Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
Янгиер тиббиёт бирлашмасида нефрологияга ихтисослашган янги бўлим иш бошлади
Сирдарё вилояти Янгиер шаҳрида нефрология, терминал ва ўткир буйрак етишмовчилиги касаллиги билан касалланган беморларни даволашга мўлжалланган бўлим иш бошлади.

Республикамизда, қолаверса Сирдарё вилоятида ҳам нефрология, терминал ва ўткир буйрак етишмовчилиги касаллиги билан касалланган беморлар сони сўнги йилларда кўпайиб, ҳам ёшариб боряпти.

Тиб олимларининг илмий хулосаларига кўра, нефрология, терминал ва ўткир буйрак етишмовчилиги касаллигини қандли диабет, сурункали гломерулонефрит ва пиелонефрит, буйрак поликистози кабилар келтириб чиқаради.

Нефрология, терминал ва ўткир буйрак етишмовчилиги касаллигини олдини олиш, касалликка чалинган беморларни соғлиғини тиклаш, умр кўриш давомийлигини узайтириш мақсадида Янгиер шаҳар тиббиёт бирлашмасида 10 ўринга мўлжалланган Нефрология бўлими фаолияти йўлга қўйилди.

Мазкур бўлимни жорий таъмирлаш ишларига 150 миллион сўм, мебель ва тиббий жиҳозлаш ишларига 46 миллион сўм, маиший техникаларга 25 миллион сўм, юмшоқ буюмлар учун 10 миллион сўм миқдоридаги бюджет маблағи ҳамда бюджетдан ташқари ишлаб топилган пул маблағи йўналтирилди.

Мутахассислар, Республика нефрология тиббиёт марказида ҳамда Сирдарё вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида малака ошириб қайтишди. Энди улар, шу турдаги касаллик билан касалланган, даволанишга муҳтож бўлган Ховос, Боёвут, Сардоба туманлари ҳамда Янгиер ва Ширин шаҳар аҳолисига хизмат кўрсатади.

— Бу касаллик кўп ҳолларда меҳнатга лаёқатли, ижтимоий фаол инсонларда учрайди,  — дейди Янгиер шаҳар тиббиёт бирлашмаси нефрология бўлими мудири, нефролог Рустам Тоштемиров. — У аксарият пайтда белгилари намоён бўлмай яширин равишда кечади. Аммо терминал буйрак етишмовчилиги келиб чиққанидан кейин касаллик ниҳоятда хавфли тус олади. Терминал ва ўткир буйрак етишмовчилиги билан хасталанган беморларни даволашда фақат икки усул — мунтазам гемодиализ орқали даволаш ва буйрак трансплантацияси самара беради.

Яқин вақт ичида Янгиер шаҳар тиббиёт бирлашмасида яна битта бўлим, гемодиализ бўлими ҳам ўз фаолиятини бошлайди. Бу эса бир вақтнинг ўзида 10 нафар, бир йил давомида 300 минг нафар ўткир буйрак етишмовчилиги касаллиги билан касалланган беморларга  тиббий хизмат кўрсатиш имконини беради. Айни вақтда, жиҳозлаш, келтирилган тиббий аппаратураларни ўрнатиш иши кетяпти. Бу эса сурункали буйрак касалига учраган беморларнинг хасталикдан фориғ бўлишига хизмат қилади.

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш