Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
Сенатор Фарҳод Боқиев: Тарбияда танаффус бўлмаслиги керак

Интернет инсонлар ҳаётига шунчалик сингиб кетганки, замонавий жамиятни усиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бир сўз билан айтганда, Интернет, ижтимоий тармоқлар ҳаётимизда ахборотнинг ўрнини кескин ошириб юборди.

Бу ахборот маконида инсонларнинг дунёқарашини ўзгартириш қудратига эга энг кучли воситага айланди. Чунки ҳар ким хоҳлаган маълумотини шу макондан олиши ёки ўзи истаган талқинда ахборотни унга жойлаштириши мумкин.

Оддий қилиб айтганда, ахборотнинг ранги ҳам, оғирлиги ҳам йўқ ёки чемоданга ўхшаш ушлагичи ҳам йўқ, у ҳаво кенгликларида эркин сузувчи характерга эга. Шунинг учун дунёнинг бир бурчагида юз берган воқеа-ҳодиса ҳақида ўша вақтнинг ўзида хабардор бўлиш мумкин. Бунинг ижобий хусусиятлари билан бирга, танганинг иккинчи томонидаги, кўзга кўринмас салбий жиҳатлари ҳам бор.

Чунки бир қарашда беозор туюлган ижтимоий тармоқлардаги махсус мулоқот дастурлари орқали кечадиган суҳбатлар тафаккури энди шаклланаётган болаларни охир-оқибат жиноятгача етаклаб бораётгани ҳаётий ҳақиқат.

Шу боис Вазирлар Маҳкамасига Интернет жаҳон ахборот тармоғида ёшлар ва вояга етмаганлар учун миллий контентни ривожлантириш, уларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш ва зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида парламент сўровини юбориш масаласи ниҳоятда жиддий, керак бўлса, масалаларнинг масаласидир. Келажагимиз бўлган ёшларнинг дунёқараши, ватанпарварлигининг қандай бўлиши бугун биз биргаликда қабул қиладиган қароримиз ва амалий чора-тадбирларимизга боғлиқ.

Сабаби, бугунги глобаллашув даврида фикрга қарши фикр, ғояга қарши фақат ғоя билан амалий ҳаракатларимизни тизимга айлантирсак, натижа бўлади.

Бу борада маърифатпарвар бобомиз Фитратнинг «Бу дунё кураш майдонидир. соғлом тан, ўткир ақл ва яхши ахлоқ бу майдон қуролидир», деган сўзларининг мазмун-моҳияти ҳар қачонгиданда долзарб эканини таъкидлаш ўринлидир.

Энди мазкур парламент сўровини юборишимизга сабаб бўлган муаммолар хусусида тўхталиб ўтсам.

Биринчидан, тараққиётнинг бугунги шиддатида Интернет жаҳон ахборот тармоғининг глобал ва миллий сегменти ривожланиши тенденцияларини мунтазам ўрганиш ҳамда миллий контентни ривожлантириш механизмларини такомиллаштириш масаласига етарли эътибор қаратилмасдан келинмоқда.

Мисол учун, «Википедия» Интернет энциклопедиясига Ўзбекистоннинг машҳур спортчилари ва спорт ташкилотлари фаолияти тўғрисидаги маълумотлар Туризм ва спорт вазирлиги томонидан жойлаштирилиши, Маданият вазирлиги томонидан эса ўзбек адабиёти ва санъати мумтоз намояндаларининг асарларидан фойдаланиш имкониятини таъминлаш учун веб-портал ташкил қилиниши керак. Бу борадаги ишлар тизимли йўлга қўйилмаган.

Иккинчидан, кейинги вақтларда Интернет жаҳон ахборот тармоғи ва ижтимоий тармоқларда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган тарғибот материалларини бериб бориш, болаларни Интернетдаги турли ахборот хуружларидан ҳимоялашга қаратилган электрон шаклда иллюстрация қўлланмалари яратиш борасидаги ишлар ҳам суст олиб борилмоқда.

Масалан, «Википедия» платформасида Ўзбекистон ҳақида маълумотлар тўлиқмаслиги ёки маълумотлар эскилиги, оммабоп онлайн платформаларда мамлакатимиз ҳақидаги сифатли контентлар камлиги оқибатида ёшларнинг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги турли маънавиятга зид контентларга қизиқиши тобора ортмоқда.

Оқибатда эса, мафкуравий таҳдидлар орқали аҳолининг маълум бир қатламлари, айниқса, ёшларнинг қарашларини ўзларига маъқул бўлган йўналишда ўзгартиришга, ахлоқсизлик каби бузғунчи ғояларни сингдиришга уринишлар бўлмоқда.

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда тарқалаётган самарқандлик 8-синф ўқувчисининг видеотасвири ҳам шулар сирасидандир. Бирон-бир сабабсиз, шунчаки ижтимоий тармоқ «юлдузи» бўлиш илинжида қасддан ёши улуғ инсонга қилинган бундай хатти-ҳаракатни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Афсуски, бундай ҳолатлар жуда кўп содир бўлмоқда. Бир сўз билан айтганда, тарбияда танаффус бўлмаслиги керак.

Учинчидан, Интернет ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари сони йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Мамлакатимизда айни вақтда “Facebook«да 4.7 млн, “Instagram” да 3.7 млн, «Телеграм»да 18 млн, “Odnoklassniki«да 16.7 млн фойдаланувчи мавжуд. Интернет тармоғидаги “.UZ” доменида рўйхатдан ўтган доменлар сони ҳозирги кунда 98 мингтадан ошган.

Афсуски, Интернет тармоғи орқали тарқатилаётган ғаразли маълумотлар, турли бузғунчи ғоялар, одоб-ахлоқни емирувчи иллатлар ҳар бир онгли кишини ташвишга солмоқда.

Биргина 2021 йилнинг декабрь ҳолатига кўра, миллий домен ҳудудидаги 289 та веб-сайтда беҳаёлик ва маънавий бузуқлик тарғиботига хизмат қилиши мумкин бўлган ҳолатлар аниқланган бўлиб, 2097 та қонунбузарлик ҳолати қайд этилган.

Ёки шу кунларда телеканалларда эфирга узатилган сериал ва кинолардаги ҳолатлар ва унга жамоатчилигимизнинг кескин эътирозларини айтиб ўтиш мумкин.

Тўртинчидан, қимор (тотализатор) ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни Интернет ва ижтимоий тармоқларда онлайн тарзда ўйнашни таклиф этувчи турли рекламалар, бундан ташқари, жангари, ваҳшийликни тарғиб қилувчи материаллар кўпайгани натижасида ёшлар ва вояга етмаганларнинг ушбу ўйинларга қизиқиши ортидан турли ҳуқуқбузарликлар келиб чиқмоқда.

Масалан, республикада 2021 йилда содир этилган жиноятларнинг ҳар бешинчиси ёшлар ҳиссасига тўғри келган.

Ёки бўлмасам, 2021 йилда 39 426 нафар фуқаро кўча ва жамоат жойларида ҳаёт ва соғлиқ учун хавфли бўлган буюмлар олиб юргани аниқланган. Шундан ҳеч қандай мақсадсиз 30 444 нафари пичоқ, 438 нафари кастет, 592 нафари бита, 7952 нафари бошқа хавфли буюмлар олиб юришган.

Шунингдек, ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида маънавий бузуқликни тарғиб қилувчи 130 га яқин гуруҳ, саҳифа ва каналлар мавжудлиги аниқланган бўлса, уларда 2 646 та материал (фото, видео, матнли ва бошқалар) тарқатилган. Интернет ресурслари ва ижтимоий тармоқларда мазкур ҳолатларга барҳам бериш ишларида аниқ чоралар белгиланмасдан қолмоқда.

Биргина “Telegram” мессенжерининг Ўзбекистон аудиторияси учун йўналтирилган ресурсларида фаҳш контент орқали аудитория тўплаш ва реклама ҳисобидан даромад топишга қаратилган обуначилари 120 мингдан кўп бўлган каналлар аниқланган.

Давлатимиз раҳбари томонидан ёшларни бундай ёт ғоялардан асрашнинг энг мақбул йўли, яъни ёшларга эътиборни кучайтириш, ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлашга қаратилган беш муҳим ташаббус илгари сурилган. Шу боис ёшларимиз дунёқарашини тўғри шакллантириш борасида мазкур формулани ёшларимиз орасида ривожлантиришимиз зарур.

Президентимиз таъкидлаганидек, биз янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси – бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси – аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавиятдир.

Биз яратаётган янги Ўзбекистоннинг мафкураси эзгулик, одамийлик, гуманизм ғояси бўлади. Биз мафкура деганда, аввало, фикр тарбиясини, миллий ва умуминсоний қадриятлар тарбиясини тушунамиз. Улар халқимизнинг неча минг йиллик ҳаётий тушунча ва қадриятларига асосланган.

Юқорида қайд этилганлардан келиб чиқиб, ўқувчи-ёшларнинг онгига зарар етказиши мумкин бўлган ахлоқсизликни тарғиб қилувчи контентлар, диний адоватни қўзғатувчи, таваккалчиликка асосланган онлайн ўйинлар, тотализаторлар, оилавий қадриятларни инкор этадиган ҳамда жамиятда бузғунчилик ғояларини тарғиб этадиган веб-ресурсларга қарши курашиш – биргаликдаги устувор вазифа ҳисобланади.

Юқоридагиларни инобатга олиб, Олий Мажлис Сенатининг йигирма учинчи ялпи мажлисида сенаторлар Интернет жаҳон ахборот тармоғида ёшлар ва вояга етмаганлар учун миллий контентни ривожлантириш, уларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш ва зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисидаги қарорни қабул қилдилар.

Фарҳод БОҚИЕВ, Олий Мажлис Сенатининг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари.

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш