Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
Сайёр қабул сабоқлари: талаб адолатли, илтимос ўринли бўлсин
«Инсон қадри учун». Бугун бу тамойил шунчаки баландпарвоз гап эмас, давлат органлари олдига қўйилган энг асосий талаблардан бири, халқ билан мулоқот қилишнинг бош ғоясига айланди.

Шу нуқтаи назардан, бугун вилоят ҳокими Акмалжон Махмудалиев Гулистон шаҳар Ибратли маҳалласида сайёр қабул ўтказиб, аҳолининг мурожаатларини тинглади.

Эътиборли жиҳати, бу галги қабулда шахсий масалалардан кўра, кўпчилик манфаатини ифодаловчи, жумладан, зовурларни тозалаш, тунги ёритиш чироқларини ўрнатиш, эски симёғочларни алмаштириш, ички йўллар таъмири билан боғлиқ мурожаатлар салмоқлироқ бўлди. Шунингдек, фақатгина шикоят эмас, аксинча, маҳалладаги ўзгаришлар, аҳоли турмуш фаровонлиги йўлидаги изчил саъй-ҳаракатлар учун давлатимиз раҳбарига миннатдорчилик билдиришга келганлар ҳам бўлди.

Мурожаатлар мазмунидан хулоса қилиш мумкинки, ҳозирда маҳаллалардаги энг муаммоли масала – йўл. Чунки, бу муаммо йиллар давомида тўпланиб қолган ва катта маблағ талаб этади.

Биргина қуйидаги рақамларга эътибор беринг: Ўтган 2023 йилда “Очиқ бюджет” ахборот порталида эълон қилинган “Менинг йўлим” лойиҳасига вилоят бўйича жами 432 та ташаббусли таклиф келиб тушган. Овоз бериш жараёнида салкам 28 минг киши қатнашган. Ғолиб бўлган 31 та лойиҳани молиялаштириш учун 20 млрд 312 млн сўм маблағ йўналтирилди.

Сайёр қабул шаҳар секторлари раҳбарлари ва "маҳалла еттилиги" учун яхшигина сабоқ бўлди. Негаки, маҳалладаги ер остидан ўтган эски газ қувури ўзбошимчалик билан кесиб кетилиши натижасида ички йўллар таъмирталаб аҳволга келиб қолган. Бу эса болаларни мактабга бориб келишида қийинчилик туғдирмоқда.

Вилоят ҳокими бундан масъулларнинг хабари бор ёки йўқлиги билан қизиқди. Бу борада нега эътиборсизлик қилганини сўради. Акмалжон Махмудалиев ўз маҳалласидаги муммоларга эътибор қаратмайдиган, халқ дардини эшитмайдиган "маҳалла еттилиги"ни вазифасига нолойиқлигини айтди.

Муҳтасар айтганда, қабулга келган ҳар бир мурожаатчи эшитилди. Муаммоларни ҳал этиш юзасидан масъулларга вазифалар белгиланди, имконсиз масалаларга рад жавоби берилди.

Сайёр қабулдан сўнг вилоят ҳокими янгитдан қурилаётган маҳалла фуқаролар йиғини биносини ҳам бориб кўрди.

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш