Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
Сирдарё – Қонликўл: «тажриба – намуна – тараққиёт – ривожланиш»
Ўзаро меҳр-оқибатли, аҳил-иноқ бўлиб яшаётган ўзбек ва қорақалпоқ халқларининг муносабатлари  қардошлик ришталари билан мустаҳкам боғланган. Бир оила фарзандларидек тинч-тотув яшаётган бу қардошларнинг орзу-мақсадлари ҳам ягона – мустақил Ватанимизни ҳар томонлама тараққий эттириб, аҳолининг турмуш фаравонлигини таъминлаш. Шу мақсад йўлида бир-биридан ёрдамини аяшмайди.

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан Сирдарё вилоятига Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл туманининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига амалий кўмаклашиш ташаббуси илгари сурилган. Қадрдон оғайниларидан ёрдамини аямайдиган танти сирдарёликлар бу вазифани бажаришга чин дилдан, самимийлик билан киришганлар. Ёрдам кўрсатиш кўлами кенг. Ҳар бир иш белгиланган режа асосида пухта амалга оширилмоқда.

Жумладан, ўтган йилнинг октябрь ойида мутасаддилар томонидан Қонликўл туманида Сирдарё вилояти ваколатхонаси ташкил этилиб, барча зарурий анжомлар билан жиҳозланди. Шундан сўнг амалий ишлар ўз-ўзидан бошланиб кетди. Вилоятдан ташаббускор тадбиркорлар жалб этилиб, саноат ва қишлоқ хўжалиги йўналишида қиймати 570,5 миллиард сўмлик дастлабки 14 та лойиҳалар шакллантирилди. Келгусида 1900 та янги иш ўринлари яратиш режалаштирилган.

Шу давр мобайнида тумандаги 345 километр ички зовурлар тозаланди, 5 минг гектар ер майдони шудгорланди, 10 гектар майдонга жами 8800 туп мевали дарахт кўчатлари ўтқазилиб, боғ ташкил этилди. Натижада 100 нафар киши иш билан таъминланди.

Шунингдек, Қонликўл туманида саноат соҳасини ривожлантириб, янги иш ўринлари яратиш масаласига алоҳида эътибор берилаяпти. Шу мақсадида 0,4 гектар ер майдонда металлоконструкция, сендвич панеллар асосида лойиҳа қиймати 1,5 миллиард сўм бўлган “Сирдарё чеварлари” текстил ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи тикувчилик фабрикаси ташкил этилиб, тикув ва бичув машиналари, дазмоллар, мебеллар каби зарурий анжомлар билан жиҳозланди. Ҳозирда 120 нафар хотин-қизлар ишли бўлишди.

Қонликўл туманининг кам таъминланган, “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари” рўйхатида турувчи оилаларни қўллаб-қувватлаш йўлида моддий рағбатлантирилиб келинмоқда. Уларга турли маданий тадбирлар, саёҳатлар уюштирилмоқда.

Айни кунларда Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев мутасаддилар ҳамроҳлигида Қонликўл туманида амалга оширилаётган ишларни кўздан кечираяпти.

Вилоят раҳбари бошчилигида тумандаги хонадонларга жами 120 миллион сўмлик 10 минг туп мевали дарахт кўчатлари берилди. Бундан ташқари умумий қиймати 45 миллион сўм бўлган товуқлар тарқатилди. 

Ҳозирги пайтда моддий аҳволи ночор ҳисобланган 100 та оиланинг ҳар бирига 1 сотихга мўлжалланган иссиқхона қуриб берилаяпти. Бу иссиқхоналарнинг умумий қиймати бир ярим миллиард сўмни ташкил этади. 

Туман ҳудудида кунгабоқар етиштириб, қайта ишлаб, суткасига 1000 тонна писта ёғини тайёлаш қувватига эга бўлган саноат кластери ташкил этиш учун 3 минг гектар ер майдони ажратилган. Вилоят ҳокими мазкур “Бест Сан Оил” МЧЖ раҳбарининг истиқболдаги режалари билан танишди ва керакли тавсияларини берди. 

Бундан ташқари, ташаббускор тадбиркорлар Қонликўлда саноатни ривожлантиш мақсадида 4 та ҳудуддаги 22 гектар ер майдонида амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳаларини тақдимот қилишди. 

Яна бир қувончли жиҳат шундаки, Сирдарё вилояти хокимлиги томонидан Қонликўл туманида 10 гектарлик Дўстлик боғи ташкил этилмоқда. Икки халқ қардошлигининг абадийлиги рамзи сифатида боғнинг кириш қисмига дала шийпони (суҳбатхона) қурилаяпти.

Ижтимоий соҳада ҳам бир қанча лойиҳани амалга ошириш мўлжалланган. Жумладан, хароб холатдаги 22-сонли ўрта мактаб биносини туман хокимлиги захирасига қайтариб олиш ва кейинчалик вилоят ташаббускорига мактабгача таълим муассаси ва аҳолига хизмат кўрсатиш марказини ташкил қилиш учун ажратиш ишлари олиб борилмоқда.

Хуллас, сирдарёликларнинг беминнат, беғараз ёрдамидан Қонликўл тумани аҳолиси мамнун. Бу, аслида, чин дўстлик, қардошлик ва биродарликнинг яққол белгисидир.

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш