Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
Оқолтинда кўп қаватли уйларни иcитишда янги тажриба қўлланилмоқда
Вилоят ҳокими Мирзаобод туманида мактаб ва боғчалардаги қурилиш жараёнлари, Оқолтин туманида кўп қаватли уйларнинг куз-қиш мавсумига тайёрлаш борасидаги ишларни ўрганди.

Мирзаободдаги 2, 24 ва 34-мактаб ҳамда 12-сонли мактабгача таълим ташкилотидаги қурилиш, реконструкция, мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари белгиланган графикдан ортда қолаётгани қаттиқ танқид қилинди.

Қурувчи компания вакилларига барча жараёнларни жадаллаштириш, қурилиш ишларини сифатли амалга оширишга алоҳида эътибор қаратиш кераклиги айтилди ва зарур кўрсатмалар берилди.

Оқолтин тумани марказидаги кўп қаватли уйларда тажриба сифатида жорий этилаётган локал иситиш тизими лойиҳаси Янги давр маҳалласидаги 1-уй мисолида тақдимот қилинди.

Тегишли мутахассислар томонидан тармоқнинг имкониятлари, қуввати ва бошқа кўрсаткичлари таҳлилий баён қилиниб, амалиётда кўрсатилди.

Лойиҳанинг фойдали иш коэффициенти юқорилиги, газни тежаш кўрсаткичи 50 фоизга тенглиги ҳисобга олинса, исрофдан ҳоли ва иқтисодий жиҳатдан аҳамиятли эканлиги алоҳида таъкидланди. Қолаверса, тизимнинг хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳам бир қатор афзалликларга эгалиги айни муддаодир.

— "Инсон қадри учун", деган ғоянинг ҳаётдаги амалий ифодасига гувоҳ бўлиб турибмиз, – дейди Жумагул Михлиева. — Бутун иситиш тармоқларимиз янгиланди. Энди қишда қийналмаймиз. Амалга оширилган ишлардан қўшниларимиз ҳам жуда хурсанд. Ўтган йиллар мобайнида ўзимиз, ҳар ким ўз билганича турли иситкичлардан фойдаланган ҳолда, қийналиб уйимизни иситиб, қишни ўтказардик. Ҳаммаси ортда қолди.

Вилоят ҳокими ушбу тажрибани туман бўйлаб оммалаштириш зарурлигини айтди.

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш