Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
Сирдарё туманидаги "Яксарт тулпори" йилқичилик фермер хўжалигига пресс-тур уюштирилди
"Кўпкари", "Оломон пойга", "Ағдариш" каби миллий ўйинларимизни тулпорларсиз тасаввур этиш қийин. Азал-азалдан, боболаримиз ҳам учқур арғумоқларни парваришлашга, унинг зотдор зотларини кўпайтиришга қизиқишган. У сиз, на саёҳатга чиқа олган, на бир ёвга қарши жангга кириб, жангда ғалаба қозонилган. Бу бизга тарихдан маълум. Сирдарёда йилқичилик соҳасига ихтисослашган хўжаликлар сони 4 тани ташкил этиб, Сирдарё, Сайхунобод, Ховос туманларидаги хўжаликларнинг ўз номи, ўз тарихи бор. Айни вақтда у ерда 218 бош, учқур қорабайир зотли отлар парвариш қилинмоқда.

Оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналист ва блогерлар учун уюштирилган пресс-тур жараёнларида ана шу жиҳатлар эътироф этилди.

Пресс-тур аввалида "Ўзагроинспекция"нинг Сирдарё вилоят бошқармаси "Жамоатчилик билан алоқалар бўлими" бош инспектори Ғиёзиддин Усмонов ҳамда "Чорвачилик ва наслчилик ишларини назорат қилиш бўлими" бош инспектори Дониёр Ташматовлар томонидан чорвачиликда йилқичилик соҳасини ривожлантириш борасида Сирдарёда амалга оширилаётган ишлар, ҳукуматимиз томонидан чиқарилган меъёрий ҳужжатлар, унинг ижроси бўйича маълумот бериб ўтилди.

"Яксард тулпори" йилқичилик фермер хўжалигининг ташкил этилганига эса унча кўп вақт бўлмаган. Нари борса саккиз, ун йил. Ўша вақтларда бу ерда саккиз, тўққиз чоғли, ана шундай учқур, қорабайир зотли отлар парваришланган бўлса, бугунги кунга келиб, учқур тулпорларнинг сони 90 бошдан ошди.

Энг муҳими, хўжаликда наслчилик-селекция ишларига эътибор қаратилган. Йилдан йилга, соф зотли арғумоқлар ва биялар сони ортиб бормоқда. Бунда, мазкур хўжаликка, хўжалик билан Самарқанд давлат ветеринария, медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети ҳамда Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида жойлашган “Қорабайир отчилик мажмуаси” мутахассислари билан ўрнатилган ҳамкорлик алоқалари жуда қўл келяпти.

- Учқур армуғон, яъни қорабайир зотли отлар туркман, араб, мўғул, қозоқ отларининг чатиштириш йўли билан олинган зотларидир, - дейди "Яксард тулпорлари" йилқичилик фермер хўжалигида ўтказилган пресс-тур жараёнларида иштирок этган, хизмат юзасидан, Сирдарёга ташриф буюрган Самарқанд давлат ветеринария, медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети профессори, Дўстмуҳаммад Холмурзаев. - Тарихдан биламизку, қорабайир зотли отлар устидаги селекция ишлари бундан уч ярим, турт минг йил аввал ҳам юртимизда олиб борилган. Сирмашсой ёки бошқа тоғ бағридаги қоятошга ўйиб ишланган-петроглифлар қорабайир зотли учқур тулпорларимизнинг ёши уч, уч ярим минг йилдан зиёд эканлигини билдиради. 8 асрда араблар, 12 асрда эса мўғуллар Ўрта осиё ерларига бостириб келган. Ана шунда, учқур арғумоқлар муҳим роль ўйнаган.  Аммо, ундай зотли отлар, на мўғулда, на арабларда бўлган. Боболаримиз, селекционер бўлишган. Улар араб, мўғул, қозоқ, туркман отларини йиллар давомида чатиштириб, ундан қорабайир от зотларини селекция йўли билан яратишган. Жалолиддин Мангуберди, Соҳибқирон бобомиз, Амир Темур, Заҳриддин Муҳаммад Бобур каби аждодларимиз узоқ ўлкаларга юришларида, ғалаба қучишларида бу отларнинг ҳиссаси катта бўлган. Ҳатто, Хитой императори ҳам бизни учқур тулпорларга ишқи кетиб, уни олиб кетиш учун ўша асрларда савдогар ва элчиларини юборишган. Бу эса Хитой манбаларида ёзиб қолдирилган. "Яксард тулпорлари" йилқичилик хўжалигида парваришланаётган от зотлари эса, ана шу отлар авлоди. Ҳозир, биз бу ерда наслчилик ва селекция йўналишида иш олиб боряпмиз. Парваришланаётган от зотлари эса, ана шу изланишларимиз маҳсули десам, янглишмайман.

- Сўнги йилларда, йилқичилик, от спорти, замонавий бешкураш ва полони ривожлантириш, Миллий гвардия ҳузурида Чавандозлар мактаби, Қорабайир отлари маҳорат мактаблари юртимизда вужудга келди, - дейди Сирдарё вилоят  инновацион ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Азимжон Холов. - Бунга, Президентимизнинг 2017 йил 15 июндаги “Ўзбекистон Республикасида йилқичилик ва от спортини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда 2021 йил 5 августдаги қарор билан тасдиқланган Ўзбекистонда йилқичилик, от спорти, замонавий бешкураш ва полони 2025 йилгача ривожлантириш давлат Дастури ҳамда уни амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» сабаб бўлди. Унга асосан, наслли ва зотдор отларни кўпайтириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 170 та, шу жумладан, юқорида таъкидлаганимиздек, Сирдарёда 4 та йилқичилик хўжалиги ташкил этилди. Жорий йилнинг 9 июн куни Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Сирдарёдаги "Яксарт тулпори" йилқичилик фермер хўжалигининг “Қорабайир от зотининг наслини яхшилаш, озиқлантириш, кўпайтириш ва от спорти ўйинларига тайёрлаш технологияси” лойиҳаси учун 768 млн. сум микдорида маблағ ажратилди. 

Сирдарёда бу ишларни ривожланиши ва йўлга қўйилишида "Ўзагроинспекция"нинг Сирдарё вилояти ҳамда Сирдарё вилояти инновацион ривожланиш бошқармаларии ходимларининг ёрдами катта бўлмоқда. Улар ёрдами билан от ҳомиласини аниқлаш, касалликка ташхис қўйиш, даволаш мақсадида замонавий, энг сўнги русумдаги УЗИ, рентген ва бошқа аппаратлар келтирилди. Бу эса, отларни анатомияси, физиологияси, кўпайтириш биологиясини ўрганиш ва йўлга қўйишда катта ёрдамлардан бири бўлганлигини, хўжалик раҳбари Малик Равшанхонов пресс-турда эътироф этди.

- Отчилик ва йилқичилик соҳасини ўзига яраша қийинчилиги ва муаммолари бор, - дейди Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида жойлашган “Қорабайир отчилик мажмуаси” директори, Сирдарёдаги "Яксарт тулпори" йилқичилик фермер хўжалиги таъсисчиси Жаҳонгир Содиқов. - У бирдан ва бир пастда кутилган натижани беравермайди. Отчилик ва йилқичилик узоқ вақтни, катта харажатни, сабрни талаб этади. Боболаримиз, от парвариши билан қизиққан. Бизнинг қизиқишимиз ҳам шундан бўлса керак. Болаликдан от миниб, чоптириб ва елдириб унга меҳримиз тушган. Хўжаликни юритишни, от зотлари парваришлашни ўзига яраша муаммолари бор. Бунда, энг галдаги катта муаммо, озуқа ва озуқа маҳсулотлари ҳисобланади. Битта отга бир гектар, 90 отга тўқсон гектар ер керак бўлади. Хўжаликнинг ер майдони эса бор йўғи 45 гектар. Унда етиштирилаётган беда, маккажўхори ва бошқа озуқабоп экин турларидан олинадиган ҳосил, насли қорабайир зотли отлар эҳтиёжини қоплашга етмайди. Ушбу муаммо, ҳал этилса, бошқа муаммога ўрин қолмайди.

Пресс-тур жараёнида, ОАВ ходимларига, журналист ва блогерларга отлар парвариши билан боғлиқ юмушлар таништирилди. У ерда парваришланаётган, улоқчи отлар намойиши ҳам бўлиб ўтди. Энг муҳими, парваришланаётган ҳар бир отнинг ўз номи, келиб чиқиш билан боғлиқ маълумотлар Пресс-тур иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Узоқ масофага юришда, қирғизларнинг қорачай черкез оти 1100 километр йўлни босиб, дунё рекордини ўрнатган бўлса, ўзбекларнинг қорабайир отлари ўтган йили, Қашқадарёдан Тошкентгача бўлган 431 километр йўлни, 4 суткада босиб ўтиб, ўзига хос рекордни қайд этганди. Ана шу, узоқ масофага юриш тадбирида Сирдарёдаги "Яксарт тулпори" йилқичилик фермер хўжалигининг "Қалдирғоч" номли қорабайир оти ҳам иштирок этганди.

Энг муҳими, ўзбек отлари бошқа юртлар отларига нисбатан чидамлироқ. Озуқани кўп ҳам танлаб кетавермайди. Бу жиҳати эса, фермер хўжалигини катта ютуғи бўлмоқда. Қорабайир оти 7-8 ёшда яхши насл қолдиради. Ёш отлардан туғилган қулунлар эса ҳуркак бўлади. Айни вақтда хўжаликда, замонавий инновацион сунъий уруғлантириш, сканер қилиш билан боғлиқ ишлар устида изланишлар олиб борилаяпти. Бу эса  она отлардан икки уч йилда эмас, ҳар бир йилда биттадан, зотдор қорабайир отларини олиш имконини беради.

Хуллас, бир сўз билан айтганда Сирдарёдаги "Яксарт тулпори" йилқичилик фермер хўжалигига уюштирилган Пресс-тур жараёнлари ОАВ ходимлари, журналист ва блогерларда катта таассурот қолдирди. Улар ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан мутахассислардан атрофлича жавоб олишди.

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш