Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
Сектор раҳбарлари қатъий огоҳлантирилди, ҳоким ўринбосарларига "ҳайфсан" берилди

Вилоят ҳокими Акмалжон Махмудалиев Ширин шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, аҳолининг яшаш шароитлари ва ҳудуддаги муаммоларни ўрганди.

Қайд этиш керак, барча ҳудудлардаги каби Ширинда ҳам катта ўзгаришлар бўлаяпти. Сўнгги икки йилда шаҳарга 74,9 миллион доллар инвестиция жалб қилиниб, 61 та янги корхона ишга тушган. Уларда 381 та доимий иш ўринлари яратилган. Тадбиркорлар сони 2 карра кўпайган.

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш мақсадида 4 километр ички йўллар асфальтланган, 4 та трансформатор пункти мукаммал таъмирланган, 5,6 километр янги электр узатиш тармоғи тортилган.

Айни пайтда "Ташаббусли бюджет" лойиҳаси доирасида 5 та объектда қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда. Тез фурсатларда "Жанубий Мирзачўл" канали устидан ўтган кўприкни реконструкция қилиш, Амир Темур ва Фарҳод маҳаллаларида 40 хонадонга мўлжалланган 2 та 5 қаватли уй-жой қурилишини бошлаш кўзда тутилган.

Лекин ўрганишлар давомида маълум бўлдики, шаҳарда ҳали фойдаланилмаётган имкониятлар, долзарб муаммоли масалалар ҳам етарлича. Аҳолини барқарор иш ва ойлик билан таъминлайдиган кичик ва ўрта корхоналар кам. Томорқалардан самарали фойдаланиш, бу борада "Сайхунобод тажрибаси"ни оммалаштириш ишлари сут олиб борилмоқда.

Масъулларнинг эътиборсизлиги туфайли истироҳат боғи ташландиқ аҳволга келиб қолган, бу ерда аҳолининг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун шарт-шароитлар етарлича эмас. “Яшил макон” лойиҳаси доирасида ўтқазилган кўчатлар қаровсиз ётибди, суғориш тизими тўғри йўлга қўйилмаган.

Кўп қаватли уйлар олдидаги ўйин ва спорт майдончалари таъмирталаб аҳволда. Маҳаллалар, кўчалар манзараси ҳавас қиларли даражада эмас. Ҳашар, ободонлаштириш ишларида аҳолининг ҳамжиҳатлиги айтарли сезилмайди. Мавжуд бошқарув сервис компанияларининг хизмат сифати ҳаминқадар. Аҳолининг ширкатлардан дебитор қарздорлиги эса юқори.

Маҳаллалар билан танишиш узоқ давом этди. Шундан сўнг қатор тадбиркорлик субъектлари фаолияти ўрганилди. Айрим тадбиркорларнинг нон ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, ташиш, сотиш ва уларни сақлашда санитария-гигиена талабларига риоя қилмаётгани қаттиқ танқид қилинди.

Вилоят ҳокими шаҳар спорт мактабининг академик эшкак эшиш базасини ҳам кириб кўрди, спортчилар билан суҳбатлашди.

Ўрганишлар давомида аниқланган хато ва камчиликларга йўл қўйганлиги, масъулиятсизлиги учун сектор раҳбарлари қатъий огоҳлантирилди, ҳоким ўринбосарларига "ҳайфсан" берилди.

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш