Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
Тадбиркор ва экспортёрлар мурожаатларига ечим изланди
Ҳеч шубҳасиз, кейинги йилларда тадбиркорлар мамлакатимиз иқтисодиёти ва ҳар бир жабҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг таянчига ҳамда локомотивига айланиб улгурди.

Бу ҳақда сўз юритганда, ҳар йили яратилаётган иш ўринларининг катта қисми хусусий сектор ҳиссасига тўғри келишини таъкидлаш лозим. Шу боисдан ҳам иқтисодиётни, ижтимоий соҳани янада юксалтириш учун аввало тадбиркорликни ривожлантириш, уларга барча имконият ва шароитларни яратиб бериш зарур.

Бугун вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Акмалжон Махмудалиев тадбиркор ва экспортёрларнинг мавжуд муаммоларини ўрганиш, уларни ҳал этиш чораларини кўриш ҳамда таклифларини ўрганиш мақсадида қабул ўтказди.

Унда сектор раҳбарлари, мутасаддилар, хусусан, мазкур соҳага бевосита алоқадор ташкилот ва идоралар раҳбарлари иштирок этишди.

Қабул аввалида, вилоят ҳокими юртимизда муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан кейинги 3-4 йилда тадбиркор учун кредит ва субсидия олиш, лицензия, кўчмас мулк ва ресурсларга эга бўлиш, экспорт каби масалаларда кўплаб янги имконият ва шароитлар яратилгани, ортиқча текширишлар, нақд пул, валюта ва хомашё бўйича мавжуд чекловлар, тўсиқ ва ғовларнинг аксариятига барҳам берилганлигини қайд этди.

— Изланиб, янгиликка интилиб яшайдиган тадбиркорларни ҳар қачон қўллаб-қувватлашга тайёрмиз. Бугун илк бор сизлар билан юзма-юз учрашиб, бизнес соҳасидаги муаммо ва масалалар ҳақида батафсил гаплашиб олишга қарор қилдик. Ва бу бошланиши. Энди мазкур мулоқотни анъанага айлантириб, тизимли равишда, ҳафтада бир кун тадбиркорларни шахсан ўзим қабул қиламан. - деди Акмалжон Махмудалиев. — Вилоятдаги ҳар бир раҳбар тадбиркорлардан келиб тушган мурожаатларни қонунда белгиланган тартибда тезкор ҳал этишлари зарур ва шарт. Бу борада сусткашликка йўл қўйганларга нисбатан талаб ва чоралар жуда қаттиқ бўлади.

Мулоқот давомида 100 га яқин тадбиркорларнинг банк кредити, савдо-сотиқ, солиқ тўловлари, электр энергияси, газ таъминоти, фаолиятини кенгайтириш каби муаммо ва таклифлари ўртага ташланиб, муҳокама қилинди.

Айримларига ҳуқуқий тавсиялар берилди. Муддат талаб этиладиган мурожаатларни тегишли тартибда ўрганиш ва ҳал этиш бўйича масъуллар белгиланиб, назоратга олинди.

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш