Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
Зарбдор ва Ғиждувон тажрибаларини йўлга қўйиш борасидаги ишларнинг натижадорлиги муҳокама этилди
Халқ депутатлари Янгиер шаҳар, Ховос ва Сардоба туманлари Кенгашларининг навбатдан ташқари сессиялари бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси Акмалжон Махмудалиев иштирок этди.

Кун тартибидаги асосий мавзу ҳудудларда аҳоли бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича Сайхунобод, Уйчи, Зарбдор ва Ғиждувон тажрибаларини йўлга қўйиш борасидаги ишларнинг натижадорлиги ҳақида бўлди.

Жорий йилнинг 12 август куни Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида мутлақо янги тизим – 4 та туман тажрибаси оммалашмаётган ҳудудлар қаторида Янгиер шаҳар, Ховос ва Сардоба туманлари ҳам санаб ўтилган эди.

Дастлаб шаҳар ва туман ҳокимларининг ахбороти тингланди. Шундан сўнг ҳудудларнинг имкониятлари, мавжуд муаммо ва камчиликлар муҳокама қилинди.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ҳақиқатдан ҳам мазкур ҳудудлар ҳокимлари, иқтисодий комплекс раҳбарлари бу ислоҳотларни ҳануз тўлиқ тушуниб етмаган. Уйчи тажрибаси асосида вилоят бўйича қарийб 22 мингта янги иш ўринлари яратилган. Лекин, Янгиерда вилоят кўрсаткичига нисбатан 11 фоиз, Ховос ва Сардоба туманларида эса 7 фоиз кам иш ўринлари яратилган.

Ёки, Сайхунобод тажрибаси асосида ҳар бир маҳаллада камида 10 тадан микролойиҳа қилиш зарур. Бу орқали вилоятда жами 2,8 мингта микролойиҳа ишга туширилиб, 5,6 мингта янги иш ўринлари яратилди. Бироқ юқоридаги 3 та ҳудуддаги 45 та маҳаллада номигагина 3-4 та микролойиҳа қилинган.

Ғиждувон тажрибаси асосида ҳокимларга маҳаллани ўзида “тепага ўсадиган” (вертикал) саноат бинолари ташкил қилиш топширилган. Лекин, бирорта ҳоким ҳисоб-китоб қилиб, нечта лойиҳа қилиши ва қанча иш ўрни яратиши бўйича режасини тасдиқлагани йўқ. Зарбдор тажрибаси бўйича ҳам раҳбарлар хотиржамликка берилган.

Вилоят ҳокими кўрсатиб ўтилган хатоларни тўғрилаш бўйича масъуллар олдига аниқ вазифалар белгилаб, ижроси устидан қатъий сўров бўлишини таъкидлади. Сусткашликка йўл қўйган раҳбарларга қаттиқ чора кўрилиши ҳақида огоҳлантирилди.

Сессияда кўриб чиқилган масала юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш