Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
Ўзбекистон-Корея: мустаҳкам дўстлик ва алоҳида стратегик шериклик — вилоят делегациясининг бир куни

Хабар қилинганидек, айни кунларда Корея Республикасида бўлиб турган Сирдарё вилояти делегацияси ташриф дастури доирасида "DHMT Global" корпорацияси президенти Тae Suk Lee билан учрашув ўтказди.

Музокара якунида Мирзаобод туманида "Komt" бренди остида электроника ва микро-электроника йўналишида корхона барпо этиш бўйича инвестицион келишувга эришилди. Таъкидланишича, қурилиш ишлари 2024 йил февралдан июль ойига қадар давом этади. Ишлаб чиқариш жараёнларига 3 нафар кореялик тажрибали эксперт ва маҳаллий мутахассислар жалб қилинади. Шунингдек, корхонанинг ўзида ишсиз ёшлар сервис хизматига ўқитилади. Маҳсулотларни тўлиқ экспортга йўналтириш режалаштирилмоқда.

"Evervolution Со." компанияси директори Jung Tae Keun билан бўлиб ўтган мулоқот чоғида Гулистон туманидаги фойдаланилмай турган ва ўзлаштириладиган ерларда Корея тажрибаси асосида лойиҳа қиймати 12 млн долларлик янги замонавий интенсив гилос боғи яратиш бўйича меморандум имзоланди. Вилоятда етиштирилаётган мева ва сабзавотларнинг сифати жуда юқори эканини, бироқ уларни қайта ишлаш орқали таниқли бренд яратмасдан туриб халқаро бозорларда муқим жой олиш осон бўлмаслигини қайд этган кореялик ишбилармонлар, бу борада ҳам ўзаро манфаатли ҳамкорликка тайёр эканликларини таъкидлашди.

Бугунги кунда Кореянинг энг илғор олийгоҳларидан бири бўлган, дунёнинг 76 та мамлакатидан келган 2 000 нафардан зиёд хорижлик талабаларга ҳам илм бераётган "Sun moon" университети президенти Сеон Жу Хван ҳамда университет илмий жамоаси билан ўтказилган учрашувда вилоятимиз иқтисодиёти ва саноат тармоғини ривожлантириш бўйича муҳим вазифаларни ҳал этишга қодир бўлган юқори малакали кадрларни тайёрлашда ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Сўнги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида илм-фан ва таълим ривожи давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлангани энг тўғри йўл эканини эътироф этган Сеон Жу Хван ҳамкорлик алоқаларини “Чунгнам-Марказий Осиё минтақавий инновацион истеъдодларни ривожлантириш лойиҳаси”нинг давоми сифатида кенгайтиришга тайёрлигини айтди.

Вилоятимизда "Sun moon" университети таълим стандартлари асосида кадрлар тайёрлаш, кореялик профессор-ўқитувчиларни Сирдарёга жалб қилиш, биргаликда илмий форумлар ташкил этиб бориш, қўшма тадқиқот ва ишланмаларни йўлга қўйиш каби масалаларда ҳамкорлик келишувига эришилди.

Шу ернинг ўзида Чунчоннам-до провинцияси расмийлари ва 16 та фаол компаниялари вакиллари иштирокида бизнес форуми ҳам ташкиллаштирилди.

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш