Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати +15.6C°
eye Кўзи ожизлар учун
Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
Сирдарё “Сайхун” фестивали – ўзбек ва қозоқ ёшларининг дўстлик кўприги
«Сайхун» ёшлар фестивали доирасида ўтказилаётган «Дўстлик» форуми меҳмонлари – қозоғистонлик бир гуруҳ ёшлар Гулистон шаҳрига етиб келишди. Уларни шаҳардаги «Билимдонлар маскани»да сирдарёлик тенгдошлари тантанали кутиб олдилар.

Форум иштирокчилари дастлаб, ғазал мулкининг султони Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйишди. Вилоят мусиқали драма театри фойесида ўзбек-қозоқ халқлари тарихи ва қадриятларига бағишланган тақдимот намойиш этилди.

Қозоғистон Республикаси Туркистон вилояти ёшлар ресурслари маркази раҳбари Ерасыл Толебаев бошчилигидаги ёшлар делегацияси «Дўстлик кўприги!» шиори остида ташкиллаштирилган концерт дастурини томоша қилдилар. Тадбирда янграган икки халқ қардошлигини тараннум этувчи куй-қўшиқлар барчага байрамона қайфият улашди. 

Сўнгра қозоғистонлик меҳмонлар “Қабуллар уйи”да вилоят ҳокими, сенатор Ғофуржон Мирзаев билан учрашдилар. 

Учрашувда вилоят ҳокими азал-азалдан қардош ҳисобланган ўзбек ва қозоқ халқларининг ҳар жиҳатдан бир-бирига яқинлиги, биродарлигини таъкидлади.

–Ўзбек ва қозоқ дўстлиги азалий ва абадийдир. Ўзбек ҳамиша қозоқ биродарини «жигарим», деб ардоқлайди, қозоқ ўзбекни «ўз оғам», дея эъзозлайди –деди Ғофуржон Мирзаев. – Сизларнинг машҳур оқинингиз Абай қозоқ халқини дунёга танитди, қозоқ халқи эса Абайни оламга машҳур қилди. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, Абайнинг ўзбек халқига меҳр-муҳаббати катта бўлган. Унинг “Өзбектен досың болса аш қалмайсын, қазақтан досың болса жолдан адаспайсың (Ўзбекдан дўстинг бўлса оч қолмайсан, қозоқдан дўстинг бўлса йўлда адашмайсан)”, дея ўзбек халқига юксак баҳо берган.
 
Вилоят ҳокими учрашув давомида қозоғистонлик меҳмонларга Сирдарё заминида олиб борилаётган улкан бунёдкорлик, яратувчанлик ишлари ҳақида сўзлар экан, юртимизни янада ривожлантириш йўлида қўшни давлатлар билан барча соҳаларда алоқаларни кучайтириш, айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикасининг Президенти Қасим-Жомард Токаевларнинг икки қардош халқларимизнинг абадий биродарлиги ва манфаатлари йўлидаги саъй-ҳаракатлари натижасида Ўзбекистон ва Қозоғистон давлатлари ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик муносабатлари янги босқичга кўтарилганлигини мамнуният билан таъкидлади.

Бунга яқинда Туркистон шаҳрида ўтказилган III Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорлик форумида машинасозлик, агробизнес, қурилиш материаллари, электротехника маҳсулотлари, тиббиёт буюмлари, инфратузилмани ривожлантириш ва бошқа йўналишларда умумий қиймати 611,3 миллион доллар бўлган 54 та инвестиция ва тижорат битимлари имзоланганлигини яққол мисол қилиш мумкин.

Шундан сўнг истеъдодли ёш ижодкорлар икки миллат халқи ижодидан мушоира уюштириб, бахшичиликда дўстона беллашдилар. Ёшлар форумнинг дастлабки куни ҳақидаги ўз таассуротлари, фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.

–Бугунги форумдан катта таассуротга эга бўлдик, –деди Ерасыл Толебаев. –Дўстлигимизни янада мустаҳкамлаб, хурматли Ғофуржон Ғаниевич таъкилдаганидек, икки давлатнинг ўзаро дўстлик ва ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқишда биз, қозоғистонлик ёшлар ҳам ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшамиз. Сизлар бошлаб берган “Дўстлик” форуми халқларимиз ўртасида ҳақиқий “Дўстлик кўприги” бўлиб хизмат қилади. Энди сирдарёлик ёшларни Туркистонда кутиб қоламиз.

Учрашув якунида вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев қозоғистонлик меҳмонларга “Дўстлик” форуми статуэткаси ва эсдалик совғаларини топширди.

“Дўстлик” форуми давом этмоқда.

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш