Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
Томорқа – катта даромад манбаи

Шу кунларда Сайхунобод тажрибасини вилоятнинг чекка ҳудудларида ҳам жорий этиш, аҳоли даромадини оширишда томорқа ва уй хўжалигидан самарали фойдаланиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Вилоятнинг олис ҳудудларидаги маҳалла фуқаролар йиғинларида фаолият олиб бораётган бир гуруҳ фаоллар Сайхунобод туманидаги томорқа ерлари фаолиятини ўрганди. 

Гуруҳ аъзолари дастлаб “Нуробод” маҳалласида яшовчи Муҳайё Маҳмудованинг иссиқхонасида бўлди. Оила 2017 йилдан буён 50 сотихли иссиқхонада помидор ва бодринг етиштириб келади. Бу ерда доимий 5 нафар, мавсумий 15 нафар аёл иш билан таъминланган. Иссиқхонада йилига икки маротаба ҳосил йиғиб олинади. Ҳозир даромад йилига ўртача 230 миллион сўмни ташкил этмоқда. 

Президентимиз ташрифидан сўнг юртдошларимиз иш фаолиятимизни ўрганиш учун келиб туришибди, – дейди Муҳайё Маҳмудова. – Улар орасида ишимиздан қониқиш олиб кетувчилар билан бирга бундан ҳам катта даромад олиш мумкинлигини айтиб кетганлар ҳам бўлди. 

Гуруҳ аъзолари шу маҳаллада яшовчи Лола Рўзиеванинг фаолиятини ҳам ўрганди. Лола опа 6 сотихли иссиқхонасида 15 йилдан буён меҳнат қилиб, 84 туп лимон парваришлайди ва лимон дарахтлари остида редиска етиштиради. Бу ерда доимий 3 нафар, мавсумий 5 нафар ишчи иш билан таъминланган. Даромад йилига ўртача 60 миллион сўмни ташкил этади. 

Айни пайтда бозорда редиска маҳсулотига талаб кўп, – дейди Лола Рўзиева. – Айни пайтда маҳсулотни пешма-пеш бозорга чиқариш билан бандмиз. Даромади ҳам яхшигина. Келгусида иссиқхонани яна икки сотихга кенгайтириб, кўпроқ даромад олишни мақсад қилганмиз.

Маҳалладаги Акром Рўзиев ўзининг тўрт сотихли иссиқхонасида 10 йилдан буён лимон парваришлайди. Йиллик даромад ўртача 40 миллион сўм. Келгусида иссиқхонани яна 3 сотихга кенгайтириш режаси ҳам бор.

Фаоллар туманнинг Шодлик маҳалласидаги “Сайхун шукронаси” қандолат цехида ҳам бўлдилар. Ёш тадбиркор Севара Абдуллаева маҳалладаги ўн нафар аёлга ҳунар ўргатиш билан бирга уларни иш билан таъминлаган. Ҳозирги кунда цехда 15 хилдан зиёд ширинлик ва пишириқлар тайёрланиб, туман ҳамда қўшни ҳудудларга буюртма асосида етказиб берилмоқда. 

Севара Абдуллаева шу йил ўтказилган “Хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси доирасида “Энг яхши бизнес режа” танловининг вилоят босқичида фахрли 2-ўринни қўлга киритди. Ёш тадбиркор келгусида янги ишчи ўринларни яратишни ўз олдига мақсад қилган. Хуллас, олис ҳудудлар маҳаллалари фаоллари Сайхунободда кўрса кўргудек, ўрганишга арзигулик талайгина ишлар билан танишди. 

Шубҳасиз, бу ишларнинг ортида заҳматли меҳнат турибди. Машаққатдан чўчимасагина дастурхонларимиз тўкин, турмушимиз янада фаровонлашади. Бу эса исбот талаб қилмайдиган оддий ҳаёт ҳақиқатидир. 

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш