Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
Сирдарё вилоятида фаолият юритаётган ғаллачилик кластерлари ҳамда фермер хўжаликларининг аҳолига мурожаати

Қадрли сирдарёликлар!

Сўнгги йилларда Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасига бераётган алоҳида эътиборлари, ғамхўрликлари туфайли фермер хўжаликлари ва кластерлар фаолиятини тубдан янгилаш, соҳани ривожлантириш борасида янги замонавий технологияларни жорий этиш борасидаги муҳим кўрсатмалари бугунги кунда аҳоли, айниқса ёшларни иш билан таъминлашда дастуриламал бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбари – фермерлар ва кластерлар билан бўлган учрашувларида ҳар йилги деҳқончилик мавсумини муваффақиятли якунлаш, бунинг натижасида озиқ-овқат ҳавфсизлигини таъминлаш бўйича олдимизда турган муҳим вазифаларни алоҳида таъкидлаб, бу борада зарур йўл-йўриқларини аниқ-равшан кўрсатиб бермоқдалар.

Бугунги кунда ғалла парвариши авж паллага кўтарилганлигини алоҳида қайд этиш лозим. Шунинг учун апрель ойида суғориладиган ерларда интенсив технология асосида гектаридан 75-80 центнердан дон етиштиришда кузги ғалла экинларини вегетация даврида озиқлантириш асосий ҳал қилувчи омиллардан биридир.

Апрель ойида буғдойни учинчи марта ўғитлаш зарур. Буғдойни учинчи марта ўғитлашда белгиланган йиллик нормадаги азотли ўғитларнинг умумий нормасидан биринчи ва иккинчи марта ўғитлаш даврида берилган ўғит миқдорини чегириб ташлаб, қолган миқдори берилади.

Апрел ойида буғдой хавони исиши, намлик ва озуқа моддаларининг етарли бўлганлиги сабабли жуда тез ўсади ва апрель ойининг 16-18 кунларига бориб, ёппасига бошоқлай бошлайди. Шу сабабли апрель ойида буғдой экилган далаларда тупроқдаги намлик дала сиғимининг 70-75 фоизидан кам бўлмаслиги зарур.

Бегона ўтлар тупроқдаги моддаларни ва намликни ўзлаштириб, ғалла экинларини нормал озиқланишига имкон бермай қўяди, ҳосилни кескин камайтириб юборади ва ўрим даврида комбайнлар ишига салбий таъсир этади. Шунинг учун ғалла майдонларида ўсувчи ёввойи ўтларга қарши, агротехник тадбирлардан бири далани қўл кучи ва кимёвий воситалар орқали бегона ўтлардан тозалаш талаб этилади.

Айниқса, бу йилги ҳосилдан кўзланган мақсадлар рўёбга чиқаётгани туфайли имтиёзли кредитлар, минерал ўғитлар, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари ўз вақтида жойларга етказиб берилаётгани бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг – фермер ва кластерларга кўрсатаётган улкан эътибор ва ғамхўрлиги, камтарона меҳнатига бериб келаётган юксак баҳоси қалбимизга қувонч ва ғурур бағишлаб, ўз кучимизга бўлган ишончимизни янада оширади, айни вақтда зиммамизга катта масъулият яъни бу йилда 80 минг гектар майдонда парваришланаётган ғалла майдонларидан ўртача гектаридан 80 ц/га дан 640 минг тонна  дон йиғиб олишни ҳам юклайди.

Бу масъулият биздан янада самарали меҳнат қилишни, қишлоқ хўжалигининг бошқа тармоқлари қатори ғаллачилик бўйича зиммамизга олган шартнома мажбуриятимизни ҳам шараф билан адо этишимизни тақозо этишини албатта барчамиз яхши англаймиз.

Айниқса, ғалла ҳосили парвариши борасида амалга оширилаётган агротехник тадбирларни ўз вақтида бажаришни шу кунларда барчамиз чуқур ҳис этмоқдамиз.

Ҳурматли вилоятимиз аҳли!

Халқимиз бизни “ризқ-рўзимиз бунёдкорлари” деб улуғлаб, азму шижоатимиз, ғайрат ва матонатимизга кўз тикиб турганини бир зум бўлсада, эсдан чиқармаймиз.

Бугунги кунда ҳамкор давлатларда юзага келган вазиятдан келиб чиққан ҳолда ғаллачиликда юқори ҳосил олиб, юртимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ўз ҳиссамизни қўшамиз.

Бу йилги мавсумда улкан хирмон барпо этиб, халқимиз олдида юзимиз ёруғ бўлишини Яратгандан тилаймиз.

Шу ўринда барчани муҳтарам Юртбошимизнинг юксак ишончини оқлаб, мамлакатимиз равнақи ва халқимиз фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиш учун сидқидилдан ҳалол ва фидокорона меҳнат қилишга чақирамиз!

Сирдарё вилоятидаги ғаллачилик кластерлари ҳамда фермер хўжаликлари

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш