Тўғри гап туққанингга ёқмайди. Инсоннинг табиати шундай – кимдир кутилмаганда ақл ўргатса, тўғри йўл кўрсатса, инкор қилиб кўради. Атрофига қарайди, мулоҳаза қилади. Кейин ўйлаб кўради. Яхши маслаҳат бўлса қабул қилади. Қуруқ гап бўлса, эътибор қилмай қўяқолади.
Президентнинг Сирдарёга ташрифидан бир кун олдин – 13 март куни сайхунободлик бир йигит билан суҳбатлашиб қолдим. Ҳозир ўша суҳбат хаёлдан ўтар экан, инсон характеридаги қайсарлик ёдимга тушиб кетди.
– Беш йиллар олдин йигирма сотихли майдонга уй қурганман, – дейди суҳбатдошим қўлимдаги ён дафтарчага синчков қараб олиб. – Уй бир четда қолди, асосийси, ўн уч сотих томорқага эга бўлдим. Эр-хотин уч фарзандни тарбия қиляпмиз. Қўшимча даромад керак. Ҳовлига Бахмалдан ўн туп “беш юлдуз”нинг кўчатини келтириб экдим. Кўрганман, бу олманинг бир тупи шунчалар катта бўлиб кетади, ярим тоннагача ҳосил беради. Хуллас, кўчатлар уч-тўрт йил яхши кўкарди, қулоч-қулоч новда сурди. Хаёлда тонна-тонна олма. Кейин дарахтларимизнинг авжи қайтди, кўп ўтмай қуриди. Менинг ҳам шаштим синди.
У суҳбатимизни шу жойида тўхтатмоқчи бўлди назаримда, лекин нимагадир давом этди.
– Ҳозир томорқани бедазорга айлантирганман, – дейди хотиржам. – Бир йилда уч марта ўриб оламан, ташвиши кам. Бир миллион сўмдан ортиқ пул бўлади. Иккита соғин сигир боқамиз, уларга емиш ўзимиздан чиқади. Еримизнинг шароитини билмаганлар томорқада “ундай қил, бундай қил”, деб маслаҳат бериб қўймайди... Дафтарчангизни очманг, бу гапларни ёзиш шарт эмас. Исмимни кўрсатмасангиз, ёзсангиз ҳам майли.
Эртасига, давлат раҳбари ташрифидан сўнг ўша йигит билан яна суҳбатлашгим келди. Қидирдим – топдим. Бу ҳақда сўзимиз якунида алоҳида тўхталаман.
Президент Шавкат Мирзиёев 14 март куни Сирдарё вилоятига ташрифи давомида Сайхунобод туманидаги Иттифоқ маҳалласида бўлди.
Асосан деҳқончилик ва хизмат кўрсатиш соҳасига ихтисослашган бу маҳаллада 6 минг 700 нафарга яқин аҳоли яшайди.
– Умумий томорқа майдонларимиз 185 гектарни ташкил этади, – дейди маҳалла раиси Воҳиджон Умрзоқов. – Қатор савдо дўконлари ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, фермер хўжаликлари, таълим ташкилотлари, тиббиёт муассасаларимиз бор. Бу ресурслар аҳолимиз бандлигини таъминлаш учун етарли бўлмаяпти. Айни пайтда меҳнатга лаёқатли юз нафар ишсиз фуқаромиз бор. Ўтган йили аҳолини тадбиркорликка жалб этиш учун 140 та лойиҳага кредит берилган. 137 кишига деҳқончилик қилиш учун узоқ муддатга ер ажратилган.
Президентимиз маҳаллада аҳоли даромадини ошириш, бунинг учун томорқа имкониятларидан кенг фойдаланиш зарурлигини таъкидладилар. Биз бу бўйича энди алоҳида иш олиб борамиз, тажриба учун бир қанча хонадонларда қатор лойиҳалар йўлга қўйилди. Одамларимиз томорқадан қандай натижа олишини ўз кўзлари билан кўришлари мумкин. Аниқ факт ва амалий натижалар кўриниб турганидан кейин тарғибот ишларимиз ўз самарасини бериши шубҳасиз.
Мутахассислар фикрига кўра, бу туман аҳолисига қўшимча ер ажратиш зарурати йўқ. Чунки Сайхунободда томорқалар ўртача 20 сотих атрофида тақсимланган. Бу кичкина рақам эмас, ундан тўлиқ фойдаланилмаётгани ачинарли.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 мартда “Аҳоли хонадонларида саноат усулида маҳсулот ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ҳамда томорқа ва деҳқон хўжаликларида янги захираларни ишга солишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ҳужжат асосида масъул вазирлик ва идораларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Хусусан, ҳудудларда жорий йилда аҳоли томорқа ва ер участкаларида баҳорги, такрорий ва тўқсонбости усулида экинлар экиш, жумладан, 252 минг гектар майдонга уч марта ҳосил олишни назарда тутувчи қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш ва маҳсулот етиштириш бўйича прогноз кўрсаткичлар ишлаб чиқилади. Бу каби хайрли ташаббус самара бериши, албатта, бир қатор омилларга боғлиқ.
Шуни инобатга олиб, қарорда 2024 йилда экспортбоп ва сердаромад экинлар экиш ва аҳолининг мазкур соҳада билимини ошириш учун 54 та туманда намунавий ўқув-тажриба майдонлари ташкил этилиши кўзда тутилган. Сайхунобод ана шу туманлар рўйхатида бор.
– Шу ўринда савол туғилади, бу туман нима учун ушбу рўйхатга киритилди, – дейди Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Ҳаитов. – Бу ҳудудда аҳоли томорқалари нисбатан катта – 15-20 сотих атрофида. Аҳоли ўз ер майдонининг имкониятидан тўлиқ фойдаланмайди. Масала таққосланганда яққол кўринади. Айтайлик, Фарғона водийси вилоятларидаги 6 сотих томорқадан олинаётган даромад бу ердаги катта томорқалардан олинаётган даромаддан бир неча ҳисса кўп. Шуни ҳисобга олган ҳолда бу маҳалладаги бир қанча хонадон томорқаларида турли йўналишларга ихтисослашган намунавий ўқув-тажриба майдонлари ташкил этилди. Ер эгаларининг билимини ошириш учун мутахассислар бириктирилди. Бу тажрибанинг натижаси бошқа томорқа эгаларига кўрсатилади. Инсон табиати шундай, эшитгандан кўра ўз кўзи билан кўрса, яхши қабул қилади.
Намунавий ўқув-тажриба майдонларидан бири шу ердаги 24-уйнинг томорқасида ташкил этилди. Рисолат Ғуломовага қарашли бу хонадон томорқаси ҳам 14 сотих. Уй эгалари шу пайтгача ер майдонининг ўттиз фоиз имкониятидан фойдаланиб келганини яширмайди. Улар авваллари фақат сабзи, саримсоқ пиёз ва бир неча туп мевали дарахт парвариш қилиш билан шуғулланган. Бугун улар ҳар қарич ердан унумли фойдаланмоқда. Ҳокимлик ва мутасадди ташкилотлар кўмагида Мўъжазгина интенсив боғ яратилди. Бунинг учун ҳудуд иқлимига мос, чуқур томир отмайдиган 40 туп олма, 30 туп ток кўчатлари экилди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу туман ҳудудида сизот сувлар яқинлиги сабабли ўқ илдизли, катта дарахт кўчатларини экиш самара бермайди.
Кўчат ораларида сабзи, саримсоқ пиёз, турли кўкатлар етиштирилмоқда. Икки сотихли иссиқхонада 30 туп лимон, қатор ораларида эса помидор ва қулупнай етиштириш йўлга қўйилди. Томорқа адоғида 50 та товуқ, 20 бош қуён, 10 та қутида асалари ва 2 бош соғин сигир парвариш қилинмоқда. Хонадонда 5 сотих ер майдонидан бир қанча йўналишда бир йилда умумий ҳисобда 70 миллион сўм атрофида соф фойда олиши кутилмоқда.
Маҳалладаги 28-уй томорқасида академик Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти томонидан тез ҳосилга кирувчи 50 туп олма кўчати, 20 туп анор экилди. Қатор ораларига Сирдарё иқлимига мос 12 минг дона терак қаламчалари парвариш қилинмоқда.
Бундан ташқари, икки сотихли иссиқхонада кўкатлар, помидор етиштирилмоқда.
Бу хонадон эгаси Зулфия Нуралиева. Турмуш ўртоғи вафот этган. Бир ўғил, у уч қизни катта қилган. Хонадон томорқасидан самарали фойдаланиш лойиҳаси уларга жуда манзур бўлди. Энди улар йилига 90 миллион сўм атрофида даромад қилиш имконига эга бўлди. Авваллари бу томорқада ўн-ўн беш туп мевали дарахт, қатор ораларида эса беда экилган эди. Мевали дарахт ҳосили рўзғордан ортмаган.
Маҳалланинг яна бир вакили Ҳасан Қўлдошев хусусий корхонада ҳисобчи бўлиб ишлайди. Турмуш ўртоғи Ферузахон ҳамшира. Улар уч фарзандни тарбияламоқда. Болалар уй-рўзғор юмушларига кўмакчи бўлиб қолишган.
Умуман олганда, бу оиланинг моддий даромади ёмон эмас, лекин қўшимча маблағ дастурхонларнинг янада тўкинлигига, фарзандлар келажагига дахлдор масала саналади. Шу жиҳатни инобатга олган ҳолда уларнинг хонадонида асосан чорва ва парранда етиштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Томорқада эса сабзавот экинлари – картошка, помидор ва кўкатлар етиштирилади.
Томорқа этагида жойлашган молхонада икки бош қорамол, еттита қўй, 120 та товуқ боқилмоқда. Уй эгалари фарзандларни меҳнатга ўргатиш тарбиянинг муҳим қисми эканини таъкидлайди.
Маҳаллада яна бир қанча турли лойиҳаларга мўлжалланган хонадонлар мавжуд. Маҳалла аҳли, умуман, сайхунободликлар бундай хонадонларда томорқачиликнинг ўзига хос усули йўлга қўйилганига катта қизиқиш билдирмоқда. Улар бу тажрибани ўрганишга, ўзлари ҳам амалда қўллашга ҳаракат қилишларини таъкидламоқда.
Энди сўзимиз бошидаги суҳбатнинг давоми қандай бўлгани ҳақида тўхталамиз. Таъкидланганидек, олма парваришига иштиёқманд ўша йигитни топдим. У Академик Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти мутахассислари билан суҳбатлашмоқда. Бу мулоқотни бўлишини ўзим учун маъқул топмадим.
4 650,6 млрд сўм, 105,8 %
2024 йилнинг январь–март ойларида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан фоизи
2 745,2 млрд сўм, 60,0 %
2024 йилнинг январь–март ойларида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан фоизи
917,943 киши, 101,9 %
2024 йилнинг апрел ойида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан фоизи
697,3 млрд сўм, 105,5 %
2024 йилнинг январь–март ойларида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан фоизи
1 156,6 млрд сўм, 105,1 %
2024 йилнинг январь–март ойларида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан фоизи
Янги 520 та, 78,4 %
2024 йилнинг январь–март ойларида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан фоизи