Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
Вилоят ҳокими Қонликўлга борди
Давлатимиз раҳбари топшириғи билан республикамиз вилоятлари Қорақалпоғистондаги туманларга бириктирилган. Жумладан, Сирдарё вилояти Қонликўл туманини ўз тажрибаси асосида янада ривожлантиришга кўмаклашяпти.

Икки йилдан ортиқ вақт давомида туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли учун янги иш ўринлари ва муносиб турмуш шароитини яратиш, мавжуд ижтимоий муаммоларни ҳал этишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилиб келинмоқда.

Энг чекка маҳаллалардаги бунёдкорлик руҳини, ижтимоий инфратузилма натижасини одамлар ўз ҳаётида кўрмоқда. Хусусан, қисқа фурсатларда 350 та эҳтиёжманд оилаларнинг турар жойлари таъмирлаб берилди. 10 та янги уй-жой қурилди. Ушбу мақсадлар учун 7 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланди.

Аҳоли ҳаётини яхшилаш, ишга солинмаган янги заҳираларни сафарбар этиш, маҳаллаларда Сайхунобод, Уйчи, Зарбдор ва Ғиждувон тажрибаларини оммалаштиришга янги суръат бағишлаш мақсадида вилоят ҳокими Акмалжон Махмудалиев бир гуруҳ масъуллар, тадбиркорлар Қонликўлда бўлиб, маҳаллий раҳбарлар билан биргаликда истиқболдаги режаларни белгилаб олди.

Ишбилармонлар билан очиқ мулоқотда муаммолар муҳокама қилиниб, таклифлар қўллаб-қувватланди. Янги лойиҳалар тақдимот қилинди.

Сирдарёлик ташаббускор тадбиркорлар томонидан Қонликўлда ҳудуд иқтисодиётига туртки берувчи 2 та янги йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. Булар “Peng Sheng” МЧЖнинг пахта етиштириш ва ип-калава ишлаб чиқариш корхонаси ҳамда “Intergrain” МЧЖнинг донни қайта ишлаш корхонаси. Ушбу қувватлар 2025 йил якунига қадар босқичма босқич ишга туширилади. Натижада 400 га яқин маҳаллий аҳолининг бандлиги таъминланади.

Акмалжон Махмудалиев ишбилармонларга ҳар томонлама мададкор бўлиб, лойиҳаларни жадаллаштириш муҳимлигини таъкидлади.

Бугунги кунда туманда 54 минг нафарга яқин аҳоли яшайди. 24 та мактаб, 15 та боғча, 70 дан ортиқ саноат корхоналарида аҳоли доимий иш билан банд.

Чорвачилик ва деҳқончиликка ихтисослашган бу ҳудудда 80 фоиз хонадонларда томорқа бор. Ҳозирда Сайхунобод тажрибаси асосида иссиқхона ташкил этиб, йилига икки марта ҳосил олишни йўлга қўяётган оилалар сони кўпаймоқда.

Вилоят ҳокими томорқасидан омилкорлик билан фойдаланиб, даромад топаётган хонадонларни кириб кўрди. Хонадон эгалари билан суҳбатлашди. Улар инсоннинг ўзида ҳаракат бўлса, кўпроқ меҳнат қилса, яхши яшаши мумкинлиги айтди. Режа ва ниятлари ҳақида сўзлаб берди.

- Аҳолиси тўлиқ иш билан таъминланган ҳудудга айлантириш мезонларидан бири худди Сирдарёдаги каби Қонликўл шароитида ҳам, бу - ер. Аҳоли ихтиёрида томорқалар, ундан фойдаланаман деган инсонлар ҳам кўп. Фақат уларга ёрдам бериш керак,- деди Акмалжон Махмудалиев.

«Маҳалла еттилиги» ва мутасаддиларга тижорат банкларини жалб этган ҳолда иккилик, учлик, тўртлик ва бешлик “ижтимоий пакет” лар асосида иссиқхона қурилмалари, асалари уяси, чорва, парранда, кўчат ва уруғликларни яхлит тўплам қилиб, аҳолига етказиб бериш бўйича тавсиялар берилди.

Шундагина оилаларнинг даромади, харид қобилияти ошиши, бу уларнинг ҳаёт сифатида, саломатлигида, фарзандлари камолида акс этиб, жамият ривожига ҳисса бўлиб қўшилиши таъкидланди.

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш