Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
“Гулистон” тиббиёт кластерини ташкил этиш ишлари ЖССТ экспертлари иштирокида таҳлил қилинди
Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғурта тизими билан боғлиқ тажриба-синов ишлари Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги тиббиёт муассасаларда йўлга қўйилди ва аҳолига кафолатланган пакет асосида тиббий хизмат кўрсатиш ишлари бошлаб юборилди. 

Бундан ташқари беморларга юқори малакали тиббий хизмат турларини кўрсатиш, хизмат сифатини ошириш мақсадида Гулистон шаҳрида "Гулистон" тиббиёт кластерини ташкил этиш, уни ишга тушириш чоралари якунига етиб қолди.

Ушбу иш ҳам ниҳоясига етказилгач, вилоятдаги 6 та тиббиёт муассаса, яъни, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сирдарё филиали, вилоят эндокринология диспансери, вилоят кўп тармоқли тиббиёт ҳамда вилоят диагностика марказлари, вилоят кўз касалликлари ҳамда уруш ва меҳнат фахрийлари шифохоналари “Гулистон” тиббиёт кластери таркибига ўтказилади ва улар бир жойда, ягона бошқарув асосида фаолиятини бошлайди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Давлат тиббий суғурта жамғармаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари вилоятга ташриф буюриб икки кун давомида тиббиёт кластерини йўлга қўйиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишдилар. Масъулларга тегишли кўрсатма ва тавсиялар беришди. Жорий йил 26 октябрь куни ташриф якуни билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказ Сирдарё филиалида “Гулистон” тиббиёт кластерини ишга тушириш, унинг бизнес режасини якунига етказиш ва амалга ошириш учун ресурсларни сафарбар этиш йўлларига бағишланган семинар ташкил этилди. 

Семинарда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг консультантлари Александр Лоуренцо, Мафатен Шаоуали, Марк Хэллоуэлл, Кристофер Хитцпатрик, Елена Цой, Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ижрочи директорининг биринчи ўринбосари Зоҳид Эрматов, бўлим бошлиғи Дилноза Нажмутдинова, Сирдарё вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Рустам Юлдашев, бошқарманинг масъул ходимлари ҳамда "Гулистон" тиббий кластери таркибига кирувчи тиббиёт муассасалари бош врачлари ва бош ҳисобчилари қатнашди.

Улар икки кунлик ўрганишлар натижаси бўйича фикр алмашиш билан бир қаторда давлат хусусий шерикчилик асосида хусусий тадбиркорга берилиши режалаштирилган Гулистон шаҳридаги 1-оилавий поликлиниканинг бизнес режасини муҳокама этди.
Семинарда иштирок этган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти консультантлари сирдарёлик тиббиёт ходимларга тиббиёт кластери фаолиятини йўлга қўйиш, тиббий хизмат сифатини янада ошириш борасида хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, зарурий тавсиялар беришди.

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш