Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
Сирдарёда Давлат байроғи қабул қилинган кун кенг нишонланмоқда
Ҳар гал байроғимиз ҳилпирашига назар солганимизда руҳан жўшқинликни, қалбимизда ғурур ва буюк истиқболга ишонч туйғусининг кучайганини ҳис этамиз. Давлат байроғига бўлган ҳурмат-эътиборни сақлаш, буни, айниқса ёшларимиз онгига сингдириш, сиз-у бизнинг фуқаролик бурчимиздир.

Бугун 18-ноябр Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган куннинг 30 йиллиги мамлакатимиз бўйлаб кенг тантана қилинмоқда.

Сана муносабати билан Сирдарё вилояти драма театрида ҳам катта тадбир уюштирилди. Тантанада вилоят ҳокимининг ўринбосари Отабек Носиров вилоят ҳокимининг байрам табригини ўқиб эшиттириб, бугунги сананинг, айниқса, байроғимизнинг ҳаётимиз, Ватанимиз равнақи йўлида ўрни ва аҳамияти ҳақида фикрларини билдирди.

“Мана, 30 йилдирки, Мустақил Ўзбекистонимизнинг давлат рамзи ҳисобланган байроғимиз халқимизнинг шон-шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этиб, шу азим юртда яшовчи ҳар бир фуқарога ғурур, ифтихор бағишлаб келаяпти. Бугун юртимизда дунёқараши янгича бўлган, ғурурли ёш авлод камол топмоқда. Бемалол айта оламизки, бу авлод жаҳоннинг юксак минбарларида, дунё саҳнасида юрт байроғини баланд кўтаришни ич-ичидан хоҳлайди. Шунинг баробарида барчамиздан тинчлик ва эзгуликнинг намунаси бўлган шу улуғ байроқ остида ўтаётган ҳаётимизнинг дориломон ҳар бир куни, ҳар бир сониясидан рози бўлишимиз, мана шу ёруғ кунларнинг бардавомлигини таъминлаб, келажак авлод олдида катта масъулиятимиз ва қарзимиз борлигини доимо ёдда тутмоғимиз лозим. Шу улуғ байроқ остида давлатимиз раҳбари раҳнамолигида халқимиз учун ҳеч кимдан кам бўлмаган ҳаёт барпо этиш йўлида эзгу мақсадлар сари олға бораверамиз” дейилади табрикда.

Тадбирда “Муқаддасдир Ватан байроғи” шиори остида концерт дастури бўлиб ўтди. Унда театр актёрлари ижросида “Байроқ ва юрак” номли саҳна кўриниши намойиш этилиб, дилтортар наволар, куй-қўшиқлар янгради. Айниқса, хушовоз хонандаларнинг “Байроғинг бошингда хилпирар”, “Ватан байроғи”, “Ватан” каби қўшиқлари томошабинларга манзур бўлди.

Шунингдек, Гулистон шаҳри кўчаларида Давлат байроқлари ўрнатилган автомобиллар "марши" ташкиллаштирилди.

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш