Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
Янгиер шаҳрига ҳоким тайинланди
Халқ депутатлари Янгиер шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ўтказилди. Унда вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев, шаҳар Кенгаши депутатлари, вилоят ва шаҳар сектор раҳбарлари, корхона ва ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Янгиер вилоятимизнинг катта ишлаб чиқариш ҳажмларига эга бўлган ҳудудлардан бири саналади. Сўнгги йилларда муҳтарам Президентимиз бошчилигида барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар натижаси ўлароқ шаҳарда ҳам қатор ижобий кўрсаткичларга эришилди.

Хусусан, шаҳарда бугунги кунда 200 дан ортиқ саноат корхоналари фаолият кўрсатмоқда, улар томонидан 2021 йилда 672 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган. Бу кўрсаткич 2017 йилга нисбатан 4,5 бараварга кўп. Шунингдек, 2017 йилда 122,0 миллиард сўмлик хизматлар кўрсатилган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 323,3 миллиард сўмни ёки 2017 йилга нисбатан 2,5 бараварга ўсган.

Сессия аввалида вилоят раҳбари ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалаларига тўхталиб ўтди.

"Янгиер шаҳрида ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш ва халқ фаровонлигини ошириш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 17 май куни вилоятга ташрифи давомида “Янгиер санаторий”сини қайта ташкил этиш бўйича берган топшириғи асосида эски санаторий ўрнида 250 ўринли янги типдаги замонавий “Янгиер санаторийси" фойдаланишга топширилди. Кадрлар салоҳияти ва таълим сифатини ошириш борасида Тошкент Кимё-технологиялари институтининг Янгиер филиали фаолияти йўлга қўйилиб, ҳозирда ушбу институтда 1200 нафар талаба таҳсил олмоқда. Аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш ва ногиронлиги бор фуқароларнинг ижтимоий мослашувчанлигини ошириш мақсадида шаҳар Тиббиёт бирлашмаси қайта реконструкция қилинди, ногирон аёллар “Мурувват уйи” таъмирланиб, даволанувчилар учун барча шарт-шароитлар яратилди. Сирдарё элитаси бўлган “Янгиер қурувчи” футбол клуби қайта ташкил этилди.

Ушбу олиб борилаётган ишлар замирида Янгиер шаҳрининг 44 мингдан ортиқ аҳолисини ҳаёт тарзи янада яхшиланди, дейиш мумкин", - деди Ғофуржон Мирзаев.

Сессияда Янгиер шаҳрига ҳоким тайинлаш бўйича ташкилий масала кўриб чиқилди.

Вилоят ҳокими 2019 йилдан буён Сирдарё вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Носиров Отабек Урал ўғли номзодини Янгиер шаҳар ҳокими лавозимига тавсия этди.

Маълумот ўрнида, О.Носиров 1976 йилда туғилган, маълумоти олий. 1999 йилда Жиззах политехника институтини, 2007 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.

Депутатлар номзод бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди ва Отабек Носировни бир овоздан шаҳар ҳокими этиб тасдиқлади.

Сессияда сўзга чиққанлар ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, мавжуд имконият ва ресурслардан самарали фойдаланиш йўлида ҳамжиҳатлик билан меҳнат қилиб, кўзланган марраларга эришиш зарурлигини алоҳида таъкидладилар.

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш