Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати
eye Кўзи ожизлар учун
Халқ таълими мудири ислоҳотчи, мактаб директори ватанпарвар, ўқитувчи фидойи бўлиши керак
Сирдарё вилояти ҳокимлигида бўлиб ўтган мажлисда миллий рейтинг натижалари таҳлили муҳокама қилинди.

Йиғилишда соҳага алоқадор ташкилот, корхоналар раҳбарлари, умумтаълим мактаблари директорлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Бугунги кунда вилоятдаги 318 та мактабда 157 минг 601 нафар ўқувчига 12 минг 774 нафар педагог таълим-тарбия бериб келмоқда.

Таълим сифатини назорат қилиш Давлат инспекцияси томонидан ўтказилган миллий рейтинги натижалари бўйича Сирдарё вилояти Республика ҳудудлари орасида 11 ўриндан 9 ўринга кўтарилди.

2021 йилда битирувчиларнинг олий таълимга жалб қилиш кўрсаткичи бўйича Оқолтин, Ховос ва Сирдарё туманлари энг паст даражада деб топилди.

Вилоят бўйича олий малака тоифали, биринчи малака тоифали педагогларга эҳтиёж ортиб бормоқда. Мактабларда амалга оширилаётган маънавий-маърифий ишларнинг таъсирчанлигини янада ошириш зарур бўлмоқда. 

Мазкур камчиликлардан тўғри хулоса чиқариш, хатога йўл қўйган таълим муассасаси раҳбарларининг масъулиятини ошириш борасида вилоят ҳокими ўринбосари Отабек Носиров мутасаддиларга топшириқ берди.

– Ҳар қандай ислоҳотлар амалга оширилмасин, қанчадан-қанча қарорлар қабул қилинмасин, барчамиз ўз вазифамизга масъулият билан ва виждонан ёндошмас эканмиз, кутилган натижаларга эриша олмаймиз, – деди О.Носиров. – Шундай экан, ҳар бир педaгог, раҳбарлар изланишдан, ўрганишдан тўхтамаслик лозим.

Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Отабек Донабоев маълум қилишича, 2026 йилга бориб вилоятда таълим муассасалари сонини 395 тага етказиш режалаштирилган. Шундан, 379 таси давлат таълим муассасаси, 16 таси хусусий таълим муассасасидир. Натижада барча таълим муассасаларни бир сменада ишлашига эришилади. Бундан ташқари, чет тилини билиш даражаси тўғрисидаги маълумотнома ва сертификатга эга ўқитувчилар сони 2026 йилгача 50 фоизга етказиш мақсад қилинган.

Битирувчиларнинг олий таълимга жалб қилиш кўрсаткичини жорий йилда 30 фоизга кўтариш, 2026 йилга бориб таълим муассасаларида ташкил этилган “Ўқув марказлари” орқали бу кўрсаткични 40 фоизга етказиш мўлжалланган.

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш