Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
“Гулистон тиббиёт кластери”нинг биринчи босқичи ишга тушди
Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида “Гулистон тиббиёт кластери”нинг биринчи босқичи иш бошлади. У 520 ўринли бўлиб, 5 та даволаш муассасаси ва вилоят диагностика маркази негизида ташкил этилди. Бунда барча бўлимлар, диагностика ва лаборатория текширувлари марказлашиб, бир бино ичида жойлашади.

Тиббиёт кластери ташкил этилиши орқали давлат тиббий суғуртаси тизимини жорий этиш учун тўлалигича замин яратилади. Қолаверса, тиббиётда инновация ва биотехнология ишлари учун йўл очилади. Тиббий ёрдам кўрсатишнинг учинчи даражасида тиббий хизмат кўрсатишнинг янги модели яратилиб, эндоваскуляр хирургия, кардиохирургия, юқори технологик даволаш усуллари, трансплантация хизматлари тиббиёт кластерида тўлалигича йўлга қўйилади.

Беморни даволашда бир вақтнинг ўзида кардиолог, окулист ёки эндикринолог маслаҳати керак бўлиши мумкин. Бунда, бошқа даволаш муассасасида зарур мутахассис кўригидан ўтиб, уларни хулосасини олиб овораю сарсон бўлиши, вақт сарфлаши керак бўларди. Тиббиёт кластерида эса бу каби оворагарчиликларнинг олди олинади. Бемор “бир том остида” барча зарур муолажа ва маслаҳатларни олиб вақтини ҳам, маблағини ҳам тежайди.

Гулистон тиббиёт кластерининг биринчи босқичида терапия бўлими янги бинода ишга тушди ва бу бино энг замонавий жиҳозлар билан таъминланди. Россия, Беларус ва Туркияда малака ошириб қайтган, янги ҳамда замонавий тиббиёт жиҳозларини бемалол ишлата оладиган малакали шифокорлар эса соҳа самарадорлигини янада оширади.

Гулистон тиббиёт кластери раҳбари Қодир Ҳотамов амалга оширилиши кутилаётган режалар ҳақида сўзлаб берди:

– Яратилган шарт-шароитлар ҳақида эшитган айрим малакали шифокорларимиз араб давлатлари, мисол учун Ямандан қайтиб ўзимизда ишлаш истагини билдиришмоқда. 40 йиллик тажрибамдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, ҳозирги яратилган шароитлар бундан 20 йил аввалгилардан ер билан осмонча фарқи бор. Жуда илгарилаб кетдик. Бизнинг тиббиётдаги энг яхши жиҳатимиз нима биласизми? Барча беморлар ўзига зарур тиббий ёрдамни қисқа вақт оралиғида олиш имкони бор, бошқа давлатлардаги каби бир неча хафта навбат кутиб турмайди. Масалан, зарур ҳолларда шошилинч тиббий ёрдам навбатсиз кўрсатилади. Режали келган беморлар эса йўлланма билан қабул қилинади. Кўп нарсаларни хорижга солиштиришни яхши кўрамиз. Хорижий давлатларда бир неча марта бўлиб, уларнинг тажрибасини ўрганиш жараёнида шунга гувоҳ бўлдимки, баъзи бир операциялар учун беморлар 3-5 ойгача навбат кутишади.

Баъзида беморнинг ҳолати ўта жиддий бўлса, тезлик билан жарроҳлик амалиётларини ўтказамиз ёки бошқа даво чораларини кўллаймиз. Ҳозир юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ҳам вилоятда амалга оширилиши жорий қилинмоқда. Мисол учун, бир неча йиллар муқаддам фақат чет элда қилинган жарроҳликлардан бири – эндопротез (сон бўғимидаги косачанинг бош чаноғини алмаштириш) ўрнатиш учун ҳозирда малакали шифокорлар ва махсус замонавий тиббий қурилмалар ўзимизда етарли. Ўтган йил вилоят миқёсида бу каби 30 та жарроҳлик амалиёти муваффақиятли амалга оширилди.

Айни вақтда биз ҳисоб-китоб қилиб кўрдик. Ўтган йил икки минг нафар бемор Тошкентга бориб даволанган. Беморларга қулайлик яратиш, Тошкентга бориб-келиш сарф-харажатларини камайтириш мақсадида ҳеч бўлмаганда бу каби беморларнинг 50 фоизини ўзимизда даволашга ҳаракат қиламиз. Керак бўлса, пойтахтдан шифокор чақирамиз. Ҳозир жойлардаги мутахассислар билан боғланиб, жарроҳлик амалиётига муҳтож беморларни бизга юборишларини тушунтираяпмиз. Негаки, кластеримиз махсус лабораториялар ва замонавий жиҳозлар билан жиҳозлангани боис, имкониятларимиз кенгаймоқда.

Олдимизда турган энг муҳим вазифалардан бири тизимга давлат тиббий суғуртаси механизмларини тўлиқ жорий этиш. Ана шунда аҳолининг барча қатламларига керакли тиббий ёрдам кўрсатиш шарт-шароитлари ва молиявий имкониятлари яратилади.

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш