Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
Кутубхона ва музейи бор хонадон
Янгиер шаҳридаги Наврўзобод маҳалласининг Зебунисо кўчасидаги 2/1-хонадон остонасидан кун бўйи одам узилмайди. Унга фақат шу маҳалла ёки шаҳарда яшовчиларгина эмас, узоқ-яқин манзиллар — пойтахту қўшни Тожикистондан ҳам таниш-нотаниш меҳмонлар тез-тез келиб туради.

Гарчи анча таажжубланарлидир, лекин айтиш лозимки, ушбу хонадондан одам қадами бу қадар узилмаслигига коронавирус пандемияси сабаб бўлган. Гап шундаки, меҳнат фахрийси Абдуқул Маматов турмуш ўртоғи Бону опа билан бундан 5 йил олдин умра зиёратига тараддуд кўриб турган эди. Аммо пандемия туфайли мазкур ибодат сафари тўхтатилди. Шунда улар бир режа қилдиларки, зеро, бу хайрли ишлари ҳам кўп савобли эди. Яъни умра зиёратига аталган маблағ ҳисобига ўз хонадонларида маърифат маскани ташкил этишди. Даставвал кутубхона учун китоблар ва жиҳозлар харид қилинди. Сўнгра маҳалладаги ногиронлиги бор шахслар кутубхонанинг илк фойдаланувчилари сифатида рўйхатга олинди ва улар ўқишни истаган адабиётларни бевосита уйига етказиб бериш йўлга қўйилди.

— Ҳозир кутубхонамизнинг адабиёт фонди 3 мингдан ошиқ, — дейди Абдуқул Маматов. — Бунда юртдошларимиз ва қўшни Тожикистондан келаётган меҳмонларнинг ҳам катта ҳиссаси бор. Негаки, зиё масканимизни кўришга келган борки, қўлида китоб совғаси бўлади. Хусусан, китоб жавонларимизда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, ҳокимликлар, турли ташкилотлар ва юртимизнинг ўнлаб таниқли кишилари ҳамда ижодкорлари томонидан туҳфа қилинган китоблар бор.

Маматовлар хонадони бугун “Бону опа зиё маскани” деб юритилади. Бинобарин, мазкур уйда “Беш муҳим ташаббус” асосида амалга оширилган маданий-маърифий лойиҳалар айни номга жуда муносиб. Масалан, музей ҳам ташкил этилганки, унинг осори атиқалари орасида жуда ноёблари ҳам мавжуд. Музейнинг мазмун-моҳиятида ўзбек хонадони турмуши, тарихи мавзулари устувор экани эътиборга молик.

— Аукцион орқали маҳалламиз ҳудудидан 6 сотих ерни сотиб олдик, — дейди Бону Маматова. — Тез орада бу ерда ўзбекона меъморий услубдаги иморатларни қуриб, унга музейни ҳам жойлаштирамиз. Қуриладиган уйимиз деворида токчаю тахмонлар билан бирга хона саҳнида ҳақиқий сандал ҳам бўлади. Шунингдек, “Онахонлар мактаби”, “Нуронийлар боғи” ҳам ташкил қилиш режамиз бор.

Янгиерда турли тадбирларни ўтказиш мумкин бўлган муҳташам бинолар кўп. Эътиборлиси, гарчи оддий хонадон бўлса-да, “Бону опа зиё маскани” ҳам улар билан бир қатордан жой олган. Яъни бу маърифат зиёси уфуриб турган хонадонда тез-тез турли маданий-маърифий тадбирлар бўлиб туради.

Маматовлар оиласи томонидан маҳалладаги ногиронлиги бор болалар учун мунтазам равишда йилига уч марта хайрия тадбири ўтказиб келинаётгани ҳам таҳсинга лойиқ. Бу ибратли ишларнинг биринчиси Янги йил байрами кунлари амалга ошириладиган саёҳат ҳисобланади. Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни — 1 июнда эса маҳалладаги ногиронлиги бор болалар учун байрам дастурхони ёзилади. Сўнгра 3 декабр — Халқаро ногиронлар кунида Тошкент шаҳрига саёҳат ташкил этилади.

Маънавий-маърифий ҳаётдаги фаол иштироки ва олиб бораётган хайрли, эзгу ишлари учун Абдуқул Маматов “Сирдарё вилоятининг 60 йиллиги”, Бону Маматова “Мўътабар аёл”, “Маънавият фидойиси” кўкрак нишонлари билан тақдирланган. Улар бош бўлган оила эса “Энг ибратли оила”, “Энг ибратли хонадон” танловлари ғолиби ҳамдир.

Амалга ошираётган неки эзгу ишлари бор, меҳнат фахрийлари — Абдуқул Маматов ва Бону Маматова уларнинг ҳеч биридан моддий манфаат кўзламайди. Ҳаётда ўз ўрнини топган фарзандлар — уч ўғил ва бир қизнинг ота-онаси бўлмиш бу жуфтликнинг мақсади ягона, кўнгилларни обод қилишдир.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,
“Халқ сўзи”.

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш