Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
eye Кўзи ожизлар учун
Вилоят ҳокимининг Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган байрам тадбиридаги табрик сўзи

Ҳурматли деҳқон ва фермерлар, қишлоқ хўжалиги ходимлари!

Аввало, сиз, азизларни, сизлар орқали ўз ҳаётини қишлоқ хўжалиги соҳасига бағишлаган барча заҳматкаш инсонларни Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни билан чин қалбимдан самимий табриклайман.

Барчага маълумки, қишлоқ хўжалиги иқтисодиётнинг энг қадимий, ҳеч қачон ўз ўрни ва аҳамиятини йўқотмайдиган, шу билан бирга энг масъулиятли ҳамда меҳнати оғир бўлган касблардан бири ҳисобланади.

Ҳурматли Юртбошимизнинг таъбири билан айтганда "Шундай улуғ ва муҳим соҳанинг залворли юкини ўз елкасида кўтариб келаётган миришкор деҳқон ва фермерлар, заҳматкаш чорвадор ва пиллакорлар, моҳир сувчи ва ирригаторлар, ўз ишининг ҳақиқий устаси бўлган механизатор ва агрономлар, жонкуяр олим ва мутахассисларни дунёдаги энг олижаноб касб эгаларидир" десак, айни ҳақиқатдир.

Барчамиз яхши тушунамизки, ҳозирги ўта мураккаб иқлим шароитида кўплаб синов ва қийинчиликларга қарамасдан, ердан мўл ҳосил етиштириш – бу чинакам жасорат ва матонат намунасидир.

Халқимиз сиздек миришкор деҳқон ва фермерлар, моҳир сувчи ва ирригаторлар, ўз ишининг ҳақиқий устаси бўлган механизатор ва агрономлар тимсолида ана шундай фидойи инсонларни кўради ва эл-юрт дастурхонини тўкин қилиш йўлидаги шарафли ва олижаноб меҳнатингизни юксак қадрлайди.

Ҳар эрта баҳорда ерга уруғ қадаб, ризқ йўлини очадиган, хонадонларимиздаги тўкинлик ва файзу барака сабабчиси бўлган сиздек фидойи инсонларга ҳар қанча тасаннолар айтсак арзийди.

Азиз дўстлар!

Мазкур байрам муносабати билан сизларни қутлар эканман, бу йилги машаққатли меҳнатингиз, эришилган натижалар ва олдимизда турган режалар ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман.

Жорий йил вилоятимизда 678 минг тонна ғалла, 227 минг тонна пахта, 829 тонна пилла, 973 минг тонна мева-сабзавот, 487 минг тонна гўшт ва сут маҳсулотлари ҳамда 210 млн дона тухум етиштирилди.Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан жами 16 трлн 573 млрд сўм ёки ўтган йилга нисбатан 1 трлн 898 млрд сўм кўп фойда олинди.

Бундан ташқари вилоятда 4 минг гектардан ошиқ майдонларда Хитой технологиялари асосида юқори ҳосилдор пахта етиштирилди. Мисол учун, Боёвут туманидаги “Боёвутлик Ҳумоюн” фермер хўжалиги ҳамда Сайхунобод туманидаги “Дах Поли Тех” фермер хўжалиги ўртача 55-60 центнер ҳосилдорликка эришдилар. Шунингдек, жорий йилда Ҳурматли Президентимизнинг вилоятга ташрифларидан сўнг, аҳолини банд қилиш ва тадбиркорликни ривожлантиришни мутлақо янги тизими – “Сайхунобод тажрибаси” яратилди.

“Сайхунобод тажрибаси” асосида вилоятда қиймати 18,8 млрд сўм маблағлар эвазига 20 та мини-трактор ҳамда 602 та мато-культиваторлар аҳоли хонадонларига етказиб берилди. Вилоятда ҳар бир маҳаллада кичик ишлаб чиқариш, хизмат ва савдо объектларини ташкил этиш учун жами 4 647 та микролойиҳаларга 148,2 млрд сўмлик кредитлар ажратилди. Бунинг натижада 1 464 та хизмат кўрсатиш, 591 та ишлаб чиқариш, 482 та тикувчилик лойиҳалари ишга туширилиб, 450 та ихчам иссиқхона ташкил этилди. 33 минг бош парранда, 770 дона асалари қутилари ва 7 716 бош қорамол ва қўйлар аҳоли хонадонларига етказиб берилиб, 7 648 нафардан ортиқ аҳоли бандлиги таъминланди.

Албатта амалга оширилаётган мазкур ишлар вилоятимизнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш билан бирга, халқимиз дастурхонини фаровон қилишдек олижаноб мақсадга қаратилгандир.

Қадрли дўстлар!

Тажрибали фермерларимиз, устоз мақомига эришган миришкор деҳқонларимиз бор. Катта салоҳиятга, билимга эга бўлган деҳқонларимизнинг меҳнати, тажрибаси ҳамда маслаҳати бугун вилоятимизнинг қишлоқ хўжалигининг ривожланишида дастуруламал бўлиб хизмат қилмоқда. Уларга муносиб издошлар, ерни ҳис қиладиган фермер ва томорқачиларимизнинг борлиги эса бизни қувонтиради, албатта.

Муҳтарам деҳқон ва фермерлар!

Ҳаёт синовларида тобланган, мард ва матонатли фермерларимиз, барча қишлоқ хўжалик ходимлари бундан буён ҳам вилоятимиз аҳли фаровонлигини ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдек ғоят масъулиятли вазифани адо этишда бутун куч-ғайрат ва имкониятларини сафарбар этадилар, деб ишонаман.

Барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт-саодат, масъулиятли ва шарафли меҳнат фаолиятингизда улкан зафарлар, хонадонларингизга қут-барака ва хотиржамлик ҳамиша ёр бўлишини тилайман.

Яна бир бора байрамингиз муборак бўлсин, деймиз!

Ҳеч қачон дард кўрманг, кам бўлманг!

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш