Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
Нурчилар шаҳри — Ширинда кўча боғлари яратилмоқда
Сирдарё вилоятининг «Нурчилар шаҳри» дея таъриф бериладиган Ширинда яқин вақт ичида бўлмаган киши айни кунларда бу ерга келса, дилидан шу сўзни ўтказиши тайин. Негаки, нисбатан анча навқирон бу кентда сўнгги йилларда ҳам ижтимоий-иқтисодий, ҳам маданий-маърифий ва, албатта, қурилиш, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш борасида катта ишлар амалга оширилди.

Дейлик, шаҳар йўлларининг бир неча чорраҳасида светофорлар ўрнатилди. Тўғри, бу оламшумул янгилик эмас. Лекин шу пайтга қадар мазкур шаҳарда ҳаракат хавфсизлигини тартибга солувчи воситалар ўрнатилмаганди.

Сир эмас, кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш дейилса, асосан марказий ҳудудларга эътибор қаратиш амалиёти яқин-яқингача устувор эди. Бундан мақсад юқори идоралардан келган раҳбарлар тасаввурида яхши таассурот қолдириш бўлганини ҳам яширишнинг ҳожати йўқ. Аммо бугун ушбу масалага ёндашув бутунлай ўзгарган, ободлик ишлари кўлами, манзили кенгайган.

Боёвут туманидан чиқиб Ширин ҳудуди бошланган жойда нурчиларнинг «Дала ҳовли» деб номланувчи аҳоли пункти бор. Ҳар йили шаҳарга минглаб туп кўчат экилгани билан «Дала ҳовли» ёнидан ўтган автойўл четлари яйдоқ бўлиб қолаверарди. Энди Шириннинг ана шу остонаси тупроғида ҳам ниҳоллар томир отадиган бўлди.

Бу ўринда яна яқин йиллардаги номақбул амалиётни эсласак. Мана шундай чекка, узоқ манзиллардаги йўл четларига экилган кўчатлар ҳар доим ҳам ўсиб-униб кетавермаган, тўғрими? Чунки ҳашар билан ўтқазилган ниҳолларнинг кейинги тақдирига аниқ бир масъул ташкилот ёки шахс тайин этилмаган. Хўш, Ширин йўллари атрофига ўтқазилган кўчатларнинг эгаси -боғбони борми?

— Кўчат ўтқазиш билан бирга уни йил бўйи парвариш қиладиган боғбонини ҳам тайинлаяпмиз, — дейди Ширин шаҳар ҳокими Сарварбек Султонов. — Мана, масалан, «Дала ҳовли» ёни бўйлаб чўзилган бир гектарлик хиёбонни боғбонлик тажрибасига эга, Мирзо Улуғбек маҳалласи фаолларидан бири Абдужаббор Туронов ихтиёрига бердик. У киши ўтқазилган кўчатлар парвариши билан бирга оралиқ ерларда паст бўйли озиқ-овқат экинлари ҳам ўстириб, қўшимча даромадли бўлади.

Кўчатларнинг жойлаштирилиши ҳам киройи. Биринчи қаторда ҳамиша кўм-кўк қарағайлар, иккинчи ва кейинги қаторларда яна бошқа маҳаллий навли дарахт кўчатлари. Эътиборлиси, беҳи, гилос, олма қаторлари ҳам бор. Ўтган йили Шириннинг ёнидан оқувчи Жанубий Мирзачўл канали қирғоғи устида ҳам яшиллик пайдо бўлди. Анчайин баландлик ва қияликдаги бу манзара шаҳар остонасига ўзгача зеб берди. Қарағайлар саф тортган қатор пастидаги барглари мисли филнинг қулоғидек катта, жуда тез ўсадиган павлонияларнинг бу йилги келбатию жамоли қанчалар гўзал бўлишини ҳозирдан тасаввур қилиш мумкин. Ана шундай сув олиб бориш қийин ҳамда ноқулай жойларда ирригациянинг янги авлоди — томчилатиб суғориш қўл келаётир. Канал қирғоғи узра хиёбон юқорида келтирганимиз — Боёвут тумани ҳудудигача чўзилмоқда. Шу билан бирга тез орада ана шу масофада соя-салқинли пиёдалар йўлаги ҳам қурилади.

«Гулистон–Ширин» йўналишидаги автойўлнинг «Дала ҳовли»га туташган яна бир четида авваллари Мирзачўл воҳасида кузатилмаган кўкаламзорлаштириш ишлари бормоқда. Яъни лойиҳага кўра йўлга туташ қаторга бўйи тўрт метрлик қарағай кўчатлари ўтқазилаётир. Тўрт метрликнинг танланганига сабаб, мукаммал яшиллик бир неча йил кутилмайди. Тўғри бундай кўчатлар қиммат, лекин уч-тўрт йиллик меҳнат ва харажат ҳисобга олинса, мана шу энг яхши танлов. Хуллас, биринчи қаторга қарағайлар зичлаб жойлаштириляпти, сабаби бу ерлар Бекобод шамоли йўналишига қараган. Келажакда бақувват арчалар шамол кучини синдириши билан бирга ерларни эрозиядан асрайди. Муҳими, кейинги қатордаги дарахтларнинг эмин-эркин ўсишига ёрдам беради. Арчалар ортида икки қатор валишли токзор барпо этиляпти. Валишлар ўртасидан эса йўлак қуриляпти. Бир сўз билан айтганда, таъбир жоиз бўлса, мазкур «Кўча боғ»нинг лойиҳасиданоқ набототнинг ажойиб бир манзили пайдо бўлаётганини хаёлан тасаввур қилиш мумкин.

Шаҳар ободонлаштириш бўлими боғбонлари айни жойларда табиий ўсиб турган дарахт ва буталарни ҳам асраб қолаётгани эса таҳсинга лойиқ. Дейлик, канал қирғоғи ён атрофидаги толь ва ҳатто юлғунларга ҳам маданий шакл берилиб, умумий яшиллик сафида барқ уриб ўсишига шароит яратилаётир.

Бу тафсилотлар шундоқ яқинида Марказий Осиёнинг гигант электр корхонаси — Сирдарё ИEС гуруллаб ишлаб турган, яна бир томонида янги буғ-газ электр станцияси қурилиши жадал бораётган, аммо ҳали Ширин шаҳри марказига бир неча километр узоқда амалга оширилаётган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларидан бир лавҳа эди. Зеро, ҳадемай Ширин ўз меҳмонларини мана шу обод остонасиданоқ ҳозиргиданда кўркам, гўзал бир гўша бўлиб қарши олади.

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ,
 «Халқ сўзи».

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш