Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
Вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаевнинг Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи

Азиз онахонлар, мунис опа-сингиллар, дилбар қизларим!

 Аёл – миллат келажаги, ҳаёт давомчиси. Хотин-қизлар эъзозланган юртнинг бугуни ва эртаси фаровон бўлади. Шу жиҳатдан кейинги йилларда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари, гендер тенгликни таъминлаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, улар учун иш ўринлари яратиш, меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди.

Бугунги кунда юртимизда хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ролини ошириш борасида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар натижасида вазирлар, ҳокимлар, ишлаб чиқариш бирлашмалари, банк ва компаниялар раислари, ҳуқуқ-тартибот идораларида масъул вазифаларда хизмат қилаётган опа-сингилларимиз сони ортиб бормоқда.

Яқинда хотин-қизларни қўллаб-қувватлашни янги босқичга кўтариш бўйича ўтказилган йиғилишида муҳтарам Президентимиз хотин-қизларнинг ўрни ва ролини ошириш давр талаби эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Ушбу тарихий йиғилишда аёлларни уй-жой билан таъминлаш масаласига эътибор қаратилиб, субсидияларнинг камида 40 фоизи хотин-қизларга йўналтирилиш белгиланди. Энди йилига қайриб 25 минг нафар хотин қизлар уй-жой билан таъминланадиган бўлди. 

Аёлларнинг саломатлигини тиклаш мақсадида жорий йилнинг ўзида 10 минг нафардан зиёд ногиронлиги бўлган хотин-қизлар реабилитация воситалари билан таъминланади, 3 млн нафар хотин-қиз онкологик скринингдан ўтказилади. 

Қизларимизнинг сифатли таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун қулай шароит яратиш бўйича тарихий қарорлар қабул қилинди.    

Жумладан, 2022-2026 йилларга мўлжалланган хотин-қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш дастури ишлаб чиқилади. Унга мувофиқ давлат хусусий шерикчилик асосида тўқимачилик соҳасида алоҳида университет ташкил этилади. Пахта тўқимачилик ва пиллачилик кластерлари орқали жойларда университетнинг техникумлари ҳам очилади. Янги ўқув йилидан бошлаб таълим контрактларини тўлаш учун қизларга илк маротаба 7 йил муддатга фоизсиз кредит бериш жорий қилинади. 

Бунинг учун жорий йилда банкларга 1 трлн 800 млрд сўм, келгуси беш йилда 5 трлн сўм маблағ ажратилади. Яна бир янгилик келгуси ўқув йилдан бошлаб, магистратурада ўқиётган қизларнинг контракт тўловлари бюджетдан қоплаб берилади. 

Шунингдек, эҳтиёжманд оила вакиллари, ота ёки онасини йўқотган қизларнинг таълим контрактлари маҳаллий бюджетдан тўланади. 

Бундан буён эҳтиёжманд хотин-қизлар бандлигини таъминлаган тадбиркорларни ҳам қўллаб-қувватланади. 

Президентимиз томонидан хотин-қизларнинг жамиятда тутган ўрнига тўхталиб, “Аёл бу – фарзанд дегани, аёл бу – оила дегани, аёл бу – жамият дегани” қимматли фикрни илгари сурилди. 

Оилаларни мустаҳкамлаш, фарзанд тарбиясида ота-онанинг масъулиятини ошириш ҳам бугунги кунда долзарб масалалардан. Президентимиз бу борада обрў-эътиборли, билимли хотин-қизлардан иборат “Оқила аёллар” ҳаркатини ташкил қилиш таклифини билдирди. Бу ҳаракат маҳалланинг виждонига айналиши керак. Чунки, маърифатли жамитни – маърифатсиз оналарсиз қуриб бўлмайди дея таъкидлади.

Муҳтарама опа сингилларим!

Бир донишманд “Битта қиз болани ўқитсангиз – бутун оилани ўқитган бўласиз” деган фикрни билдирган экан. Шундан келиб чиқиб, мўътабар оналаримиз, латофатли опа-сингилларимиз учун барча зурар шарт-шаритларни, имкониятларни яратиб бериш бизнинг ҳам виждоний бурчимиздир. Онажонларимизнинг дуоси орқали ишларимиз юришади, аёллар учун қўшимча шароит яратсак жамиятда адолат ўрнатилади, фарзандларимиз келажаги фаровон бўлади. Мен бунга қатъий ишонаман.
  
Сирдарё Ўзбекистон халқ шоири Халима Ҳудойбердиева каби ватанпарвар аёлларни тарбиялаган замин. Яқинда Халима Худойбердиева номидаги ижод мактабида “Оқила аёллар” клубининг биринчи таъсис йиғилиши кўтаринки руҳда ўтказилди, хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича кўплаб амалий таклифлар билдирилди.   

Куни кеча азиз опа-сингилларимизнинг меҳнатлари Муҳтарам Юртбошимиз томонидан юксак баҳоланиб, давлат мукофотлари, орден ва медаллар  билан тақдирланди.

Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган воҳамиз қизлари том маънода бизнинг фахр-ифтихоримиздир. Айни пайтда мукофотга муносиб топилган қизлар сони бугунги кунда вилоятимизда 26 нафарга етди.

Шунингдек, куни кеча Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган Абдунабиева Фарангиз ва Алимова Эъзозага оқ сут бериб, тарбиялаган онажонларига миннатдорчилик билдираман. Ватанпарвар фарзанд тарбиялаган оналар бор экан давлатимизнинг кучи қудрати янада юксалиши бардавом бўлади. 

Бугун улар бизнинг қадрли меҳмонимиз. Бир неча бор жахон чемпиони бўлган, Ўзбекистон Республикаси мадҳиясини жаҳон ареналарида янгратган спорчи қизимиз Фарангизнинг онаси Абдурахмонова Қумринисо Абдушукуровна ҳамда ижоди орқали она Ватанимизни шарафлаб келаётган қизимиз Эъзозанинг онаси Алимова Инобат Облоқуловналарга таъзим қилиб, бутун вилоятимиз фаоллари номидан миннатдорчилик билдираман. 

Сирдарёнинг бундай оналари бор экан, Биз хали кўп марраларни забт этишимизга ишонаман. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Мўътабар аёл” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида қарор қабул қилинган эди.

Мазкур мукофотга бу йил вилоятимиздан 13 нафар хотин-қизлар муносиб кўрилди. Фурсатдан фойдаланиб, ушбу мукофотга сазовор бўлган мунис аёлларимизни вилоятимиз фаоллари, кенг жамоатчилик ҳамда ўз номимдан муборакбод этаман.

Ҳурматли онахонлар, опа-сингиллар, мунис қизлар!

Сўзимнинг охирида барчангизни 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами билан яна бир бор чин дилдан муборакбод этаман. Бамисоли баҳор элчиси бўлиб келаётган, ўзингиздек гўзал ва дилбар мана шу қутлуғ айёмда Cизга узоқ умр, сиҳат саломатлик, бахт ва омад, хонадонингизга файзу барака тилаймиз.

Сиз бор экансиз юртимизда файз ва барокат, кўнглимиздан хотиржамлик, қувонч ва улуғвор орзулар аримайди.

Фарзандларингиз ва яқинларингиз бахтига, элу юртимиз бахтига ҳамиша омон бўлинг, азизларим, меҳрибонларим!

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш