Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
Ўттиз йилнинг ҳайрат ва шукронаси
Жаннатмакон юртимиз Ўзбекистон суверен, мустақил давлат сифатида дунё харитасидан жой олганига 30 йил тўлди. Бу сана Сирдарёда яшаётган ҳар бир инсон учун тарихий кун, унутилмас байрам.

Бағрикенг, меҳмондўст халқимиз обод Ватанимизда Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги байрамини ўзгача шукуҳда кутиб олмоқда.

Сирдарё вилоятининг туману шаҳарларида, ҳар бир маҳалласида, хиёбону сайлгоҳларида байрам тантаналари бошлаб юборилди.

Гулистон шаҳрида ҳам байрамга катта тараддуд кўрилди. Бугун шаҳар кўчалари, “Юрт байроғи”, “Билимдонлар маскани”, мусиқали драма театр, Амфитеатр, истироҳат боғи ва бошқа кўплаб жойларда “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик” шиори остида ўтказилаётган халқ сайллари бўлиб ўтди.

Дастлаб, шаҳар аҳли, меҳмонлар, кенг жамоатчилик Ўзбекистон шох кўчасида жамулжам бўлиб, вилоят ҳокими Ғ.Мирзаев ва бошқа мутасаддилар бошчилигида байрам тантаналари бўлаётган масканлар томон йўл олишди.

“Билимдонлар маскани”да вилоят ҳокими Ғ.Мирзаев бир гуруҳ нуронийлар ҳамроҳлигида шодиёна иштирокчиларини, Сирдарё аҳлини энг улуғ, энг азиз байрамимиз – Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги билан самимий қутлади.

–Халқимиз бу йил Мустақиллик байрамини жуда катта ютуқлар билан кутиб олмоқдалар, –деди Ғофуржон Мирзаев. –Бундай натижалар ва ютуқларни санаб саноғига етиш қийин. Албатта, ҳар бир муваффақият замирида Муҳтарам Президентимизнинг узоқни кўзлаб олиб бораётган одилона ва оқилона сиёсатлари, шунингдек, бу сиёсатга таянган сиз азизларнинг фидокорона меҳнатларингиз ётибди. 

“Билимдонлар маскани”да шоир, адиблар, умуман, адабиёт шайдолари ўртасида “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон” шиори остида шеърхонлик, ғазалхонликлар ўтказилди. Мушоирада ёшу қари ўз истеъдодини намоён этиш билан бир қаторда китоблар кўргазмасини ҳам томоша қилишди. Бир сўз билан айтганда “Билимдонлар маскани” ҳақиқий маънавият масканига айланди.

Вилоят мусиқали драма театр атрофида театрлаштирилган томошалар, ижодий танловлар иштирокчиларга хуш ёқди. Сўз усталарнинг чиқишлари шўх-шодон, бардавом кулгуларга сабаб бўлди. Ташкиллаштирилган ҳунармандчилик қўргазмаси эса ўзида қадимий қадриятларимизни мужассам этган. Амфитеатрда ўтказилаётган концерт дастурида эл севган санъаткорлар ва истеъдодли хонандалар томошабинларга янада кўтаринки кайфият улашди.

Ислом Каримов кўчаси бўйлаб “Биз буюк давлат, буюк тарих, буюк маданият яратган халқмиз”, “Янги Ўзбекистоннинг янги чемпионлари”, “Сирдарёлик ёшлар III Ренессанс сари” каби кўргазмали сайл майдонлари ташкил этилди. Унда номига монанд турли экспонатлар, бадиий чиқишлар, мусобақалар намойиш этилиб, ҳар хил танловлар ўтказилди. Вилоятимиз ўғил-қизларининг эришган ютуқлари, қўлга киритган совринлари барчада фахр ва ифтихор туйғуларини уйғотди, десак муболаға бўлмайди.

Шунингдек, истироҳат боғида ташкил этилган “Халқлар дўстлиги” майдонида турли миллатларнинг урф-одатлари, миллий либослари намойишини томоша қилган киши юртдошларимизнинг нақадар меҳмондўст, бағрикенг, аҳил эканлигини дархол англайди. Сайлга келган меҳмонлар териб қўйилган миллий таомлар кўргазмасини кузатишар экан, безагига, мазасига ҳам баҳо беришди. Шу тариқа “Миллий таомлар”, “Миллий либослар”, “Обод маҳалла”, “Обод кўча”, “Обод хонадон” кўрик танлови ҳам бўлиб ўтди. Танловнинг ҳар бир йўналиши бўйича ғолиблар муносиб тақдирландилар.

Байрам тантаналари барча туман, шаҳарлар, маҳаллаларда қизғин давом этмоқда.

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш