Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
Янгиерда «Янги Ўзбекистон» массиви қурилишига старт берилди
Бир вақтлар вилоят маркази саналган Янгиер шаҳрида одамлар пастқам ва кўримсиз хонадонларда истиқомат қилишарди. Аҳоли йиллар давомида ичимлик суви, газ ва электр энергияси таъминотидаги муаммолардан қийналиб келди. Сўнги йилларда эса Янгиер кўркам шаҳарга айланмоқда.

Бугунги кунда аҳолини уй-жой билан таъминлаш масаласи ҳар қачонгиданда долзарб. Шу боис Муҳтарам Президентимиз раислигида 2 ноябр куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида уй-жойларни пухта лойиҳалаштириш, ҳудудларда кўпроқ боғ ва хиёбонлар ташкил этиш бўйича топшириқлар берган эди.

Белгиланган вазифалар ижроси доирасида вилоятнинг тўрта ҳудуди – Гулистон, Янгиер шаҳарлари ҳамда Сирдарё, Гулистон туманларида “Янги Ўзбекистон” массивлари барпо этилиши бўйича лойиҳа ишлаб чиқилиб, шу йил 8 ноябр куни тақдимот қилинган эди.

Бугун 12 ноябр куни Янгиер шаҳрида ушбу янги массив қурилишига тамал тоши қўйиш маросими бўлди. Унда нуронийлар, ёшлар, жамоатчилик фаоллари иштирок этди.

Вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев Янгиер — вилоят маркази билан рақобатлашадиган шаҳар бўлади, Янгиер ўз номига мос янги типдаги шаҳарга айланмоқда деб таъкидлади.

- Вилоятда уй-жой муаммосини ҳал қилиш учун икки-уч йилдан бери бош қотирамиз. Чунки уйларга талаб йиллар давомида тўпланиб қолган эди. Бир хонадонда бир нечта келин қайнонаси билан яшаётган оилалар кўп. Шунинг учун Янгиерда ҳам янги массив қуришга киришдик. Бу ерда жами 72 та 5 ва 7 қаватли 2 584 хонадонли турар жойлар қурилади, 3 мингга яқин оила яшайди, - деди Ғофуржон Мирзаев.

Умумий майдони 50 гектар бўлган янги массивда 1400 ўринга эга бўлган 1 та мактаб, 1 та 1500 ўринга мўлжалланган болалар боғчаси, 1 та поликлиника, 2 та Ёшлар меҳнат гузари, 1 та ИТ-парк, 1 та коворкинг  маркази, 10 та савдо дўконлари, 1000 ўринга мўлжалланган 1 та тикувчилик цехи, 2 та нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехлари қурилади. Вилоят ҳокими кўрсатмасига мувофиқ, яна қарийб шунча майдонда яшил ҳудуд барпо этилади.

Янги массив лойиҳасида коммуникасия тармоқларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Бунда 7,5 км ички йўллар, 3,5 км оқава сув тармоғи, 3,5 км ичимлик суви, 2,5 км табиий газ, 3 км электр тармоқлари қурилади.

Вилоят раҳбари нуронийларнинг маслаҳати, дуолари билан катта ишларга қодирлигимизни таъкидлади.

- Бугун мана шундай улкан бунёдкорлик ишларига киришар эканмиз, аввало аждодларимизнинг бой билими ва тажрибасига, меҳнаткаш, бир сўзли ва танти вилоят аҳлининг азму шижоатига суянамиз, - деди Ғофуржон Мирзаев.

Шундан сўнг янги массив қурилишига тамал тоши қўйилди. Маросимда меҳнат фахрийлари, қурувчилар сўзга чиқди.

- Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор. Шу кунларга етганимизга шукур. Умид қиламанки, “Янги Ўзбекистон” массиви шаҳримиз аҳолиси бахтли, фаровон яшайдиган обод маскан бўлади. Бу тарихий воқеа билан, хайрли маросим билан бутун Янгиер ҳалқини чин юракдан табриклайман, - дея таъкидлади нуроний отахон Баҳром Ҳадамов.

Тураржойлар лойиҳаси билан танишарканмиз, қурилишда шаҳарсозликнинг сўнгги ютуқларига таянилганлиги яққол кўзга ташланади. Буларнинг барчаси мамлакатимиз раҳбарияти томонидан аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтиришга берилаётган жиддий эътибори натижасидир.

Массивдаги барча бунёдкорликларда маҳаллийлаштириш Дастури ижросининг таъминланаётгани ҳам айни ҳақиқат. Барча тураржойлар импорт ўрнини босувчи маҳаллий маҳсулотлардан қад ростлайди.

Юртимизда аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар замирида ана шундай янгиланишларга интилиш мужассамдир. Бугунги Янгиерда ҳам шу каби муҳит ҳукмрон десак, айни ҳақиқатдир. Зеро, унинг бағрида бунёд этилажак «Янги Ўзбекистон» массиви абадиятга дахлдорлик рамзига айланиши шубҳасиз.

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш