Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
Сирдарёдаги 41 та маҳаллада “Оналар боғи” барпо этилди
Биз дўпписида сув ташиб бўлса ҳам дарахт кўкартиришга одатланган халқмиз. Ерга қадаган ниҳолларимиз кўкка бўй чўзиб, серсоя ва серҳосил дарахтга айланишига умид қилиб, ҳовлимиз, маҳалламизнинг ҳар бир гўшасига ниҳол қадаймиз.

Қадалган ниҳолларни парваришлаш эса ҳар биримиз учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Юртимиз бўйлаб кенг қулоч ёйган “Яшил макон” лойиҳасига ҳар бир вазирлик, идора, корхона ва ташкилотлар ўз ҳиссасини қўшмоқда. Зеро, яшил ҳудудлар майдонини кенгайтириш, ёшларни атроф-муҳит барқарорлигини таъминлашда фаоллиги ва масъулиятини янада ошириш, маҳаллалар ҳудудларини, аҳоли турар-жойлари атрофини кўркам кўринишга келтириш жуда савобли иш. Агар бунга оналар бош-қош бўлса, нур устига аъло нур.

Сирдарёда “Оналар билан яшил макон сари” лойиҳаси доирасида туман ва шаҳарлардаги 41 та маҳаллаларда жами 1,05 гектар майдонда “Оналар боғи” бунёд этилиб, 11 минг 156 та манзарали, 44 минг 111 та мевали, 4684 та бута, 26 минг 631 та гул кўчатлари ҳамда 809 та доривор гиёҳлар экилди.

Кўчат экиш, деҳқончилик қилиш фазилати ва аҳамияти улуғ амаллардан саналади. Бу йилги мавсумда “Оналар билан яшил макон сари” лойиҳасига ўз ҳиссаларини қўшаётган аёллар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Мирзаобод туманида яшовчи Майрам Ибрагимова ўзининг 3 сотихлик томорқасида 47 та манзарали, 70 та мевали, 320 та гул кўчатларини, Оқолтин туманида яшовчи Чўлпоной Умарова 1 сотихлик томорқасида 100 та манзарали, 100 та мевали, 20 та гул кўчатларини, Сайхунобод туманида яшовчи Гулсум Бойбўтаева ўзининг 6 сотихлик томорқасида 55 та манзарали, 150 та мевали, 550 та гул кўчатларини етиштирди. Агар бир муслим банда кўчат ўтқазса ёки экин экса, ундан қушми, инсонми ёки ҳайвонми еса, бунинг учун унга садақа (қилганлик савоби) бўлади, деган ҳадис ҳам кўчат экиш, деҳқончилик қилиш фазилати ва аҳамияти нечоғлик улуғ эканидан далолат беради. Шундай экан, инсон ернинг гўзаллигини нафақат асраб-авайлаши, балки унинг янада гуллаб-яшнаши учун ўз ҳиссасини қўшмоғи лозим. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, келажак авлодга табиий бойликларини асраб-авайлаб етказиш ҳар биримизнинг инсонийлик бурчимиздир.

Наргиза Тожибоева,

Вилоят ҳокими ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш