Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
Сирдарёдаги ёқилғи қуйиш шохобчаси республикада энг намунали деб топилди

Мамлакатимизда фаолият юритиб келаётган ёқилғи қуйиш шохобчаларида йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш мақсадида бир қанча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, қарор ва фармонлар қабул қилинган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 21 сентябрдаги 793-сонли қарорига мувофиқ ҳудудлардаги АГТКС, АГҚС ва АЁҚСларда савдо, маиший хизмат кўрсатиш, тез овқатланиш шохобчалари ва бепул WI-FI зоналари, шунингдек, санитария ва шаҳарсозлик нормалари ҳамда қоидалари талабларига жавоб берадиган санитария-гигиена хоналарини ташкил этиш белгиланган.

Қарор ижросини намунали амалга оширган ёқилғи қуйиш шохобчаларини рағбатлантириш учун туризм ва спорт вазирлиги томонидан танлов ўтказилган эди. Вазирлик мутасаддиларидан иборат ишчи гуруҳ Республикадаги барча ёқилғи қуйиш шохобчаларида ўрганиш олиб бориб, якуний хулосаларини билдиришди.

Куни кеча танлов ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилиб, 4 500 дан ортиқ ёқилғи қуйиш шохобчалари орасидан ўрганиш натижалари эълон қилинди. Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Туризм ва спорт вазири Азиз Абдухакимов очиб берди ва мамлакатимизда йўл бўйи инфратузилмасининг яхшиланиши муҳим аҳамият касб этиши борасида тўхталиб, хорижий мамлакатлардан ташриф буюрадиган сайёҳлар, қолаверса, маҳаллий туристлар олдида ҳам айнан санитария-гигиеник шохобчалари билан уялиб қолмаслик лозимлигини таъкидлади.

Қувонарли жиҳати, танловда юқоридаги қарор талабларига монан, халқаро стандартларга жавоб берадиган даражада жиҳозланган Янгиер шаҳрида жойлашган «Янгиер метан» МЧЖ мутлоқ ғолиб деб топилди. Ғолиблар диплом, махсус статуэтка ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

– Шунча вилоят, пойтахт, айниқса, туризм салоҳияти кучли вилоятлар орасида ёқилғи қуйиш шохобчасининг санитар-гигиена ҳолати бўйича энг намунали деб Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳар автомабилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаси эътироф этилиши қувонарли ҳолатдир, – Азиз Абдуҳакимов. – Бундай шохобчаларни намуна, тажриба сифатида қолган ҳудудларда ҳам ташкил қилсак мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш