Сирдарё вилоятининг халқ депутатлари, маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёлилар, хотин-қизлар ва ёшлар вакиллари, тадбиркорлар ҳамда агрокластер эгаларининг вилоят аҳолисига
МУРОЖААТИ
Азиз сирдарёликлар!
Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг вилоятимизга ташрифлари чоғида белгилаб берилган устувор вазифалар Сирдарё вилоятининг яқин истиқболдаги ривожланиш стратегияларини ўзида мужассам этади.
Хусусан, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ўтказилган йиғилишда Давлатимиз раҳбари вилоятимизни камбағаллик, ишсизлик ва жиноятдан холи ҳудудга айлантириш ҳамда бошқа бир қатор муҳим соҳаларда “Сирдарё тажрибаси”ни яратишни устувор вазифа сифатида белгилаб бердилар.
Ўтган йилларда вилоятимизда бошланган “беш ташаббус”, “ишсизликдан холи ҳудуд”, “маҳалла еттилиги”, ҳудудларда аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш бўйича “Сайхунобод тажрибаси” каби замон талабларидан келиб чиққан илғор ғоялар Президентимиз томонидан қўллаб-қувватлангани, бутун мамлакатга ёйилгани, улар асносида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилгани барчамизга сир эмас.
Шу нуқтаи-назардан, ҳурматли Президентимиз белгилаб берган соҳалар бўйича “Сирдарё тажрибаси”ни яратиш – садоқат намунаси” эканлигини амалда таъминлашда нафақат масъул раҳбарлар, балки барча сирдарёликлар бир ёқадан бош чиқариб фидойилик ва фаоллик кўрсатиши инсоний бурчимиздир.
Қадрли ватандошлар!
Рақамларга мурожаат этадиган бўлсак, вилоятда расман 26,8 минг нафар фуқаро ишсиз деб қайд этилган. Бу ойда яна 14,8 минг битирувчилар меҳнат бозорига кириб келади.
2024 йил бошида ҳудудимиздаги 126,1 минг аҳолининг даромади паст бўлиб, камбағаллик даражаси 13,8 фоизни ташкил этган.
Хусусан, йил бошида 28,5 мингдан зиёд камбағал оила рўйхатга олинган бўлиб, ҳозирга қадар амалга оширилган комплекс чора-тадбирлар натижасида уларнинг 5,4 мингга яқини камбағаллик даражасидан чиқарилди.
Бу борада қолган 23,1 мингдан ортиқ эҳтиёжманд оилаларни ҳам камбағалликдан чиқариш вилоятимизни камбағалликдан холи ҳудудга айлантиришга хизмат қилиши барчамизга маълум.
Бинобарин, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағал оилаларни қўллаб-қувватлаш учун бор куч ва имкониятларни сафарбар этиш, шунингдек, мутасадди ташкилотлар, тадбиркор ва фермерлар, бир сўз билан айтганда, “жонажон Ватанимизнинг ривожига ҳисса қўшаман”, деган ҳар бир юртдошимизнинг олдида турган муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Негаки, киши қачон меҳнатда банд бўлиб, барқарор иш фаолияти билан шуғулланса, оиласи фаровон бўлса, ўшанда ўзига нисбатан ишончи ортади, давлатимизнинг тараққий этишига умид билан қарайди, жамиятимиздаги кечаётган жараёнларга, кенг кўламли ислоҳотларга дахлдорлик ҳисини туяди.
Қолаверса, бандлиги ортидан келган даромадига оиласини боқади, турмуши фаровон бўлади, орзу-ҳавасларига эришади.
Бу борада вилоятда 143 мингта янги иш ўринларини яратиш бўйича ишлаб чиқилган ва халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳарлар кенгашлари сессияларида тасдиқланган режаларнинг ижросини таъминлаш долзарб аҳамиятга эга.
Шу билан бирга, вилоятимиздаги 239 та маҳалланинг драйверидан келиб чиқиб, шакллантирилган 2 390 тага яқин лойиҳаларни ишга тушириш, саноат корхоналари томонидан 18,1 трлн сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқариш, ип-калавани қайта ишлашни 52,8 фоиздан 64,1 фоизга олиб чиқиш, экспортни ҳозирги 340 млн доллардан 500 млн долларга ошириш устувор вазифамиздир.
Ўйлаймизки, ҳурматли Президентимиз ташаббуслари асосида аҳоли даромадларини ошириш бўйича яратилган “Сайхунобод тажрибаси”, “Уйчи тажрибаси”ни жорий этишда бандлик ва банк тизими ходимлари, ҳар бир маҳалланинг “еттилиги”, тадбиркорлар, агрокластерлар раҳбарлари ва фермерлар жонбозлик кўрсатадилар.
Бунда, ҳудуддаги етакчи тадбиркорларни жалб қилган ҳолда лаёқатига мос равишда чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, қуёнчилик, балиқчилик каби тармоқлар билан бирга томорқа хўжалигини ривожлантириш, шунингдек, иссиқхона фаолиятини йўлга қўйиш ва бунинг натижасида намунали оилаларни бир йилда
50 миллион сўмдан ошириб даромад топишига кўмаклашиш чора-тадбирлари кўрилади.
Маҳаллаларга бириктирилаётган тижорат банклари масъуллари жойлардаги ҳоким ёрдамчилари кўмаги билан намунали хонадонларда даромад манбаини яратиш, томорқа маданиятини шакллантириш, сабзавот-полиз маҳсулотлари етиштириш, кўчат ўтқазиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, қолаверса, аҳолига савдо ва хизмат кўрсатиш, бўш турган бинолардан самарали фойдаланиш ишларига кўмаклашиб келишмоқда.
“Сайхунобод тажрибаси” ерлардан янада самарали фойдаланиш, деҳқонлар учун бозор топишга кўмаклашиш, тадбиркорларни сифатли уруғ ва дори воситалари билан таъминлаш, тадбиркорларнинг экспортига амалий ёрдам бериш, ер муносабатларини шакллантириш каби муҳим ислоҳотларни ўз ичига олди.
Ҳурматли маҳалла фаоллари ва жамоатчилик вакиллари!
Йил бошида вилоятимизда доимий яшаш манзилларидан 36,5 минг нафарга яқин юртдошимиз узоқ муддатга хорижий давлатларга кетган бўлиб, сизларнинг секторлар раҳбарлари, прокуратура ва ички ишлар идоралари ходимлари ҳамда касаба уюшмалари билан яқин ҳамкорликда олиб борилган кенг кўламли тарғибот ишларингиз натижасида 7,4 мингдан ортиғи ўз оилалари бағирига қайтиб келишди.
Бу борада секторлар раҳбарлари, 239 та маҳалланинг ҳар биридаги “еттилик” томонидан ташқи миграцияда юрган ватандошларимиз билан доимий тарзда онлайн мулоқотлар ўтказиб борилиб, қайтиб келган фуқароларнинг бандлиги таъминланмоқда.
Қадрли депутатлар, маҳалла фаоллари, нуронийлар!
Халқимизнинг “Боланинг бегонаси бўлмайди!”, “Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она” каби пурмаъно мақоллари ва даъватларни амалий ҳаракатга айлантиришимиз керак.
Айни пайтда, азиз дилбандларимизнинг камолоти, уларнинг яхши ўқиб, халққа нафи етадиган касб-ҳунарларнинг эгалари бўлиб вояга етишлари ҳар бир ота-она, маҳалла ва бутун жамиятимиз учун олий мақсадлардан бири эканлигини яхши тушунамиз.
Бу борада ҳурматли Президентимизнинг ташаббуслари билан илк маротаба жорий йилдан бошлаб вилоятимизда 11 та умумтаълим мактабларининг юқори синф ўқувчиларига дарсдан сўнг корхона ва ташкилотларда касб-ҳунарни ўрганиш ҳамда ойлик иш ҳаққи эвазига ишлаш амалиёти жорий этилади.
Буларнинг бари“Сирдарё тажрибаси” бўлади, албатта.
Бинобарин, ҳар бир ўқувчининг ўқиш давридаёқ мустақил равишда ўзи қизиққан касб-ҳунарнинг ҳақиқий эгаси бўлишини таъминлашга кўмаклашиш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир. Шундагина, бола мактаб остонасидан ўзига ишонч билан мустақил ҳаётга қадам қўяди, ўзи шуғулланадиган касби — иш жойи мавжуд бўлади.
Энг муҳими, ёшларимизни барқарор иш ўринлари билан банд қилсак, улар онгида турли бузғунчи ғояларга жой қолмайди, жамиятимизнинг ижтимоий фаол аъзосига айланади.
Барчамизга маълумки, ҳар қандай жиноят, зўравонлик – бу адолатнинг бузилиши, ҳақиқатнинг синишига олиб келади.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоятимиздаги 239 та маҳалланинг
80 тасида жиноят содир этилганлиги, 21 тасида эса жиноят ошганлиги барчамизни чуқур ташвишга солиши, табиий.
Жиноятчиликнинг асл илдизи кўп ҳолларда бекорчиликка бориб тақалади.
4 650,6 млрд сўм, 105,8 %
2024 йилнинг январь–март ойларида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан фоизи
2 745,2 млрд сўм, 60,0 %
2024 йилнинг январь–март ойларида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан фоизи
917,943 киши, 101,9 %
2024 йилнинг апрел ойида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан фоизи
697,3 млрд сўм, 105,5 %
2024 йилнинг январь–март ойларида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан фоизи
1 156,6 млрд сўм, 105,1 %
2024 йилнинг январь–март ойларида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан фоизи
Янги 520 та, 78,4 %
2024 йилнинг январь–март ойларида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан фоизи