Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
Муҳокамада давлат тиббий суғуртаси
Сирдарё вилоятида давлат тиббий суғуртаси механизмларини амалга оширишга бағишланган конференция бўлиб ўтмоқда. 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ), Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ҳамкорлигида 22-24 февраль кунлари давом этадиган конференцияда Сирдарё вилоятида олиб борилаётган тажриба-синов хулосалари, халқаро тажриба ва кутилаётган натижалар, юртимизда амалга оширилаётган бирламчи тиббий-санитария ёрдами, соғлиқни сақлашни молиялаштириш ва бошқаришни баҳолаш ҳамда вилоятда эришилган ютуқлар кенг муҳокама қилинади.  

Бугун вилоят ҳокимлигида конференция доирасида мулоқот бўлиб ўтди. Унда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ), Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси, вилоят ҳокимлиги ва соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари ҳамда  тиббиёт муассасалари раҳбарлари иштирок этди.

Тадбирда муҳтарам Президентимизнинг 2021 йил 28 июлда қабул қилинган “Соғлиқни сақлаш соҳасида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ вилоятда соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғурта тизими билан боғлиқ тажриба-синов ишлари 2021 йил 1 июлдан жорий этилгани борасидаги тажрибалар бўйича маълумот берилди.

ЖССТ экспертлари  оилавий шифокор ва ҳамширалар кўрсатаётган тиббий ёрдам самарадорлигини ошириш, ахборотлаштириш ва тиббиёт муассасаларини молиялаштириш юзасидан тавсиялар бериш, тажриба-синов лойиҳасида эришилган ютуқлар, муаммо ва камчиликлар билан танишиш истагини билдирди. 

– Сирдарё тажрибасининг яхши натижалари билан яқиндан танишмоқдамиз, –дейди ЖССТ эксперти Арнольдас Юргутис. – Соҳада мураккаб ва юқори технологик амалиётлар Жамғарма билан ҳамкорликда жорий этилаётганлиги тизим ривожида муҳим аҳамият касб этади. Ҳар бир касаллик бўйича кафолатланган пакет ишлаб чиқилгани, бирламчи тиббий санитария ёрдами сифатига эътибор қаратилаётгани бизга манзур бўлди.

– Авваллари аҳоли оилавий шифокор кўригига бормасдан, бир йўлла КТМП ёки стационардаги шифокорларга мурожаат қилар эди, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ф.Мавлонов. – Эндиликда  улар энг аввало оилавий шифокор кўригидан ўтиб, унинг маслаҳати ва тавсиясига кўра туман, шаҳар ёки вилоят даражасидаги тиббиёт муассасаларига мурожаат қилмоқда.

Конференциянинг биринчи кунида  иштирокчилар Гулистон шаҳридаги 3-, 4- оилавий поликлиникада давлат тиббий суғуртаси тизимида амалга оширилаётган янгиликлар билан яқиндан танишади.

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш