Сешанба, 21 Январь 2025, 17:41:36
eye Кўзи ожизлар учун
Халқ депутатлари вилоят ва Сардоба тумани Кенгашларининг қўшма сессияси бўлиб ўтди.

Унда депутатлар, сектор раҳбарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Кун тартибидаги асосий масала куни кеча Давлатимиз раҳбари раислигида ҳудудлар ва тармоқларда иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича биринчи ярим йиллик таҳлили ва йил якунига қадар устувор вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижроси хусусида бўлди.

Дастлаб вилоят ҳокими жорий йилнинг олти ойида вилоятда бажарилган ишлар ҳақида қисқача айтиб ўтди.

Қайд этилдики, ўтган олти ойда ялпи ҳудудий маҳсулот 5,1 фоизга кўпайган. Саноат 6,8 фоизга, қурилиш 3,2 фоизга, хизматлар 11,4 фоизга, қишлоқ хўжалиги 3,7 фоизга ўсган. Бюджет даромадлари ҳам 758 миллиард сўмга етиб, 34 фоиз ошган.

Умуман, йил бошидан буён вилоятда яратилган қўшилган қиймат 10,9 триллион сўмга етган. Ўтган даврда жами капитал қўйилмалар 5,7 триллион сўмни ташкил қилган. Шундан 297 миллион доллари хорижий инвестициядир.

"Сайхунобод тажрибаси" асосида 128 миллиард сўм кредит берилиб, 8 минг хонадон бизнесга жалб қилинган. Хусусан, 674 та хонадоннинг бўш турган 19,5 гектар томорқасига иссиқхона қуриб берилган. Бундан ташқари, 2,5 мингта хонадонга 37 миллиард сўмлик "учлик" ва "бешлик" пакетлар ажратилиб, чорва, парранда ва асалари уяси тарқатилган.

Ўтган олти ойда 143 та оилага 105 миллиард сўмга яқин ипотека кредити ажратилган. Улар бўйича бошланғич тўлов ва фоизни қоплаш учун 12 миллиард сўм субсидия берилган. "Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш учун 13 миллиард сўм йўналтирилган.

Маҳаллаларни обод қилиш, инфратузилмани яхшилаш мақсадида 254 км умумфойдаланувдаги йўллар ва 238 км ички хўжалик йўллари асфальтланди, 11 та кўприк реконструкция қилинган. 20 км ичимлик суви ва оқова сув тармоқлари ва 2 та янги сув иншооти қурилди. Бунинг ҳисобига вилоятнинг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 87,2 фоизга етказилди. 7 та газ тақсимлаш қурилмалари мукаммал таъмирланиб, 376 таси техник тафтишдан ўтказилди. Шу билан бирга, 560 км электр тармоқлари ҳамда 203 дона трансформатор пунктлари таъмирланди.

“Яшил энергетика” соҳасидаги ишлар ҳам натижа бера бошлади. Ҳозиргача ижтимоий соҳа, тадбиркорлик субъектлари ҳамда аҳоли хонадонларига ўрнатилган 13,4 мегаватт қуёш панеллари ёрдамида 9,4 миллион киловатт “яшил энергия” олинди.

Акмалжон Махмудалиев кўпроқ муаммолар бўйича гапириб, аниқ режа ва вазифаларни белгилаш зарурлигини таъкидлади. Халқ вакилларига мурожаат қилди.

Иқтисодиёт, молия, солиқ, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва камбағалликни қисқартириш масалаларига тўхталинди. Ҳудудларда Сайхунобод, Уйчи, Зарбдор ва Ғиждувон тажрибаларини оммалаштиришга янги туртки бериш мақсадида қўшимча чоралар белгиланди.

Вилоят ҳокими транспорт, коммуникациялар, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳаларига ҳам бирма-бир тўхталиб, кечикаётган лойиҳаларни жадаллаштириш бўйича топшириқлар берди. Бу ишларнинг ижтимоий аҳамиятини, уларни одамлар ўз ҳаётида сезиши кераклигини таъкидлади. Экспорт масалалари таҳлил қилинар экан, тармоқ ва ҳудудлар натижа қилиши зарурлиги қайд этилди.

Қўшма сессия ишида, шунингдек, вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси бошлиғи Шерзод Якубов ҳамда вилоят ҳокими ўринбосари Наргиза Тожибоеваларнинг аҳоли бандлигини таъминлаш, хотин-қизларни таълим олиши, касбий кўникмаларни эгаллаши, қолаверса, уларни тадбиркорликка жалб қилиш борасидаги ишлар юзасидан ахборотлари тингланди.

Туман ва шаҳар студияларидан қатнашган секторлар раҳбарлари билан онлайн муҳокамалар ўтказилиб, ҳудудларни ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича йил якунигача мўлжалланган режалар, устувор вазифалар белгилаб олинди.

Якунда кун тартибидаги масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш