Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
“Sayxun gold oil” корхонаси фаолияти кенгаймоқда

Юртимизда «Ўзпахтасаноат» АЖ структурасидан мутлақо фарқ қилувчи пахта-тўқимачилик кластерлари ерга уруғ қадашдан тортиб, ҳосилдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган катта бир тизимни мустақил амалга оширмоқда. Бу эса, пахта-тўқимачилик кластерлар фаолиятини янада кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш, ишсиз аҳоли қатламини муқим иш жойлари билан таъминлаш имконини бермоқда.

Сайхунобод туманидаги “Poli tex Sirdaryo” кластери айни шу йўналишдаги ишларни муваффақиятли амалга ошириб, юқори самарадорликка эришди. Иш, хизмат, қайта ишлаш жараёнлари пухта режа асосида йўлга қўйилди.

Яқинда, мазкур пахта-тўқимачиликка ихтисослашган кластер жамоаси яна бир янгиликка қўл урди. Улар ўзлари етиштираётган пахта чигитидан ёғ ва ёғ маҳсулотларини ишлаб чиқариш, ёғ маҳсулоти нархини арзонлаштириш мақсадида “Sayxun gold oil” корхонасини қуриб, уни ишга туширишди. Ишлаб чиқариш технологияси Хитой ва бошқа қатор давлатлардан келтирилди.

— Корхонани қуриш ва ишга тушириш учун кластер таъсисчилари томонидан 29 миллиард сўм миқдоридаги маблағ сарфланди, — дейди “Sayxun gold oil” масъулияти чекланган жамият бош иқтисодчиси Эрмонқул Хусанбоев. — Пахтадан ажратиб олинган, техник чигит қайта ишланиб, ундан рафиналанган ёғ маҳсулоти ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Кунлик, ишлаб чиқариш қуввати, 85-90 тоннани ташкил этиб, қайта ишланган чигитдан 20 тонна рафиналанган ёғ, кунжара ва шулха маҳсулотлари ишлаб чиқараяпмиз. 

Ҳозир, мазкур корхонада кунлик ишлаб чиқарилаётган ёғ маҳсулотларининг 15 тоннаси Хитойдан келтирилган қадоқлаш ускунаси орқали 4,2 литрли махсус идишларга қадоқланмоқда. Қадоқланган, рафиналанган ёғ маҳсулотлари биржа савдоси орқали истеъмолчиларга етказиб берилаётган бўлса, яқинда ёғни 1 ва 3 литрли идишларга қадоқлаш, ёғ ишлаб чиқариш жараёнида чигит таркибидан ажратиб олинган техник сопистокдан совун маҳсулотини ишлаб чиқариш ҳам бошланади.

Ишни бир маромда кетиши хомашёга боғлиқ. Корхонага техник чигит маҳсулотлари “Poli tex Sirdaryo” пахта-тўқимачилик кластеридан, қолаверса, вилоятнинг Сирдарё, Гулистон туманидаги пахта-тўқимачилик кластерларидан келтирилмоқда. Яна бир эътиборли жиҳати, яқинда қўшни Қозоғистон давлати билан ҳамкорлик шартномаси муваффақиятли имзолангач, минг тонадан зиёдроқ писта (кунгабоқар) келтирилади. Ва натижада “Sayxun gold oil” корхонасида ишлаб чиқарилган тамғаси туширилган, писта (кунгабоқар) ёғлари ички бозордан ўз ўрнини эгаллайди. 

Ҳозирда корхонада 75 нафар ишчи хизматчи меҳнат қилмоқда. Корхона тўла қувват билан иш бошлагач, улар сони яна 100 нафарга ортади. Иш уч сменада олиб борилиб, дам олишлари ва ишлашлари учун барча шароитлар яратилган.

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш