Сешанба, 27 Апрель 2021, 13:07:58
Ҳаво ҳарорати :
eye Кўзи ожизлар учун
Сирдарёда «Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи» кўрик-танлови ғолиблари тақдирланди
Давлат, жамиятнинг равнақ топишида унинг асосий бўғини – оила ва ундаги муҳит муҳим ўрин тутади. Шу сабабли ҳам халқимизда «Оила – жамият пойдевори» дейилади. Муҳтарам Президентимиз бошчилигида ҳар бир оиланинг турмуш шароитини яхшилаш, инсон қадрини улуғлаш, ҳар кимнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишига айланди.

Сирдарё вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси томонидан 15 май – Халқаро оила куни арафасида маҳаллаларда, қишлоқларда, туман ва шаҳарларда «Фаровон оила сари» шиори остида оилаларни мустаҳкамлаш, уларни қўллаб-қувватлаш, оилавий қадриятларни тарғиб қилиш борасида 40 дан ортиқ маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилиб, байрам кенг нишонланди.

Бугун, 16 май куни Гулистон шаҳридаги Ҳунармандлар ва тадбиркорлар марказида «Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи» кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Бош Вазири ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси, сенатор З.Маҳкамова ҳамда вилоят ҳокими Ғ.Мирзаев иштирок этди ва сўзга чиқди.

– Жамиятда оилавий қадриятларни сақлаш, оилаларда маънавий-аҳлоқий муҳитни яхшилаш ва уларнинг фаровонлик даражасини ошириш, ёшларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, ажримларнинг олдини олиш, намунали оилаларнинг ҳаётий тажрибасини оммалаштиришда барча имкониятлардан кенг фойдаланишимиз даркор, – деди З.Маҳкамова. – Бунда «Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи» каби кўрик-танловлар кўзлаган мақсадимизга эришишда ижобий самарасини беришига ишонаман.

Шунингдек, сана муносабати билан ўқувчи-ёшлар иштирокида «Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи» шиори остида ўтказилган ижодий ишлар танлови ғолиблари, вилоятимизда яшаб, турли соҳаларда фаолият олиб бораётган намунали оилалар бир қанча номинациялар бўйича тақдирланди.

Танловда фахрли 3-ўринга лойиқ топилган Оқолтин туманидан Мадрахимовлар, 2-ўринни қўлга киритган ховослик Жияновлар ва 1-ўринни эгаллаган Мирзаобод туманида истиқомат қилувчи Султоновлар оиласига диплом, сертификат ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Тадбир доирасида ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида вилоятимизда истиқомат қилаётган 6 та оилага уй-жой берилиб, янги хонадонларнинг калитлари топширилди.

Вилоятда оила мустаҳкамлигини таъминлаш, айниқса, хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича ОАВ вакилларига атрофлича маълумот берилди.

Иштирокчилар учун ташкил этилган миллий ҳунармандчилик намуналари, ёш рассомларнинг асарлари, қўл меҳнати билан яратилган ва заргарлик буюмлари кўргазмаси барчанинг эътиборини тортди.

Сирдарё рақамларда
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш