Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
Вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев “Яшил макон” доирасида кўчат экди
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси юртимиз бўйлаб янги боғ-роғлар барпо этиш ва теварак-атроф мусаффолигини таъминлашда муҳимлиги билан аҳамиятли.

Сирдарёда мазкур лойиҳа доирасида 5 миллион тубдан зиёд мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экиш режалаштирилган. Бугунги кунга қадар вилоят бўйича шаҳар ва туманларда 583 минг 300 дона кўчат экилди.

Бугун вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев ҳамда секторлар раҳбарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ёшлар, кенг жамоатчилик иштирокида Янгиер шаҳри ва Ховос туманида мўъжазгина боғ яратилди. Тадбир доирасида тут, терак, олча, каштан, анор, каталпа каби 16 минг тупдан зиёд мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди. Экилган кўчатларга зиён етмаслиги учун оҳак билан ишлов берилди.

Кўчат экиш баробарида амалий семинар ҳам бўлиб ўтди. Семинарда қайси ҳудудларда қандай кўчат экиш кераклиги ҳақида маълумот берилди. Амалий семинар давомида тол, терак, жийда кўчатлари жой танламаслиги, ҳар қандай шароитда кўкариб кетиши, фақат бунга бироз парвариш кераклиги таъкидланди.

– Кўчат экиш билангина иш битмайди, унга алоҳида эътибор керак, – дейди вилоят раҳбари. Экилаётган ҳар бир кўчатнинг нави, қачон ва ким томонидан ўтқазилгани ҳақида қайд этиб қўйишимиз, вақтида суғориш, ҳайвонлардан асраш керак. Шундагина биз эккан ниҳоллар бўй кўрсатади.

Бу хайрли ташаббус қадим анъаналаримиз, қадриятларимизга ҳамоҳанг. Ота-боболаримиз фарзанд тарбиялаётганда “бир дарахт эксанг, унинг меваси, соясидан баҳраманд бўлганлар сени дуо қилади”, деб ўргатган. 

Шу боис, бу эзгу амал нафақат яшил оламнинг кенгайиши, атроф-муҳит мусаффолигига хизмат қилади, балки, ёш авлод тарбиясида ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Вилоятимизнинг барча ҳудудларида кўчат экиш ишлари давом этмоқда.

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш