Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
eye Кўзи ожизлар учун
Хайтхан Артукбаева вафоти муносабати билан ҳамдардлик
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими раҳбари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳибаси Хайтхан Артукбаева 79 ёшида вафот этди.

Хайтхан Артукбаева 1946 йил 10 октябрда Сирдарё вилояти, Гулистон туманида туғилди. 1969 йил Тошкент давлат педагогика институтининг филология факультетини тамомлади.

Меҳнат фаолиятини 1966 йилда ўқитувчиликдан бошлаб, Гулистон шаҳридаги 1, 12 мактабда ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси бўлиб ишлади. Қатор йиллар “Сирдарё ҳақиқати” газетаси таҳририяти бўлим мудири, бош муҳаррир ўринбосари, “Гулистон янгиликлари” - “Гулистанские новости” газеталарининг бош муҳаррири, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Гулистон шаҳар Кенгаши иккинчи котиби, партиянинг Сирдарё вилояти Кенгаши раисининг мафкуравий масалалар бўйича ўринбосари вазифаларида ишлаб, ёш авлод ҳамда истеъдодли ижодкорларни тарбиялашда, вилоят журналистикаси ва оммавий ахборот воситалари ривожига катта ҳисса қўшган ташаббускор раҳбар сифатида фаоллик кўрсатди. Истеъдодли шоира, жонкуяр жамоатчи сифатида танилди.

Унинг кўп йиллик ижодий изланишлари маҳсули бўлган, эл-юртимизга, азалий қадриятларимизга меҳр ва садоқат туйғуси маҳорат билан тараннум этилган “Феруза оқшомлар”, “Кўклам эртаклари”, “Ҳумолари қайтган юрт”, “Не бахт бу дийдор”, “Ой қўнган айвон”, “Тонгларингда эсган насимман”, “Авлиёни кўрган қишлоқ” сингари ўнлаб асарлари китобхонлар қалбидан муносиб жой эгаллади.   

Хайтхан Артукбаева 2018 йилдан ҳозирги вақтга қадар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Сирдарё вилояти бўлими раҳбари сифатида қизғин меҳнат қилди. У вилоятда адабиёт, маданият ва санъатни ривожлантириш, жойларда илм-фан ва китобхонликни кенг тарғиб қилиш орқали халқимиз маънавиятини юксалтириш борасида самарали хизмат қилди. Юзлаб ёшларга устозлик қилиб, уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқаришда ташаббускор бўлди.

Айниқса, Ўзбекистон Халқ шоири Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабини ҳамда Ўзбекистон Халқ шоири Тўра Сулаймон уй музейини ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйишда чинакам жонбозлик кўрсатди.

У 2004 ва 2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси сифатида мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, мамлакатимизда парламентаризм тизимини ривожлантириш, ижтимоий ва маънавий тараққиётимиз учун зарур бўлган муҳим қонунларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга катта ҳисса қўшди.

Хайтхан Артукбаеванинг ўзбек адабиёти ва маданиятини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони, “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланган эди.

Таниқли ижодкор, меҳрибон устоз, самимий ва камтарин инсон Хайтхан Артукбаеванинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.

А.Махмудалиев, П.Ахмеджанова, Ў.Абдиев

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш