Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
Туркиянинг Соғлиқ билимлари университети ректори Жевдет Эрдол «Гулистон тиббиёт кластери» лойиҳаси билан танишди
Президентимизнинг «Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг «Сирдарё вилоятида соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштиришнинг янги модели – Гулистон тиббиёт кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ вилоят даражасидаги самарасиз фаолият юритаётган муассасаларни қисқартириш, қайта молиялаштириш ва бошқарув харажатларини янада мақбуллаштириш орқали вилоят тиббиёт маркази, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Сирдарё вилояти филиали, вилоят Эндокринология диспансери, вилоят Кўз касалликлар шифохонаси, вилоят Тиббий диагностика маркази, Уруш ва меҳнат фахрийлари шифохонаси бирлаштирилиб, «Гулистон тиббиёт кластери» ташкил этилади.

Шунингдек, мамлакатимизда илк бор ташкил этилаётган ушбу кластер ва бошқа тиббиёт муассасаларини замонавий кадрлар билан таъминлаш мақсадида Гулистон тиббиёт коллежи негизида Туркиянинг Соғлиқ билимлари университети филиали ташкил этилади.

Филиалга қабул қилинадиган талабалар 3 йил Ўзбекистонда, 3 йил Туркияда таълим олади. Талабаларнинг 30 фоизи ўқишга грант асосида қабул қилинади. Ўқитиш ишлари кундузги таълим шаклида, давлат ва инглиз тилларида амалга оширилади.

Туркиянинг Соғлиқ билимлари университети ректори, профессор Жевдет Эрдол бошчилигидаги делегация Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амирилло Иноятов ҳамроҳлигида вилоятга ташриф буюрди.

Дастлаб, улар Гулистон тиббиёт коллежида бўлиб, коллеж ўқув биносини кўздан кечирди. Шундан сўнг Соғлиқ билимлари университети филиалини амалиёт базаси бўлиши кутилаётган, "Гулистон тиббиёт кластери", унинг таркибига қўшилаётган Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказ Сирдарё филиали ҳамда Гулистон шаҳридаги вилоят Перинатал марказини кўздан кечирди. Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддилари бу ерда амалга оширилаётган ишлар ва белгиланган лойиҳалар юзасидан тақдимот қилишди.

Жевдет Эрдол вилоят ҳокими ўринбосари Отабек Носиров билан учрашиб, ҳамкорликни ривожлантиришнинг энг маъқул томонларини муҳокама қилди.

– Тиббиёт соҳасини ривожлантиришда кластер усулидан фойдаланиш ўз самарасини бериши тажрибада исботланган, – деди Жевдет Эрдол. – Ўзбекистонда, жумладан, Сирдарёда олиб борилаётган ишлар яқин келажакда ижобий натижасини беришига ишончим комил.

Маълумот ўрнида,  Туркиянинг Соғлиқ билимлари университети филиалини очиш, уни Сирдарёда ишга тушириш масаласи "Янги Ўзбекистонинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича "Йўл харитаси"да белгиланган. Мазкур университет Туркияда тиббиёт йўналиши бўйича нуфузли давлат олий таълим муассасаси ҳисобланади. Айни вақтда бу олий даргоҳда 13 та факультет, 5 та институт, 6 та профессионал тиббиёт мактаби, 35 га якин илмий марказ, 58 та шифохоналар бирлашган.

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш