Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
Сирдарёда пилла режаси ортиғи билан бажарилди
Сирдарё вилояти пиллакорлари томонидан бу йил 11 655 қути ипак қурти парваришланди, 664,7 тонна “кумуш тола” етиштирилиб, режа ортиғи билан бажарилди.

Таъкидлаш керакки, ўтган йили вилоятда 114,9 гектарга яқин янги тутзорлар барпо этилиб, 5 433,5 минг туп тут кўчатлари экилган эди. Жорий йилда бунга қўшимча равишда 4 602,7 минг туп тут кўчатлари ўтқазилиб, парваришланди. Бу эса ипак қурти учун етарли озуқа базаси яратилишига, пилла ҳосили мўл бўлишига замин яратди. Бундан ташқари, вилоятнинг шаҳар ва туманларидаги 2 033 та фермер хўжаликлари билан 1 та пиллачилик кластерлари ўртасида пилла етиштириш бўйича шартномалар ҳамда фермер хўжаликлари билан 7 429 нафар қурт боқувчилар ўртасида ички меҳнат шартномалари тузилди.

Ҳар бир туманда ташкил этилган инкубаторийларга малакали мутахассислар бириктирилди, сифатли уруғ етиштиришга эътибор қаратилди. Зарур жиҳоз ва ускуналар билан таъминланди.

– Эътиборлиси, муҳтарам Президентимизнинг эътиборлари туфайли кейинги йилларда пиллачилик тармоғи жадал ривожланмоқда. Бунда экспорт имкониятлари йилдан йилга яхшиланиб бораётгани, меҳнат қонунчилигида алоҳида имтиёзлар жорий этилаётгани, ипак қурти боқиш аҳолининг доимий даромад манбаига айланаётгани аҳамиятлидир, – дейди вилоят Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Шавкат Султонов.

– Аввало, пиллачилик кластерлари билан ҳамкорликда ҳар йили янги иш ўрни яратилмоқда. Ҳар бир килограмм пилла ҳосили учун бу йил 24 700 сўмдан тарози устида нақд пул тўлаб берилди. Шунингдек, 5 000 сўмдан давлат субсидия маблағи ҳам тўланяпти. Даромад яхши бўлгач, меҳнатга муносабат ҳам, интилиш ва ғайрат ҳам ўзгача бўлиши табиий.

Вилоятда “кумуш тола” хирмони юксалишида “Ғаллакор файзли замин”, “Хасан Тиллаевич”, “Фурқат хамкор”, “Бозорбой ота”, “Турдибек ўғли Дилшод”, “Хайдарбой” каби фермер хўжаликлари ҳамда Хилола Бўтаева, Дилфуза Мусаева, Халима Узоқова, Роҳила Донобоева, Абдуғани Мирзаяров, Холбуви Арипова, Аваз Саидбеков каби илғор касаначиларнинг ҳиссаси катта бўлди. Ўртача ҳосилдорлик 57,2 килограммни ташкил этгани ҳолда, пилла терими давом этмоқда.

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш