Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
eye Кўзи ожизлар учун
Поликлиника биноси ишга тушди

Сирдарё туманидаги Орзу, Туркистон ва Аҳиллик маҳаллаларидаги 9 мингдан ошиқ фуқарога тезкор ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун "Орзу " оилавий поликлиникаси 2,2 миллиард сўм давлат дастури асосида янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилди.

– Мазкур оилавий поликлиника биноси 1965 йилда қурилган,  таъмирталаб бўлиб қолганлиги туфайли муассасада фаолият олиб бораётган 7 нафар тор доирадаги шифокор, 3 нафар оилавий шифокор, 27 нафар ҳамширадан иборат 4 та тиббий бригада ва маҳаллалар аҳолиси учун ноқулайликларни туғдираётган эди, – дейди туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Санъат Қодиров. – Шу боисдан ҳам, поликлиника биноси ўтган 2024 йил бошида давлат дастурига киритилиб,  янгидан қурилди.  

Тор доирадаги ва оила шифокорлари ишлаши, беморларнинг келиб-кетиши учун зарур шарт-шароитлар яратилиб, УТТ каби тиббий диагностика аппарати, тиббий жиҳозлар келтирилди. Энг асосийси, 7 ўринлик кундузги бўлим ҳам ташкил этилди.

Бундан ташқари, поликлиника 120 турдаги дори воситалари билан таъминланиб, сурункали касаллиги бор беморларга Давлат тиббий суғуртаси жамғармасининг Реимбурсация дастури доирасида  27 турдаги бепул дори бериш тизими йўлга қўйилди.

Ушбу бинонинг очилишига бағишланган тадбирда вилоят соғлиқни сақлаш, туман ҳокимлиги вакиллари, тиббиёт ходимлари, нуроний ва маҳалла фаоллари иштирок этиб, шарт-шароит билан танишди.

– Эски поликлиника ўрнида янги поликлиника биносининг қад ростлагани бир қувончимизга ўн қувонч қўшди, –дейди оилавий шифокор У. Юсупов. – Чунки, ишлашимиз, аҳолига намунали тиббий хизмат кўрсатишимиз учун бошқа бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларидан қолишмайдиган шароитларнинг яратилгани биз шифокорларда катта таассурот қолдирди.  

Поликлиника очилишига бағишланган тадбирда соғлиқни сақлаш тизими ходимлари, туман ҳокимлиги вакиллари, фахрийлар иштирок этиб, янги бино, унда яратилган қулайликлар билан танишди.

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш