Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
eye Кўзи ожизлар учун
Ҳамкорликда жарроҳлик амалиёти ва семинар
Республика ихтисослашган травматология-ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази Сирдарё вилояти филиали хирурглари ҳамкорликда юқори технологик жарроҳлик амалиёти ўтказди.

1967 йилда Гулистон туманида туғилган, аммо эҳтиётсизлик сабаб йиқилиши натижасида чап сон суяги бўйинидан ёпиқ синиб, силжиши ташхиси билан келган беморда чаноқ сон бўғимида тотал эндопротезлаш, 1998 йилда Мирзаобод туманида туғилган, спорт жароҳати сабаб, юролмай қолган беморда юқори технологик артроскопия, қолган 3 нафар фуқарода ҳам юқори технологияли жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, беморларнинг соғлиқ билан боғлиқ муаммолари бартараф этилди. 

Икки ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари малакали мутахассислари Республика ихтисослаштирилган травматология-ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази илмий ходими, тиббиёт фанлари доктори, профессор Муроджон Ирисметов бошчилигида вилоятнинг Мирзаобод ва Сирдарё туманларида бўлиб, травматологик-ортопедик беморлар учун чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этиб, 100 дан ошиқ беморнинг саломатлик кўрсаткичини ўрганиб, ўрганишлар натижасига қараб, таянч ҳаракат тизими билан боғлиқ беморларга ёрдам кўрсатди.

Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази Сирдарё вилояти филиалида эса, икки муассаса мутахассислари иштирокида семинар-тренинг ҳам ўтказилиб, унда "Травматология ва ортопедия йўналишида замонавий даволаш усуллари" муҳокама этилиб, шу ернинг ўзида амалий машғулот ўтказилди.

–Сирдарёда травматолог-ортопедлар учун ўтказилган семинар-тренинг давомида травматология ва ортопедия йўналишига кириб келган янгича даволаш протоколлари, юқори технологияли жарроҳлик амалиётлари, уни қўллаш усуллари тўғрисида сўз борди. Ўйлайманку, бу икки тиббиёт муассасасининг хирург, травматолог-ортопедлари учун янада фойдали бўлди. Энг асосийи, соҳага оид янгиликлардан хабардор бўлдик. Бу эса, келгусида травматология-ортопедия йўналишдаги даволаш ишларни Сирдарёда янги босқичга олиб чиқиш имконини беради, – дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази Сирдарё вилоят филиали травматолог-ортопеди Бобур Тожибоев.

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш