаб, тайёр маҳсулотга айлантирувчи ишлаб чиқарувчини ўзига ярашаҳ меҳнати, машаққати бор.

Сўнги пайтларда турли сабабларга кўра, Жаҳон бозорида озиқ-овқат маҳсулотлари таннархи кун сайин ўсмоқда. Талаб ҳам шунга яраша юқори. Доннинг нархинику айтмайлик, у 30 фоизга ошди. Бугун далаларга кеч кузда экилган буғдой ҳам пишди. Уни ўриб-йиғиб олиш, дон заҳираларини бунёд этиш долзарб паллага кирди.

Сирдарё вилоятининг Сардоба туманидаги "Сардоба дон замин", Оқолтин туманидаги "Бобур қишлоқ хўжалиги" кластери дала майдонларида ўрим-йиғим ишларини ўз вақтида ва сифатли ташкил этиш, ғалла ўриш комбайнларидан самарали фойдаланиш, ғаллани нес-нобуд қилмасдан йиғиштириб олиш мақсадида ғалла етиштирувчи фермер, кластер ходимлари учун ўтказилган семинарда туман ҳокимлари, сетор раҳбарлари, шу соҳага дахлдор бўлган қишлоқ хўжалик соҳасининг етакчи мутахассислари томонидан бу масалалар эътироф этилди.

Сардобада бу йил 12 минг 699 гектар ерда бошоқли дон етиштирилди. Ундан 32 минг 694 тоннадан ортиқ, Оқолтинда эса 13 минг 500 гектар, ундан ўртача 25-26 центнердан, яъни 33 минг 700 тоннадан зиёдроқ бошоқли дон йиғиштириб олиш кутиляпти.

Бу ишларни бориши, пишиб етилган ғаллани ўриб-йиғиб олиш учун Сардобада 24 та отряд, 48 та комбайн, Оқолтинда 16 та отряд, 35 та комбайн жалб этилган.

Айни вақтда ғалла ўрим-йиғим ишлари авжида. Ғалла ҳосилдорлиги ҳам ёмон эмас. Бу, ўз вақтида ўтказилган агротехник чора-тадбирлар натижаси. Ҳосилдорлик, ундан олинадиган даромад ҳам ёмон бўлмайди.

- Биласизми, ғаллакорга ҳам осон эмас, - дейди Сардобалик фермер, "Лалмикор диёр" фермер хўжалиги раҳбари Жўрабек Маматқулов. - Фермер ерга донни қадагач, умид билан ерга, кўкка боқади. Ҳар қандай шароит бўлмасин, қишни қиш, баҳорни баҳор демай, об-ҳаво инжиқликларига чап бериб, тиним билмайди. Елиб-югуради, меҳнат қилади. Эртанги ҳосил, кутилаётган даромад, ризқ-насиба ана шу меҳнатга, елиб-югуришга, ўз вақтида қилинган агротехник чора-тадбирларга боғлиқ. Фермер хўжалигимизга қарашли 43 гектар ерга "Звезда" навли буғдой уруғини қадаган бўлсак, ўтган йили "Ғозғон" навини эккандик. Ҳосилдорлик ҳам яхши бўлганди. Гектаридан 70-75 центнердан ҳосил олиб, давлатга ғалла сотиш режасини ортиғи билан бажаргандик. Шунга яраша даромад ҳам яхши бўлганди. Хўжаликда ишлаган 65 нафар, 80 нафар мавсумий ишчиларимизни натижа ва фойда ҳисобидан рағбатлантиргандик. Бу йил, ниятимиз, унданда яхши. Белгиланган муддатларда ғалла ўрим-йиғим ишларини якунлагач, олган даромадимиз ҳисобидан ишчи-хизматчиларга ғалла ва қўшимча ёрдам бермоқчимиз. Қолаверса, ғалладан бўшаган ер майдонига мош, картошка, полиз маҳсулотларини экишни режалаштирганмиз. Вақт кутиб турмайди. "Қимирлаган қирдан ошар" деган, ибратли ҳикмат бор. Деҳқон қимирласа, елса, югурса рўзғорида барака, дастурхонида тўкинчилик, юртда эса маъмурчилик бўлади.

Бир сўз билан айтганда, ернинг сирини чуқур билиш, тупроқ билан тиллашиб яшаш каби бизнинг деҳқонларимизга хос азалий тажриба ва омилкорлик фазилатлари жорий йилда ҳам мўл ҳосил етиштиришга мустаҳкам замин яратади.

Белгиланган шартномавий режани бажарилишида фермерларга моддий-техник ресурс, ернинг мелиоратив ҳолати, сифатли уруғ, ёқилғи-мойлаш материаллари, имтиёзли кредит куч ва мадад бағишлайди.

Бир вақтлар 20-25 центнер ғалла юқори кўрсаткич саналган бўлса, энди 65-75 центнердан дон етиштириш одатий ҳолга айланди. Муҳими, ер ўзининг муносиб эгасини топди. Ҳосилдорлик ҳисобига манфаатдорлик ҳам ортди.

- Қишлоқ хўжалиги соҳасида, техник ресурс муҳим омил ҳисобланади, - деди Сардоба туман машина трактор парки раиси Ғанишер Холбутаев. - Бундан бир неча йил муқаддам, ғалла-ўрим йиғимига Хоразмдан комбайн олиб келгандик. Бу йил, бу юмушларни ўз комбайнларимиз билан бажарамиз. Техникалар шай ҳолатга келтирилган. Зарур техник қисимлар, ортиқчаси билан келтирилган. Мақсад, мавжуд комбайнларни бир зум бўлсада тўхтатмай, урим-йиғим ишларини ўз вақтида тугатиш. Бунинг учун эса ҳаракат қиляпмиз.

Яқинда, Президент ҳузурида ғаллачиликдаги ислоҳотларнинг энг муҳим босқичига бағишланган йиғилиш бўлиб, унда Давлатимиз раҳбари иштирок этганди, ва ғаллачилик соҳасидаги камчиликларни кескин танқид қилиб, ғаллакорлар меҳнатига яраша муносиб ҳақ олишини таъкидлаб ўтганди.

"Кўриб турибсизлар, жаҳон бозорларида озиқ-овқат нархлари кун сайин юқори суръатлар билан ўсмоқда. Бугунги кунда халқаро биржаларда 1 тонна буғдой 400 доллардан сотилмоқда ва йил бошига нисбатан 30 фоизга ошди. Бундай вазиятда нарх-наво барқарорлигини таъминлашнинг ягона тўғри йўли бу - фермерлар манфаатдорлигини таъминлаш, ҳосилдорликни ошириш орқали бозорда таклифни кўпайтириш ҳисобланади. Бунинг учун ғаллачиликда бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш зарур. Биз бу ислоҳотларга узоқ тайёргарлик кўрдик. Барча масалаларни пухта ҳисоб-китоб қилиб, бу ишларни босқичма-босқич амалга ошириб келяпмиз", деди давлат раҳбари йиғилиш аввалида.

Бу эса Сардоба-ю, оқолтинлик, қолаверса сирдарёлик фермерларга куч берди. Далаларда баравж ўсиб, пишиб етилган буғдойни ўз вақтида ўриб-йиғиб олиши учун фермерларга каттагина мотивация бўлди.

Энг қувонарли томони, Давлатимиз раҳбари ғаллакорга яна бир имконият берди. Бу йил ғаллани давлат томонидан сотиб олиш, ва сотишда бозор нархларига ўтилгани бўлди.

- Фермерларимиз ўтган йили давлат ресурслари учун 1 тонна буғдойни 1 миллион 550 минг сўмга сотган бўлса, бу йил, икки баравар қиммат, 3 миллион сўмдан сотишади, - дейди Сардоба туман ҳокими Абдуазим Ҳидиров ғалла етиштирувчи фермер, кластер ходимлари учун Сардобада ўтказилган семинарда. - Яна битта муҳим, ва қувончли жиҳати фермер ўз ихтиёрида қолган буғдойни дон корхонасига вақтинчаликка сақлаш учун қўйиб, 1 июлдан биржа савдоларига чиқариб, уни бозор нархида сотади. Натижада, унинг даромади ошади. Энг муҳими, Президентимиз  ғаллачиликдаги ислоҳотларнинг энг муҳим босқичига бағишланган йиғилишда "Буғдойнинг  ҳақиқий эгаси бу - фермер ва кластерлар" деган сўзнинг замирида ҳам каттагина гап бор. Буғдой фермер, деҳқон меҳнати билан етиштирилади. Унга тўсиқ бўлмай, ёрдам беришимиз керак.

Хуллас, Сардоба ва Оқолтин далаларида иш қайнаган. Фермер пишиб етилган, ғалла ҳосилини йиғиштириб олиш билан банд. Кутилганидан зиёдроқ ҳосил олиб, ортиқчасини биржа савдолари орқали, ўзи истаган, бозор нархида сотиш, бозорларда ун ва ун маҳсулотлари тақачилигини олдини олиш, дастурхонларимизни тўкин-сочин қилиш иштиёқда ёнмоқда.

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш