Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
eye Кўзи ожизлар учун
Мирзаободликлар ҳам энди четга олхўри экспорт қилади
Сўнгги вақтларда Марказий Осиё мамлакатлари ичида Ўзбекистон географик жойлашуви, иқлим шароити, қишлоқ жойларда етарлича меҳнат ресурслари мавжудлиги туфайли гилос, олхўри, узум ва ўрик меваларини мўл етиштирадиган, дунёнинг кўп давлатларига экспорт қиладиган давлатлардан бирига айланди.

Бу натижага эришишда агрокластерлар, фермер хўжаликлари, кунни тонгга улаб меҳнат қилаётган бобо-деҳқонларнинг муносиб ҳиссаси бор. Статистика агентлигининг маълумотига кўра, Ўзбекистон 2024 йилнинг январь-август ойларида Россия, БАА, Қозоғистон, Қирғизистон, Беларусь, Монголия каби 12 та давлатга нафақат, гилос, олма, узум, қиймати 24, 3 миллион АҚШ долларига тенг 30,1 минг тонна олхўри экспорт қилган. Энг қувончлиси, олхўрининг экспорт қиймати ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4,1 миллион АҚШ долларга ошган.

Бундай мисолларни юртимизда етиштирилиб, экспортга йўналтирилаётган гилос, узум, ўрик каби мевалар, помидор, бодринг, қулупнай каби сабзавот ва полиз маҳсулотлари мисолида ҳам айтиш мумкин. Чунки, ер юзида аҳоли сонининг ўсгани сари бундай турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб ҳам ортган.

Мирзаобод туманидаги "Мирзаобод агро кластер" таъсисчилари ҳам бу масалани инобатга олиб, Мирзаободда интенсив олхўри боғ яратиш лойиҳасига қўл ўрди. Агрокластерга тегишли 100 гектар ер майдонига кузги мавсумда 66000 дона ички ва ташқи бозорда талаб юқори бўлган олхўрининг экспортбоп навини қадашган бўлса, баҳорги мавсумда яна шунча олхўри кўчати экилади.

–Ишга киришмасдан олдин ички ва ташқи бозорни ўргандик. Қолаверса, экиладиган кўчат, унинг ўсувчанлигини ҳам. Чунки, Боёвут, Сайхунобод, Сирдарё туманларига қараганда Мирзаобод тумани ерларининг шўрланиши ҳисобига ер бал-банитети анча паст. Бу эса инобатга олинди,–дейди "Мирзаобод агрокластер" масъулияти чекланган жамият раҳбари Бобур Бўрибоев. –Интенсив усулда экилган, олхўриларимиз бир йилдан сўнг ҳосилга киради. Ана шунда ўрта ҳисобда айтганда, биринчи йил 485 тонна олхўри олинса, маълум бир қисмини экспортга йўналтирса бўлади.

Чиндан ҳам интенсив боғларнинг ҳосилдорлиги ниҳоятда юқори бўлиб, анъанавий усулдаги боғлардагига нисбатан 5-6 баробар кўп мева етиштириш мумкин. Бу эса, ўз навбатида дунё бозорида талаб юқори бўлган олхўри ва бошқа турдаги меваларни етиштириш, уни экспорт қилиш имконини беради.

Ушбу маҳсулотлар хорижга нафақат мева,балки қайта ишланиб, қуритилган ҳолда ҳам экспорт қилинади. Буни "Мирзаобод агро кластер" таъсисчилари инобатга олиб, келгусида олхўри мевасини қайта ишлайдиган, қуритиб қадоқлайдиган корхонани қуриш, уни ишга тушириш устида иш олиб боришяпти.

–Олхўри боғ яратиш, қуритиш ва қадоқлаш корхонаси лойиҳа қиймати 6,7 миллиард сўмни ташкил этади. Интенсив олхўри боғ эса, томчилатиб суғориш тизими орқали суғорилади. Бунинг учун яқинда Туркиядан умумий қиймати 3 миллиард сўм бўлган томчилатиб суғориш технологияларини келтирдик. Уни ўрнатиш ишлари эрта баҳорда бошланади,–дейди Б. Бўрибоев.

Айни вақтда кластерда 30 нафар доимий, 300 нафар мавсумий ишчи ишлайди. Интенсив усулдаги олхўри боғ, қуритиш ва қадоқлаш корхонаси тўлиғича ишга тушгач, 40 та доимий, 400 га яқин мавсумий иш ўрни яратилиб, ишсиз ёшларнинг бандлиги таъминланади.

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш