Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
eye Кўзи ожизлар учун
“Сирдарё- 2” ИЭС 2026 йилда ишга тушади
Мамлакатимизда энергия ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, электр тармоқларини модернизациялаш борасида кенг кўламли ишлар бошланди. Бу эса, иқтисодиёт тармоқларини, аҳоли хонадонларини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш имконини беради.

Президентимиз яқинда энергетика соҳасидаги объектлар ва лойиҳаларни ишга тушириш маросимида иштирок этиб, қиймати 3,7 миллиард долларлик 18 та янги қувватни ишга тушириш, 6 та янги лойиҳа қурилишига старт берган эди.

Сирдарё вилоятида ҳам 2026 йил июнь ойида умумий қуввати 1 573 МВт бўлган “Сирдарё-2” иссиқлик электр станцияси ишга тушади. Аҳамиятлиси, барпо этилаётган мазкур замонавий буғ-газ электр станцияси тўлиғича ишга тушгач, иқтисодиёт тармоқлари ва мамлакатимиз аҳолисининг электр энергиясига бўлган талабнинг 17 фоизини қондиради. Янги буғ-газли электр станцияси деярли икки баравар самарали. Бу табиий газдан самаралироқ фойдаланиш ва чиқиндиларни камайтириш, қайта тикланадиган энергия манбаларини интеграциялашга ёрдам беради.

—“Сирдарё-2” иссиқлик электр станцияси лойиҳасининг иккинчи босқичига Хитой, Қатар ва Япония компаниялари томонидан сармоя киритилди, — дейди лойиҳа раҳбари ўринбосари хитойлик Жинг Ҳонгру.— Компания Ўзбекистонда "Enersok" лойиҳа компаниясини ташкил этишни биргаликда молиялаштирди. Лойиҳа 2023 йил 16 мартда бошланган. 2026 йил 16 июнь куни ишлаб чиқаришга топширилиши белгиланган.  

Бугунги тараққиёт даври арзон, тежамкор ҳамда муқобил электр энергияси ишлаб чиқаришни тақозо этмоқда. Сирдарё вилоятида амалга оширилаётган навбатдаги лойиҳа ана шу жиҳатлари билан ғоятда аҳамиятлидир. Қувонарлиси, ушбу лойиҳа доирасида амалга оширилаётган қурилиш ишларида маҳаллий аҳоли вакиллари ҳам иштирок этмоқда.   Қурилишда 1500 нафарга яқин иш ишлаётган бўлса, уларнинг 50 фоиздан зиёдини маҳаллий аҳоли вакиллари ташкил этади. Айни вақтда электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича белгиланган режани ўз муддатда бажариш учун барча ресурслар сафарбар этилган.

Энг муҳими, шу кунларда “Сирдарё-2” иссиқлик электр станциясида қурилиш, бунёдкорлик ишлари давом этмоқда. ИЭС тўлиғича ишга тушгач табиий газнинг йиллик тежамкорлиги 2 миллиард куб метрни, электр энергияси ишлаб чиқариш эса 10 миллиард киловатт соатни ташкил қилади.

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш