Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
Томчилатиб суғориш орқали 20 миллион 960 минг метр куб сув тежалди
Бутун дунёда долзарб муаммолардан бири сув танқислиги бўлиб турибди. Мамлакатимизда бу муҳим масалани бартараф этиш бўйича изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда. Айниқса, экин майдонларини суғоришда сув тежовчи усуллар – томчилатиб, ёмғирлатиб суғориш тизими йўлга қўйилиши миришкор деҳқонларнинг ҳаражатларини қисқартириш ҳамда вақтдан унумли фойдаланишларига сабаб бўлаяпти.

Президентимиз томонидан 2020 йил 11 декабрда қабул қилинган “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4919-сон қарорида таъкидланганидек, тобора кучайиб бораётган сув тақчиллиги ҳамда сув ресурсларига бўлган эҳтиёж ўсиб бораётгани қишлоқ хўжалигида сувдан фойдаланиш самарадорлигини кескин оширишни талаб этмоқда. Бу борада Сирдарё вилоятида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, 2021 йил вилоят бўйича жами 18 087 гектар майдонда сувни тежайдиган суғориш технологиясини жорий этилиши режалаштирилган. Шундан, 17 937 гектар томчилатиб суғориш, 50 гектар ёмғирлатиб суғриш ва 100 гектар дискрет суғориш технологиялари жорий этилади. 

–Сув тежовчи ускуналарни харид қилиш учун тегишли ташкилотлар билан 142 та шартномалар тузилган бўлиб, шундан 125 та фермер хўжаликлари ва 17 та кластер ташкилотларидир. Бунинг учун вилоят бўйича фермер ва тадбиркорларга тижорат банклари томонидан 254 миллиард сўм маблағ молиялаштирилган. 302 та фермер ва тадбиркорлар томонидан 10 703 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологиясини ўрнатиш учун қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда, – дейди “Ўзагроинспекция”нинг Сирдарё вилоят бошқармаси “Қишлоқ хўжалигига мўжалланган сув ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш бўлими” бош инспектори Баходир Мамиров.

Бугунги кунда Сирдарё вилоятида 8 минг 384 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологияси жорий этилган. Бунинг натижасида 20 миллион 960 минг метр куб сувни иқтисод қилишга эришилди. Эътиборли жиҳати, анъанавий усулда суғорилганда 41 миллион 920 минг метр куб сув сарфланар эди.

“Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари инспекторлари томонидан сув тежовчи технологияларни ўрнатиш, шартномаларни расмийлаштириш ва ўрнатилган сув тежовчи технологияларидан самарали фойдаланиш юзасидан домий назорат-мониторинги олиб борилмоқда.
Шубҳа йўқки, қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган сувни исроф қилмаслик, тежаш, шу билан бирга ҳосилдорлик чўғи баланд бўлиши мақсадидаги бу каби саъй-ҳаракатлар халқимиз фаровонлиги, юртимиз ободлиги йўлидаги илдам қадамлардан биридир.

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш