Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
Сирдарёда Хитой технологияси асосида чигит экиш оммалаштирилади

"Poly tex Sirdaryo" пахта-тўқимачилик кластерига қарашли дала майдонида “Хитой технологияси асосида чигит экишнинг афзалликлари” мавзусида амалий семинар бўлиб ўтди. Унда секторлар раҳбарлари, мутахассислар, кластер ва фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этдилар.

Қишлоқ хўжалиги соҳаси, хусусан пахтачиликда илмга асосланиш, замонавий агротехнологияларни қўллаш, харажатни минималлаштириш ва даромадни кўпайтириш бугунги куннинг муҳим талаби. Шу нуқтаи назардан ўтган йилдан бошлаб Сирдарё туманида 406 гектар майдонда тажриба тариқасида Хитой технологияси асосида плёнка остига чигит экилди.

Айни усулнинг ўзига хослиги шундаки, чигит экиш, плёнка тўшаш ва томчилатиб суғориш учун шланг ётқизиш ишлари замонавий техника ёрдамида бир вақтнинг ўзида амалга оширилади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу фермерлар учун вақт ва маблағни тежаш имконини беради. Чигит уруғи 5-6 кундан сўнг, анъанавий усуллардан фойдаланиш билан таққослаганда тахминан беш кун олдин, бўй чўзади. Ҳосилдорлик 50 центнердан ортади.

Ҳисоб-китобларга кўра, жорий йилда вилоят бўйича жами 3 минг гектар майдонга Хитой технологияси асосида чигит экилади. Келгуси мавсумда мазкур янги усулни янада оммалаштириш режалаштирилмоқда, шунингдек, экиш жараёни ҳамда агротехник тадбирларда хитойлик агрономлар кластер ва фермер хўжаликларига кўмаклашади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бундан кўзланган асосий мақсад, аввало, Сирдарёда пахтачилик соҳасини янги поғонага олиб чиқишдан иборат.

Бугунги семинар давомида мутахассислар томонидан Хитой технологиясини қўллашнинг афзалликлари ҳақида батафсил маълумот ва илмий асосланган тавсиялар берилди. Қатнашчилар экиш жараёнларига ҳам бевосита гувоҳ бўлишди.

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш